Ҳайдовчида маданият нима қилсин?..

11:20 21 Январь 2021 Жамият
1848 0

Бундан етти-саккиз йилча муқаддам аҳолига транспорт хизмати кўрсатишнинг долзарб вазифалари хусусида мақола ёзишга киришдим. Шу соҳага алоқадор идоранинг «каттаси» билан суҳбат давомида ҳайдовчи маданиятига оид савол бердим. Шунда унинг жавоби мени ҳайратга солди. Боиси, у кўзимга ҳайроооооон бўлиб тикилдида: «Ука, ҳайдовчида маданият нима қилсин! Маданият ашулачида бўлади» деди. Минглаб ҳайдовчиларнинг етакчиси шу гапни айтиб турган бир пайтда ҳайдовчидан нимани кутиш мумкин, дея ҳафласам пир бўлди...

Бугун ўнта автомашинадан олтитаси аҳолига транспорт хизмати кўрсатади, деса ишонаверинг. Кимдир рўйхатдан ўтиб, кимдир ўзича... Ҳатто шахсий автомашинасида ишга бориб-келувчилар ҳам йўл-йўлакай йўловчи олиб кетишни одат қилганлар. Ҳар тугул бензин пули чиқиб қолар, деб... Демак, шу ўнта машинадан камида саккизтасини аҳолига хизмат кўрсатяпти, десак ҳам бўлаверади. Ана энди, мана шундай катта гуруҳга маданият нечоғли кераклигини бир ўйлаб кўрайлик.

Водий вилоятларида «Дамас» автомашинаси роса урф бўлди. Кўчага чиқсангиз ҳисоб, оёғингиз остида «лип» этиб битта «Дамас» турган бўлади. Бир пайтлар автобуснинг орқа эшигидан аранг илашиб қолган даврларимизни эсласам, бундай шароитдан дилим яйрайди. Йўловчи ҳам анойи эмас, энди чертиб-чертиб ўтиради машинага. Борда! Мен ҳам «Дамас»га чиқишим керак бўлиб қолди. Ёз кунлари эмасми, ҳаво иссиқ. Машинанинг олди ўриндиғига, ҳайдовчининг ёнига ўтирдим. Ҳайдовчига салом берай деб, шундоқ қараганимни биламан, соқоли бир тутам, эгнига майка-шортик кийиб олган йигитга кўзим тушди. Мени ҳайратга солгани бу йигитча ухлаётганда ҳам бундай очиқ-сочиқ ётмаса керак. Тиззаси баравар шортикнинг почасини шимариб олганига куяйми! Салон ичида эса асосан қизлар ва аёллар бор эди. Йигитни бу аҳволда кўрган бўй етган қизлар ўзини қандай ҳис этди экан, ҳайронман.

Бир куни такси ёлладим. Бир бекатча юрганимиздан кейин у индамай иккинчи йўловчини олди. Шошиб турганим учун ғашлигим келдию, лекин индамадим. Маълум масофа юргач, учинчи йўловчини олди. Шунда сўрадим: «Бу йўналишдаги таксими? Мен шошилганим учун буюртма асосида чақиртиргандим сизни?». Ҳайдовчи эса бамайлихотир жавоб берди: «Обориб қўйсам бўлдими, ака?» Ўзингиз биласиз, буюртма такси манзилга қараб нарх белгилайди. Йўналишдаги таксида эса чиқиб-тушганингиз ҳисоб. Мен ҳам манзилга етгач, йўналишдаги таксининг нархида тўладим. Шунда ҳайдовчининг фиғони кўкни тутса бўладими!

Яқинда бўлган воқеа! Эрталабда ишга шошаётгандим. Қаршимда кетаётган йўналиш бўйлаб ҳаракатланаётган «Дамас» автомашинаси аста секинлаб, ҳайдовчи ойнадан бошини чиқариб, ёнида кетаётган машина ҳайдовчиси билан суҳбатлашиб қолди. Иккала машина салони йўловчилар билан банд. Уларнинг оғзидан чиққан гапнинг эса на мазаси бор, на матрасаси. Эрталабда ҳамма ишга шошаётган бир пайтда иккала машинанинг тезлиги соатига 20 км. тезликка тушиб қолдиёв... Бу орада йўлдаги автомашиналар кетма-кетлиги турнақаторга айланди. Иккала ҳайдовчининг эса парвойи фалак...

Бугунги кунда ҳайдовчилар орасида энг кўп урфга айланган одатлардан бири светафорнинг яшил чироғи ёниш арафасида сигнал чалишларидир. Автомашина рулига ўтирган киши борки, ақлан соғлом, камолга етган бўлади. Шунга яраша ҳаракатда бўлмоқ инсонийлик фазилати ҳисобланади. Афсуски, буни ҳамма ҳайдовчилар ҳам тушунмайди. Яшил чироқ ёнса шундоқ ҳам юради шу машина, ҳар тугул ҳайдовчи ухлаб ётгани йўқ бу ерда, дейдиган одам топилмайди шу кезда.

Буларни нега ёзяпман? Ҳамма гап шундаки, аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш сифатини ошириш ҳайдовчилар маданиятини шакллантиришдан бошланади. Автомашина рулига ўтирган киши эрталабда соқолини олиб, сочини тартибга келтириб, эгнига жамоат жойида кийиш мумкин бўлган кийимларни кийиб, йўловчиларга хушмуомалада бўлиши унинг маданиятидан далолатдир. Маданият қаердан пайдо бўлади? Маънавият оқсаган жойда маданият қоқилаверади. Инсон зоти ким бўлишидан қатъий назар, ўз соҳасига оид адабиётларни, қўлланмаларни, ҳеч бўлмаганда икки сатр қораламаларни ўқимас экан, билим олмас экан, унинг маънавияти қашшоқлашиб бораверади. Маъанавиятсиз одам эса инсон шаклидаги мавжудотга айланади.

Энди айтинг-чи, ҳайдовчига маданият керакми?

Саминжон ҲУСАНОВ,

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер