«Ҳақ олинур, берилмайдур!» — Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигига бағишланган хотира кечаси бўлиб ўтди
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида жадидчилик ҳаракатининг асосчиси, маърифатпарвар адиб ва драматург Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигига бағишланган адабий-маърифий хотира кечаси ўтказилди.

Тадбир «Ҳақ олинур, берилмайдур!»” номли ҳужжатли фильмнинг парчалари намойиши билан бошланди. Шундан сўнг олимлар Нурбой Жабборов ва Эргаш Даминов ҳамда адибнинг эвараси Шоҳрух Беҳбудий сўзга чиқиб, Беҳбудийнинг ҳаёти, маърифий қарашлари ва бой ижодий мероси ҳақида маърузалар қилишди.

Шунингдек, ТУРКСОЙ бош котиби Султон Раев, Озарбойжон Фанлар академияси профессори Яшар Қосимбейли ва Анкара Ҳожи Байрам Вали университети профессори Вели Саваш Елокнинг тадбир иштирокчиларига йўллаган видеотабриклари намойиш этилди.

Тадбир давомида давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 22 ноябрдаги ПҚ-399-сон қарорига мувофиқ Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги мукофот таъсис этилгани таъкидланди. Ушбу мукофот 2026 йилдан бошлаб ҳар икки йилда, 27 март — Халқаро театр куни муносабати билан фидойи драматургларга топширилиши белгиланган.

Бундан ташқари, шу йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида Беҳбудий ижодига оид икки жилдлик «Танланган асарлар» қайта нашр қилингани ҳам тилга олинди. Шу билан бирга, Туркияда адибнинг бир қатор асарлари турк тилига таржима қилиниб, алоҳида жилд ҳолида чоп этилган.

Тадбир доирасида тадқиқотчи Ҳалим Саидовнинг «Туркистон даҳоси» номли янги китоби ҳам Ёзувчилар уюшмаси ташаббуси билан жамоатчиликка тақдим этилди.

Беҳбудий меросининг аҳамияти
Маърифатпарвар адиб Маҳмудхўжа Беҳбудий ўзбек жадидчилиги пойдеворини яратган, миллатнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ва маърифий уйғониш ғояларини тарғиб қилиш йўлида умрини бағишлаган сиймо сифатида эътироф этилади. Унинг «Миллатни қутқарувчи ягона куч — илм ва маърифатдир» деган машҳур ғояси бугун ҳам долзарблигини йўқотмаган.

Янги мактаблар ташкил этиш, замонавий таълим дастурларини жорий этиш, халқнинг сиёсий ва ижтимоий онгини уйғотишга қаратилган фаолияти, шунингдек, «Ойина» журнали ва драматик асарлари ўз даври учун ҳақиқий маънавий уйғониш мактаби бўлиб хизмат қилган.

Хотира кечаси Беҳбудий меросини кенг тарғиб қилиш, маърифат ва маънавиятни мустаҳкамлашга қаратилган эзгу ташаббусларни янада кучайтиришга хизмат қилди.
Машҳура Алимардон, «Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Хонанда Раҳматилло Юсупов 44 ёшда вафот этди
- Сизни ажаблантирадиган анъаналар. Дунё бўйлаб янги йил қандай нишонланади?
- Ўзбекистон Президенти ва халқига Янги йил байрами муносабати билан самимий қутловлар келмоқда
- Хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан Янги йилдан кейин амалда бўладиган қиймати эълон қилинди
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табриги
- Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентдаги “Шарқ баҳори” турар жой мажмуасининг қурилиш майдонига ташриф буюрди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг