ГМО – фойдалими ёки зарарли?

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласи мамлакатимиз раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратилаётган йўналишлардан биридир.
Президентимиз шу йил 30 июль куни мева-сабзавот ва озиқ-овқат экспортини кўпайтириш масалалари, 31 июль куни эса қишлоқ хўжалигида космик маълумотлардан фойдаланиш ва рақамлаштириш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш ўтказди. Уларда мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш, ердан унумли фойдаланиш, самарадорликни ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Барчамиз яхши биламиз, мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги салоҳияти юқори. Серқуёш заминимиз табиий иқлим шароитида мазали, ширин-шакар ва тўйимли мева-сабзавот ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш имконини беради. Жаҳон бозорида эса Ўзбекистоннинг маҳсулотларига талаб катта. Мамлакатимизнинг БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Кенгаши аъзолигига сайлангани ҳам бежиз эмас. Бу – миллий ва минтақавий ташаббусларни илгари суриш, янги лойиҳаларга маблағ жалб қилиш учун катта имконият.
Ана шу шароитда фермер ва деҳқонларимиз ўзлари етиштираётган маҳсулотларнинг табиий таъмини сақлаб қолиши, кимёвий ўғитлардан меъёрдан ортиқ даражада фойдаланмаслиги, генини ўзгартирмаслиги долзарб масалалардан бирига айланмоқда.
Бинобарин, глобаллашув жараёнининг таъсирини бугун барча соҳада кўриш мумкин. Хусусан, қишлоқ хўжалиги йўналишида бутун дунё бўйлаб тажрибалар алмашинуви кечмоқда. Илгари кўз кўриб, қулоқ эшитмаган турли-туман меваю сабзавотлар экин майдонларимизнинг кўркига кўрк қўшаётир. Дунёнинг нариги чеккасида етиштирилаётган нозу неъматлар ҳам бозор ва савдо дўконларимизни тўлдириб турибди. Ҳар қандай фаслда ҳам кўнгил тусаган мевани топиш мумкин.
Бу бир томондан тўкисликка сабаб бўлса-да, аммо юртдошларимизни ўйлантирган жиҳатлари ҳам йўқ эмас. Чунки яримфабрикатлар, сунъий озуқалар, таъм берувчилар ва гени ўзгартирилган, яъни қисқартма тарзда ГМО (гени модификацияланган организм) деб аталадиган маҳсулотлар истеъмоли оммалашиб кетмоқда.
Ҳозирда истеъмол қилинаётган кўпгина егуликлар ГМО маҳсулотлар қаторига кириши бугун ҳеч кимга сир эмас. Кимдир бундай озиқ-овқатларни зарарли деб ҳисобласа, ким учундир расталардаги энг чиройли, энг қимматбаҳо ана шу нозу неъматларни дастурхонида кўриш завқли. Албатта, ҳар ким ўз дунёқараши, ўз танловлари асосида яшайди. Бироқ ўртага саломатлик, соғлом авлодлар бардавомлиги масаласи чиқар экан, бу борада етти ўлчаб, бир кесиш мақсадга мувофиқ.
ГМО нима ўзи?
Ген муҳандислигининг илк намунаси бўлган дастлабки трансген маҳсулотлар ўтган асрнинг 80-йилларида АҚШда етиштирилган. Ҳисоб-китобларга кўра, ҳозирги кунда бутун жаҳонда 100 дан ортиқ генетик модификацияланган ўсимликлар, ўнлаб ҳайвон ва парранда турлари парваришланяпти. ГМО маҳсулотлари етиштириладиган экин майдонлари дунё миқёсида 1996 йили 1,7 млн. гектарни ташкил қилган бўлса, 2020 йили 190 млн. гектар ерни қоплаган. Кўринадики, рақамлардаги ўсиш ниҳоятда катта. Модомики, бу турдаги маҳсулотлар, хоҳласак-хоҳламасак, ҳаётимизга кириб бораётган экан, унда ГМО маҳсулотлар ўзи нима эканини билиб қўйишимиз керак.
Маълумки, озиқ-овқат маҳсулотларига ҳамиша ва ҳар ерда талаб юқори. Деҳқон ёки сотувчи иложи борича кўпроқ маҳсулот етиштириш, бозорга чиқариш, экспорт қилиш, кўпроқ даромад олишга интилади. Аммо мева ва сабзавот каби маҳсулотларни етиштириш, улар сифатини бузмасдан харидорларга етказиш осон эмас.
Лондонда жойлашган “Institution of Mechanical Engineers” (IME) ўтказган тадқиқотларга кўра, Ер юзида йилига 4 млрд. тонна озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Уларнинг аксарияти турли қишлоқ хўжалиги экинларидан олинади. Қишлоқ хўжалигида етиштириладиган ҳосилнинг деярли 30 – 50 фоизи (1,2-2 млрд. тонна) турли сабабларга кўра нобуд бўлади. Жумладан, БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти таҳлилчиларининг маълумотларига биноан Ер юзида етиштириладиган донли экинларнинг 5 фоизга яқин қисми турли зараркунандалар сабаб бой берилади.
Шунингдек, тайёр маҳсулотлар ҳам муайян муддатда харидорларга етказиб берилмаса, айниши, истеъмолга яроқсиз ҳолатга келиб қолиши бор гап. Соҳа олимлари бу каби муаммоларни ҳал қилиш устида иш олиб бориб, ГМО маҳсулотларни етиштиришга муваффақ бўлди. Биолог, эколог, селекционер ва генетик мутахассислар турли бегона ўтларга, зараркунандаларга, кимёвий моддалар, қурғоқчилик, совуқ ва бошқа чекловчи омилларга бардошли ўсимлик навлари ва ҳайвон зотларини яратиш, табиий селекция йўли билан имкони бўлмаган ҳолларда уларнинг генларини модификация қилиш орқали яратишни мазкур муаммонинг ечими сифатида кўрди. Натижада нисбатан арзон, сақлашга қулай, ҳосилдорлиги юқори озиқ-овқат маҳсулотлари дунё бўйлаб тарқалишда давом этмоқда.
ГМОга илмий тарзда шундай таъриф берилади: “Генетик модификацияланган организм (ГМО) – ирсият муҳандислиги усули билан генотипи сунъий ўзгартирилган организм. Бу таърифни ўсимлик, ҳайвон ва микроорганизмларга нисбатан қўллаш мумкин. Қоидага биноан, генетик ўзгартириш илмий ва хўжалик мақсадларида қўлланади. Генетик модификация табиий ва сунъий мутациялашиш жараёнидан аниқ бир мақсадга йўналтирилгани билан фарқ қилади”.
Демак, бу организмлар ўсимлик, жонивор ёки бирор микроорганизм ДНКсига бошқа ўсимлик, жонивор ёки микроорганизм генини “кўчириб ўрнатиш”, “пайвандлаш” йўли орқали ҳосил қилинади. Энди бу маҳсулот трансген товарга айланади, чунки унда бир эмас, бир нечта генлар ўзаро чатишган.
Айтайлик, совуқ иқлимга мослашмаган бирор мевани шундай иқлимли ўлкаларда етиштириш учун ген муҳандислари бу ўсимлик гени устида ишлайди. Совуққа чидамли бирор бошқа ўсимлик ё бўлмаса жонивор гени билан чатиштириш орқали мавжуд меванинг янги навини вужудга келтиришади. Бу нав энди ўзининг илгариги табиатидан узоқлашиб, совуқ урмайдиган, паст ҳароратда ҳам ҳосил бера оладиган хусусиятга эга бўлади. Ёки зараркунандаларга қарши курашиш мақсадида ҳам шу йўл татбиқ қилинади. Яъни ген муҳандислиги қурт-қумурсқа емайдиган, турли ҳашаротлар тегмайдиган янги навли мева-сабзавот, донни турли хил генларни ўзаро уйғунлаштириш орқали ҳосил қилишади.
Кўпчилик ГМО деганда, фақатгина ейиладиган маҳсулотларни кўз олдига келтиради, аслида ГМО фақат озиқ-овқат учун ишлатилмайди. Улар илмий тадқиқотларда, тиббиётда, фармацевтика саноатида, қишлоқ хўжалигида, атроф-муҳитни тозалашда ҳам қўлланилади.
Ундан воз кечиш керакми?
Биолог-ихтиолог, генетик Бахтиёр Шералиев бу саволга шундай жавоб беради: “Кўпчилик билан ГМО ҳақида гаплашганимда шу нарсага амин бўламанки, аксарият одамлар ГМО маҳсулотлари одамнинг генини ўзгартиришига, уни егандан сўнг қандайдир касалликлар юзага келиши мумкинлигига, наслий аномалиялар юзага келишига ишонади. Бу қанчалик ҳақиқат?
Биринчидан, ГМО сизнинг генингизни ўзгартириш хусусиятига эга эмас, буни генетиканинг фундаментал қонуниятларини билган ҳар қандай одам тасдиқлаши мумкин. Бу нарса тажрибада исботланган. Биз истеъмол қиладиган ҳар бир ўсимлик ва ҳайвон таркибида, албатта, ДНК бўлади. Одам, одатда, овқат еганда ўзи истеъмол қилган ўсимлик ва ҳайвон маҳсулотлари асосида 0,1-1 граммгача ДНК истеъмол қилади. Уларнинг 95 фоизи ҳазм йўлида ичакка боргунча алоҳида нуклеотидларгача парчаланиб кетади. Қолган 5 фоиз ДНК ўртача 100 – 400 нуклеотиддан иборат бўлиб, ичаккача етиб боради. Кўпчилик мана шу ДНК бўлаклари одам ДНКсига трансформация бўлиш эҳтимоли мавжудлигини айтади. Худди мана шу эҳтимолликни олимлар жўжа ва бузоқларда тажрибада синаб кўрган. Натижада овқат таркибидаги ДНК бўлаклари ичак деворидан қон томирларига ўта олмаслиги маълум бўлди. Сичқонларда ўтказилган тажрибаларда ҳам айни натижага эришилган.
Тажрибаларнинг бирортасида ГМО маҳсулот таркибидаги ДНК бўлаклари наслдан-наслга ўтиши кузатилмаган, яъни ГМО ҳеч қанақасига сизнинг ва авлодларингизнинг генини ўзгартириб қўймайди.
ГМО маҳсулотлари сизнинг дастурхонингизга етиб боргунча юзлаб тажрибалардан, текширувлардан ўтади. Улар хавфсиз, истеъмол қилса бўлади дейилгандан сўнггина сотишга рухсат берилади. ГМО тўғрисидаги якуний хулоса шундан иборатки, трансген организмлар инсониятни ҳалокатга етакловчи йўл эмас, у инсоният оғирини енгил қилиш учун дунёнинг минглаб олимлари томонидан узоқ йиллар давомида тинимсиз меҳнатлар натижасида юзага келган илмий кашфиётдир. Унинг нақадар фойдали ёки зарарли эканини энг одил ҳакам – вақтнинг ўзи кўрсатади”.
Билим дунёсида ГМО масаласида ижобий ва салбий қарашлар мавжуд. Унинг ижобий томонлари ҳақида юқорида етарлича фикрлар билдирилди. Салбий таъсирларга эга экани ҳақида ҳам тадқиқотлар мавжуд. Трансген маҳсулотлар организмда аллергик таъсирчанликни келтириб чиқариб, иммун тизими фаолиятига зиён етказиши, шунингдек, модда алмашинуви бузилишига ҳам сабаб бўлиши эҳтимолга яқин. Тадқиқотларга кўра, трансген маҳсулотларни истеъмолга чиқариш тақиқланган Швецияда аҳолининг фақат 7 фоизи аллергик хасталикларга чалинар экан. Бундай маҳсулотлар кенг кўламда истеъмол қилинадиган АҚШда эса худди шу хасталик билан оғриганлар мамлакат аҳолисининг 70,5 фоизини ташкил қилади.
Қолаверса, генетик модификацияланган маҳсулотлар болалар организмига салбий таъсир ўтказиши ҳақида ҳам фаразлар бор. Шу боис 2004 йилдан буён Европанинг қатор мамлакатларида 4 ёшгача бўлган болаларнинг таом рационига трансген маҳсулотларни киритиш тақиқланган. Бундан ташқари, бу маҳсулотларни доимий истеъмол қилган одам организми антибиотикларга нисбатан таъсирчанлигини йўқотади. Бу эса турли касалликларни даволашда жиддий тўсиқ бўлади. Оддий тумовни ҳам антибиотиклар ёрдамида тузатиб бўлмайди. Натижада ҳар хил суперинфекциялар пайдо бўлиши, улар оқибатида келиб чиққан касалликларни даволаш учун янги дори воситаларини ўйлаб топиш шарт бўлади.
Ҳатто олимлар саратоннинг келиб чиқиш омилларидан бири – гени ўзгартирилган маҳсулотлар эканини айтмоқда. Шунингдек, ГМО инсоннинг насл қолдириш қобилиятига ҳам дахл қилиши эҳтимоли юқори. Бунинг исботи сифатида айнан уруғи йўқ ҳисоби бўлган тарвузлару бодринг-помидорлар келтирилади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам ўз ҳисоботида ГМОнинг инсон саломатлиги ва ривожланиши учун потенциал хавф эҳтимоли борлигини билдирган.
Ўзимизникидан қўймасин
ГМО маҳсулотларининг соғлиққа салбий таъсири борлигини кўрсатган тажрибалар, асосан, ҳайвонлар устида олиб борилган. Айрим олимлар мазкур тадқиқотларнинг баҳсталаб эканини уқтиради. Трансген озуқалар инсон саломатлигига қисқа ва узоқ муддатда келтириб чиқарадиган аниқ таъсирларини аниқлашга қаратилган кескин илмий изланишлар эса топилмайди. Шу сабабли, ГМО маҳсулотларининг инсон саломатлигига қандай таъсири борлиги ёки бўлиши мумкинлиги, нисбатан мавҳумлигича қолмоқда. Натижада бу маҳсулотларнинг фойдали ёки зарарли экани ҳақида ҳозирча аниқ хулоса чиқариш мушкул. Шундай экан, ГМОнинг соғлиққа таъсирини аниқ юзага чиқарадиган, стандартларга мос изланишлар, тадқиқотлар олиб борилиши зарур. Хусусан, мамлакатимиз ҳам бу жараёндан четда қолиб кетмаслиги керак. Давлатимиз миқёсида ҳам ГМО маҳсулотлари хусусида изланишлар олиб борилиши ва бундай изланишлар қўллаб-қувватланиши мақсадга мувофиқ.
– Ген инженерлигидан ўсимликларда, ҳайвонларда ва микроорганизмларда касаллик ва зараркунандаларга, гербицидларга чидамлилик ҳамда маҳсулот сифатини яхшилаш ва узоқ сақланишини таъминлашда кенг фойдаланилади, – дейди Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти профессори, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Ғулом Ғайбуллаев. – ГМО ҳақида ҳар хил салбий ва ижобий тушунчалар мавжуд, лекин ҳозирча биронта илмий ҳамда амалий исбот топилмайди. Бугунги кунда расман 18 давлатда (АҚШ, Канада, Аргентина, Бразилия, Хитой, Австралия, Германия, Испания, Болгария ва Руминия каби) гени ўзгартирилган ўсимликлардан фойдаланилмоқда. Энг кўп ГМО картошка, маккажўхори, рапс, помидор, шоли ўсимликларида қўлланилмоқда. Ўзбекистон селекциясида ГМО олиш бўйича тадқиқотлар ўтказилмаяпти. ГМОдан фойдаланишга Ўзбекистоннинг эҳтиёжи йўқ, деб ўйлайман. Сабаби оддий селекция усуллари орқали ҳам ҳосилдор, касаллик ва зараркунандаларга чидамли навлар яратиляпти.
Олимнинг сўзларидан ҳам маълумки, ГМО мамлакатимизда эътибор қаратилишини кутаётган масалалардан бири. Шунингдек, маълумотлар қидирганимизда, бу мавзу анчадан буён оммавий ахборот воситаларининг эътиборидан ҳам четда қолиб келаётгандек туюлди. Ўзбекистонда таркибида ГМО бўлган маҳсулотлар айланмасини тартибга соладиган ҳуқуқий механизмлар ишлаб чиқилиши ҳам долзарб масалалардан саналади.
Президентимиз томонидан 2019 йил 14 октябрда имзоланган қарорга мувофиқ, мамлакатимиз “Биохавфсизлик бўйича Картахена протоколи”га қўшилган давлатлар қаторидан ўрин олди. Унга кўра, ҳужжатни имзолаган мамлакатлар генетик модификацияланган организмларга ишлов бериш, ўраб жойлаш ва ташишда хавфсизлик чораларига риоя этиши зарур.
Дунёнинг турли мамлакатларида ГМОга қарши курашиш мақсадида зарур чоралар ишлаб чиқилган. Бу маҳсулотларга муносабат қонунан қатъий тартибга солинган. Баъзи давлатларда ГМО умуман тақиқланган, яна айримларининг таркибида ГМО мавжуд маҳсулотлар алоҳида махсус ёрлиқлар билан кўрсатилиши мажбурий қилиб белгиланган. Европа Иттифоқига аъзо мамлакатларнинг деярли барчасида “ГМОдан холи ҳудудлар” ташкил этилган ва бу ҳудудларда трансген ўсимликларни экиш қатъиян тақиқланган. Жумладан, Италиянинг 25 та музофотида трансген экинлар экиш мутлақ ман қилинган. Австрия, Германия, Люксембург, Португалия каби давлатларда генетик модификация қилинган жўхори, Саудия Арабистони ва Мисрда буғдой, Норвегияда антибиотикларга чидамли ГМО маҳсулотларини етиштириш ва сотиш қонунга зид саналади. Британия парламенти биносидаги барча ошхона ва тамаддихоналарда ГМО тақиқланган.
Албатта, юқорида таъкидлаганимиздек, Ўзбекистонда ҳам бу масалани ўрганиш мутахассислар олдидаги долзарб вазифалардан биридир. Муҳими, ўзимизнинг табиий маҳсулотларимиздан қўймасин. Балки дунё тажрибасидан келиб чиқиб, мамлакатимизда ҳам “ГМОдан холи ҳудудлар” ташкил этиш ва шу каби бошқа чора-тадбирлар кўриш керакдир.
Ғолиб БАҲРОМОВ,
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг