«Гулшан»нинг мазали қулупнайлари

17:39 07 Февраль 2025 Жамият
298 0

Рустам НУРМАТОВ/«Халқ сўзи». Ижарага ер олиб деҳқончилик қилган Аброр ҳар доим ҳам экиндан яхши даромад тополмасди. Табиат инжиқликлари, сув ва бошқа омиллар сабаб етиштирилган ҳосил бири ўхшаса, бири...

Аброрнинг оиласи, рўзғорини бутлаш учун нима қилсам, деб боши қотиб юрганда, маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчисининг маслаҳати билан «ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида «Микрокредит» банкнинг туман филиалидан 33 миллион сўмлик имтиёзли кредит олди. Томорқасида уч сотихли иссиқхона барпо этган Аброр Ширинбоев унга Жанубий Корея нави саналган «Солҳян» қулупнайидан 3700 туп экди. Ўтган йилнинг августида гидропоника усулида экилган резавор ноябрга келиб пишиб етилди. Бу навнинг маҳаллий навлардан афзаллиги қаров яхши бўлса, йил ўн икки ой қулупнайдан ҳосил олиш мумкин. Иссиқхонанинг юза қисмида бир вақтда беш-олти турдаги кўкатлар ҳамда захира учун қулупнай кўчатлари ҳам парвариш қилинмоқда.

— Баҳорда қисқа муддатда етиштирилувчи маҳаллий қулупнай навларига шакар қўшиб истеъмол қилишга ўрганганмиз, — дейди тадбиркор Аброр Ширинбоев. — Бу корейс нав меваси йириклиги, бўлиқлиги, ширинлиги сабаб шакарсиз истеъмол қилса бўлади.

Дарҳақиқат, экспортбоп нав саналган солҳян қулупнайи Жануби-шарқий Осиё давлатларида анча машҳур. Бу навнинг ўзига хослиги қулупнай декабрдан майгача мева тугади. Жаҳон бозорида нархи юқори. Оппоқ, майда гулловчи бу нав гўёки гулга ўхшайди. «Солҳян» сўзи корейс тилидан ўзбек тилига таржима қилинганда «Қишки лаззат» маъносини беради.

Дастлабки йилларда ёш ниҳоллар мевасидан ҳафтасига ўн килодан ҳосил йиғиштириб олинса, вақт ўтган сари экиннинг ҳосил чўғи юқорилаб бораверади. Яна бир бу қулупнайнинг ўзига хос жиҳати, ҳар бир тупда ҳам мева, ҳам гуллар ривожланиб, худди бодринг етиштириш усулига ўхшаб ҳосил пешма-пеш йиғиб олинади.

— Иссиқхонадаги экин учун энг асосийси, ёруғлик, иссиқлик, ҳарорат, сув, ўғит, дориси ва албатта, меҳр керак, — дейди хонадон соҳибаси Ҳафизахон Ширинбоева. — Худога шукр, меҳнатимиз роҳатини кўряпмиз.

Бугун оилавий тадбиркор Аброржонга укаси Азамат, келини Мастура, фарзандлари Нодирбек ва Нигинабонулар ҳам ҳар жабҳада камарбаста бўлмоқда. Ўтган куни галдаги териб олинган қулупнайнинг ҳар килосини тадбиркор 170 минг сўмдан улгуржи нархда буюртмачиларга сотди. У томорқага экспортбоп қора ва қизил ҳусайни узум навларидан экди. Учта сигир, паррандалар ҳам парвариш қилаётган тадбиркор Аброр Ширинбоев бугун ўзини ва яқинларининг бандлигини таъминлаб, икки оилани рўзғорига барака киритаётганидан мамнун. Бугун хонадонига тадбиркорлик қилиш ниятида маслаҳат сўраб келаётган ҳамқишлоқлари сони кўпайди.

— Ўтган йили 39 нафар фуқарога имтиёзли кредит ажратиб, тадбиркорлик бўйича бандлигини таъминладик, — дейди «Гулшан» МФЙ ҳоким ёрдамчиси Дилшод Бозорбоев. — 15 нафар аёлларга субсидия асосида тикув машинаси берилди. 9 нафар ишсиз фуқаро касб-ҳунарга ўқитилди.

Чорвачилик, деҳқончилик маҳалланинг асосий драйвери ҳисобланади. Маҳаллада ишсизлар сонини қисқартириш, ердан, томорқадан унумли фойдаланиш ва даромад олиш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қатор янги лойиҳа ва «Сайҳунобод», «Уйчи», «Ғиждувон», «Зарбдор» тажрибалари ҳудудда оммалаштирилмоқда.

Шу маҳалладаги Асъҳад ва Гулноза Имангуловларнинг томорқасида бўш жойнинг ўзи қолмаган. Имтиёзли кредит ҳисобидан 2,5 сотих иссиқхонада лимоннинг «Меер» нави етиштирилмоқда.

— Лимон ёруғлик ва доимий намликни талаб қилувчи, қуруқ ҳавони ёқтирмайдиган цитрус мева, — дейди хонадон бекаси Гулнозахон Имангулова. — У кўп йиллик ўсимлик бўлиб, 45 йилгача умр кўради. Бир туп лимон 30 донадан 200 донагача мева беради. Бу навдан 22 туп экканмиз. Бу йил 600 кило ҳосил олдик. Килосини 18000 сўмдан буюртмачиларга сотдик. Қўшимчасига тувакда лимон кўчатларини кўкартириб, захира ҳозирлаб қўйибмиз.

Оилавий тадбиркорлар боғдорчиликдан ҳам яхшигина даромад топмоқда. Боғга ўн турдан ортиқ 200 тупга яқин мевали дарахтлар экилган. Шунингдек, голубика, резавор, кўкат ва зираворлар ҳам томорқада бор. Имангуловлар оилавий тадбиркорлик ортидан «Некция-1» машинаси сотиб олишди. 30 та қўй, 2 та сигир, паррандаларни ҳам парвариш қилмоқда. Ҳайитбой, Моҳинур, Альбина бу борада ота-онасига энг яқин кўмакчи.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?