Ҳамжиҳатликда ҳикмат кўп
Меҳнат фахрийси Ўктам Равшанов билан суҳбатлашган киши қаршисида маҳалла фаоли турганини дарҳол ҳис этади. Хусусан, маърака-мавридда юртимиздаги ўзгаришлардан сўз кетса ҳаёт аччиқ-чучугини тотган бу инсоннинг қулфи дили очилади.
– Шукр, қайга қараманг бир ўзгаришни кўрасиз – дейди у. – Мана, Ғовшунимизни олиб кўринг. Маҳалламиздаги Олимпия ва миллий спорт турларига ихтисослашган мактаб – интернат биноси 9 миллиард сўмдан зиёд маблағ эвазига янгидан қурилди. Яқинда невараларимиз ўқиётган 49 – мактабдаги шарт-шароитларни кўриб шунақанги ҳавасим келдики асти қўяверасиз. Бу ерда 330 ўринга мўлжалланган қўшимча ўқув биноси барпо этилиб фойдаланишга топширилди. Оилавий поликлиника янгитдан қурилаётганини айтмайсизми?
– Ҳамма гап ҳамжиҳатликда, – дейди бунга жавобан яна бир суҳбатдошимиз, Ғиждувон туманидаги “Ғовшун” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳамза Ҳафизов. – Биз Икром Шаропов, Саида Каримова, Сувон Аҳмедов, Бахтиёр Ҳамроев сингари фаол нуронийларимиз билан ҳамкорликда ишлаяпмиз. Улар ҳар бири зиммасига бештадан эҳтиёжманд оилани қўллаб-қувватлаш, бу хонадонларнинг камбағалликдан халос бўлишига кўмаклашиш вазифаси юкланган. Баҳамжиҳат, маслаҳатлашиб ишлашимиз ўз самарасини бераяпти.Бундан икки – уч йилча муқаддам ҳудудимизда юздан зиёд камбағал оила бор эди. “Ҳайт” деган туяга мадад, деганларидай,шу йилнинг февралига келиб улар сони 30 тага тушди.
Раиснинг бу ҳақда сўз очиши бежиз эмас. Мазкур гўша тумандаги Бештова, Қумоқ, Сармижон маҳаллалари қатори ижтимоий “оғир” маҳалла сифатида танлаб олинди. Маҳаллага “Янги Ўзбекистон” қиёфасини олиб кириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Манзилли дастурга мувофиқ, бу ерда чорвачилик, иссиқхона, маиший ва умумий овқатланиш йўналишларида 26 та лойиҳа амалга оширилади. 100 га яқин янги иш ўрни яратилади. Ижтимоий инфратузилма яхшиланади. Жумладан, 4 километр узунликдаги электр энергияси тармоғи таъмирланиб, 200 та симёғоч, 2 та янги трансформатор ўрнатилади. 2,5 километр масофадаги ички йўл асфальт қилинади. Ариқлар бетонлаштирилади. Маҳаллий тадбиркорлар томонидан нон ва турли пишириқлар, тикувчилик маҳсулотлари, тоза ичимлик суви ишлаб чиқариш кўзда тутилган бизнес лойиҳалар амалга оширилади. Табиийки, қўшимча иш ўринлари яратилади. Шунинг ортидан яна кўплаб оилаларнинг қозони қайнайди.
– Яхши ният, эзгу мақсадлар билан яшашга нима етсин? – дейди меҳнат фахрийси Икром Шаропов. – Ғовшунни барча кўрса ҳавас қилгулик гўшага айланиши биз учун бир ширин орзу эди. Ниятлар ушалмоқда. Маҳалламизга чинакамига “Янги Ўзбекистон” қиёфаси, руҳи кириб келаяпти. Бундан хурсандмиз, албатта.
Истам ИБРОҲИМОВ
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Ўзликни англаш сари муҳим қадам: «Миллий қадриятлар атласи» китоб-альбоми тақдимот қилинди (+видео)
- Миллий нақшларда ўзлигимиз намоён
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг