Гуллар шаҳрида асал фестивали бошланди
Қудратилла Нажмиддинов / “Халқ сўзи”. Наманган яна бир халқаро нуфузли анжуман – халқаро асал фестивалига мезбонлик қилмоқда. Бугун Давлатобод туманидаги “Афсоналар водийси” тематик паркида учинчи бор ташкил этилаётган байрам старт олди. Маданият ва истироҳат боғига 250 дан зиёд маҳаллий ва хорижий асал етиштирувчи тадбиркорлар ўзининг табиий маҳсулоти билан жамланган. Улар орасида ҳамюртларимиздан ташқари қўшни Қирғизистон, Қозоғистон республикалари, Россия Федерациясидан келган соҳа вакиллари бор.
Асаларичиликни йирик миқёсда байрам қилиш учун айнан, Наманганнинг танлангани бежиз эмас. Бу ерда шифобаҳш неъматни етиштириш, қайта ишлаш ва истеъмол бозорига чиқариш борасида бой тажриба тўпланган. Мамлакатимиз бўйича экспортга чиқариладиган асалари пакетларининг 58,5 фоизи ушбу ҳудуд ҳиссасига тўғри келади. Жорий йилнинг ўзида мамлакатимиз бўйича 171 минг дона асалари пакетлари экспорт қилинган бўлса, унинг 100 минг донадан кўпроғини наманганликлар ташқи бозорга чиқаришган. Биргина, Қозоғистоннинг ўзига юборилган асалари оиласи 17280 тани ташкил этди. Бундан ташқари вилоят бўйича 4200 тонна асал етиштирилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 12 фоиз ўсишга эришилди.
- Юртимиз географик жойлашув жиҳатидан асаларичилик соҳасини ривожлантиришнинг қулай иқлим ва шарт-шароитларига эга, -дейди Наманган вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Нуриддинов. - Юртимизда парвариш қилинаётган асалари оилалари бир йилнинг ўзида икки баҳорни қарши олади, яъни февраль ойида республикамизнинг жанубий ҳудудларида асалариларнинг уйғониш даври ўтса, апрелга келиб асалари оилалари водий вилоятларига кўчириб келинади. Учинчи баҳорни Россия Федерацияси, Қозоғистон ҳудудларида қарши олади. Мазкур схема асосида ҳар бир асалари оиласидан йилига 100 килограммгача маҳсулот олиш мумкин.
Маҳаллий асаларичилар жойларда навбатма-навбат келадиган уч баҳор имкониятларидан фойдаланиб, соҳани жадал ривожлантирмоқдалар.
Катта майдондаги байрам кўргазмасида маҳаллий асаларичилар намойишга қўйган маҳсулотлар турининг кўплиги, таъми билан эътиборни тортади. Меҳмонлар улар билан танишиш жараёнида хушбўй неъматдан тотиб кўриб, ўз баҳоларини беришлари мумкин. Кўпчилик оғзига ёққан болни оиласи учун ҳарид қилмоқда.
Ташкилотчиларнингш айтишига қараганда, уч кун давом этадиган фестивалга ҳамюртларимиздан ташқари 2,5 мингга яқин ҳорижий сайёҳлар ҳам келиши кутилмоқда. Барча даражадаги томошабинларнинг ташрифи мазмунли ўтиши учун ранг-баранг тадбирларга бой байрам мундарижаси ишлаб чиқилган. Асаларичилар кўргазмаларидан ташқари “Ўзбек палови маданияти” ошпазлар чемпионати ташкил этилади. “Ўзбекистонда асаларичиликнинг ҳозирги ахволи ва уни ривожлантириш истиқболлари” мавзуидаги илмий-амалий анжуманга маҳаллий асаларичилар билан бирга хорижий экспертларни ҳам қамраб олиш кўзда тутилган. В2В форматидаги бизнес учрашувларда эса ўзаро тажриба алмашилиб, истиқболли келишувлар имзоланади. Маданий кўнгилочар дастурлар тўпламидан миллий либослар кўргазмаси, оммавий ўйинлар, аския кечаси, таниқли хонанда ва эстрада ижрочиларининг чиқишлари ўрин олган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг