ҲАМАС АҚШ ва шахсан президент Жо Байденни Ғазо секторидаги оммавий қотилликларда айблади
Фото: Reuters
Ғазо секторидаги оммавий қотилликлар учун АҚШ ва шахсан президент Жо Байден айбдор, деди ҲАМАС етакчиларидан бири Усама Ҳамдан.
Шу ўринда Ҳамдан Фаластин халқига қарши тажовузни тўхтатиш учун Вашингтонга босим ўтказишга чақирди.
Унинг сўзларига кўра, Исроил жами 105 та тиббиёт муассасасига ҳужум қилган ва бешта касалхонани ишдан чиқарган. Шу сабабли маҳаллий клиникалар кўп сонли ярадорларга дош бера олмаяпти.
Бундан ташқари, ҳаракат вакили Исроилни Ғазо секторидан хорижликларни эвакуация қилиш бўйича келишувни бузганликда айблади. У “Рафаҳ” ўтиш жойини очишга чақирди. Шунингдек, Халқаро Қизил Хоч қўмитаси ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидан ўз ходимларини ярадор фаластинликларни олиб кетаётган тез ёрдам бригадаларига ҳамроҳ бўлишини сўради.
Бунгача Ҳамдан араб ва мусулмон давлатларининг Ғазо секторидаги вазият бўйича расмий позицияларини заиф, деганди.
“Араб ва мусулмон давлатларининг расмий позициялари заиф, улар Ғазода ишғол (Исроил — таҳр.) келтириб чиқараётган қирғинлар кўламига етиб бормаяпти”, деди араб телеканаллари орқали чиқиш қилган Ҳамдан.
Ғазо секторидаги қарама-қаршилик шу йилнинг 7 октябрь куни бошланди. Шу куни эрталаб ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақса тўфони” деб номланган ҳарбий операция бошлади ва ҳаводан зарбалар берди. Минглаб жангарилар яҳудийлар давлати ҳудудига бостириб кириб, ўнлаб ҳарбий техника ва юздан ортиқ инсонни гаровга олди.
Шундан сўнг Исроил Бош вазири Бинямин Нетаньяху мамлакат уруш ҳолатида эканлигини эълон қилди. Мамлакат мудофаа кучларининг жавоб операцияси “Темир қиличлар” деб аталди ва унинг мақсадларидан бири ҲАМАСни йўқ қилиш ҳисобланади.
2023 йил 28 октябрда Исроил Ғазода қуруқликдаги операцияни бошлади. Яқин Шарқда навбатдаги эскалация бошланганидан бери Ғазо секторида ҳалок бўлганларнинг умумий сони 9227 нафарга етди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг