Гўшт нархи ошишига ягона сабаб борми?

13:35 05 Ноябрь 2020 Иқтисодиёт
1572 0

Мавзу кундан кунга сийқаси чиқиб, ҳар бир давранинг муҳокама марказидан ўрин олиб улгурган ва ҳар ким ўз билганича фикр қилган бир пайтда яна шу мавзу бўйича мулоҳаза юритишга зарурият туғилди. Бунга эса, гўшт нархининг нега ошаётганлигини тушунтиришни талаб этиб, асосли жавоблар олингандан кейин шу жавобни яна муҳокама ва айрим ҳолларда, ўйлаб ҳам кўрмасдан «масхара» қилишлари сабаб бўлди.

 Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан гўшт нархининг ошиши хусусида сўз юритилиб, ўтган йилга нисбатан ошишига учта сабаб келтирилган. Биринчиси, қўшни Қозоғистондан чорва молларининг олиб келиниши (импорти) ўтган йилнинг январь-август ойларига нисбатан кескин камайиб кетганлиги, яъни, 2020 йилнинг ўтган саккиз ойида жами 37,5 минг бош катта-кичик чорва моллари харид қилинган бўлса, 2019 йилнинг январь-август ойларида 404 минг бош чорва моллари харид қилинган. Вазирлик томонидан, айнан мана шу рақамлар ҳам ўтган йилга нисбатан гўшт нархининг ошишига маълум бир миқдорда сабаб бўлувчи омил сифатида қаралган. Дарҳақиқат, бир мамлакатдан чорва моллари харидининг 1-2 эмас 10 баробардан кўпроқ қисқариши гўшт нархининг ошишига таъсири борлиги табиий ҳол.

Вазирлик томонидан гўшт нархининг ошишига яна бир омил сифатида мавсум билан боғлиқ ем-хашак нархининг ошиши келтирилган. Албатта бу ҳам гўшт нархининг ошишига омил бўлишини тушуниш қийин эмас. Аммо, бу сабаб ҳам муҳокама марказидан жой олган. Учинчи омил эса, пандемия даврида гўшт маҳсулотларига бўлган талабнинг ортиши билан боғлиқлиги билан изоҳланган .   

Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларда олдинги йилларда гўшт нархи туширилиши ваъда қилинганлигини ҳам эътироф этиб ўтишган. Бироқ, яна бир бор бозор қонуниятларига назар соладиган бўлсак, давлат бош ислоҳотчи сифатида нарх-навонинг барқарор бўлишига ўз муносабатини билдириши керакдир, лекин бу каби масалаларни маъмурий йўллар билан ечиб бўлмайди. Турли маъмурий йўлларни қўллаш оқибатида бозорда тескари таъсир пайдо бўлиши мумкин.

Мазкур масала юзасидан ҳам оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда бир қанча асосли фикрлар айтилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси айнан, нархнинг маъмурий йўллар билан туширилиши хато эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Бундай йўллар билан гўшт нархининг туширилиши қисқа муддат нархда пасайиш кузатилиши билан кейин кескин ўсишига олиб келишини таъкидлади. 

kun.uz сайтида ҳам гўшт нархининг сунъий йўллар билан туширишнинг салбий оқибатлари хусусида асосли фикрлар келтириб ўтилди. Яъни, ҳукумат томонидан гўшт нархининг белгилаб берилиши вақтинчалик сотиб олувчиларни қувонтирса-да, узоққа бормасдан сифат тушиши, суякли гўштлар пайдо бўлиши, гўшт сотувчиларнинг камайиши ва бошқа салбий оқибатларга олиб келиши кўп бора исботлангани келтирилган.

Бугунги кунда нархнинг ошишини муҳокама қилиш, унга айбдорни топиш осонга ўхшаб кўринади, аммо, тўлиқ таҳлил қилиб масаланинг ечимига қаратилган асосли таклифлар бериш анча мушкул масала. Мисол учун бозордаги гўшт сотувчидан гўшт нега қиммат деб сўрасангиз, қассобларни кўрсатади, қассобдан сўрасангиз мол сотувчини, мол сотувчидан сўрасангиз эса, ем-хашак етиштирувчини, ем-хашак етиштирувчи уни етиштириш билан боғлиқ жараённинг узоқлиги ва етиштириш харажатларининг катталиги (ер ижараси, уруғлик, ерни ишлаш, экиш, етиштириш, йиғиб олиш...) каби асосларни келтирадики, беихтиёр нархнинг табиий шаклланаётганлигига ишонишга мажбур бўласиз. 

Республикамизда гўшт маҳсулотларини етиштириш ва сотиш жараёни ҳам бозор қонуниятлари асосида шаклланишини ҳисобга олсак, ижтимоий тармоқларда келтириб ўтилгани сингари, гўшт нархини сунъий оширишга имкон йўқлигини тушуниб етиш мумкин. Чунки бозорлардаги гўшт маҳсулотлари асосан, аҳоли томонидан етиштирилади. Бу эса, уларни ягона монополь томонидан бошқарилиши имконсиз эканлигини кўрсатади.

Бундан ташқари гўшт нархининг ошишига сабаблардан бири импорт жараёнида унга қўйилган юқори солиқлар эканлигини келтириб ўтишмоқда, аммо, ўтган йили ва жорий йилни таққослаганда, масала солиқда эмас, импорт қилинган чорва моллари сони билан боғлиқ эканлиги аён.

Ёшлигимизда маҳаллада сигирсиз хонадон камдан кам бўлар, кўчамиздаги деярли ҳар бир хонадонда чорва моллари боқиларди. Бугун эса, мана шу манзара бир оз ўзгарган. Сигирли хонадонлар анчагина камайган. Сабабини сўрасангиз, сигир боқиш қимматга тушишини, харажатни қопламаслигини айтишади.

Хуллас, хориждан олиб келинаётган чорва молларининг камайганлиги, ем-хашак нархининг ошганлиги, ҳар йили чет элга турли сабабларга кўра чиқаётган аҳолимиз пандемия туфайли четга чиқиш имконияти йўқлиги туфайли олдинги йилларга нисбатан жорий истеъмолнинг ошганлиги, аҳоли томонидан чорва молларини боқиш фойда келтирмаслиги важида уларни боқмаслиги, пандемия даврида гўшт истеъмолига бўлган талабнинг ошганлиги ва бошқа шунга ўхшаш сабаблар гўшт қимматлашишига сабаб бўлмаса, унда қани ўша гўшт нархининг ошига ягона сабаб....

 Фикримизча, биз юқорида келтириб ўтган ва бугунги кунда мутахассислар томонидан келтирилаётган бошқа бир қанча омилларнинг гўшт нархининг ошишига қисман таъсири мавжуд. Ягона сабабни топиш имконсиз. Шу боис, ҳар бир сабабни ўз билганимизча нотўғрига чиқаришимиз тўғри эмас.

Комил Ҳотамов,
иқтисод фанлари доктори, профессор

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер