Глобал тармоқнинг «қармоғи»дан эҳтиёт бўлинг

Терроризм ва экстремизм глобал муаммога айланган даврда яшаяпмиз. Муаммонинг долзарблиги шундаки, террористик ва экстремистик ташкилотлар ёшларни ўз фаолиятида иштирок этишга жалб қилмоқда. Айниқса, вояга етмаганларнинг радикал диний ғоялар домига тушиб қолаётгани ўта ташвишлидир.
Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев 2024 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Аксилтеррор марказининг терроризм ва экстремизмга қарши курашишда ҳамкорликни мустаҳкамлашга бағишланган қўшма конференцияси иштирокчиларига йўллаган табригида таъкидлаб ўтганидек, «...афсуски, геосиёсий кескинлик ва низоларнинг кучайиши, етакчи давлатлар ўртасида ўзаро ишонч тақчиллиги, глобал хавфсизлик институтлари ролининг пасайиши терроризм ва экстремизм таҳдидларига қарши курашишда очиқ ҳамда самарали халқаро ҳамкорликнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатмоқда».
Президентимиз таъкидлаганидек, «...шу билан бирга, кибермаконда хавф-хатар ва таҳдидлар кучайиб бормоқда. Бунда ноқонуний фаолият, ёллаш ва радикал ғояларни тарғиб этиш бўйича фаол ишлар миллий чегаралар ва қонунчилик нормаларини тан олмайдиган интернет тармоқлари ҳамда каналлари воситасида тобора кўп амалга оширилмоқда. Бунинг оқибатида бугунги кунда аҳолининг нисбатан заиф қатламлари вакиллари, жумладан, бизнинг ёшларимиз ва меҳнат мигрантлари «онлайн манқуртлаштириш» қурбонига айланмоқда, турли ноқонуний гуруҳларга жалб этилмоқда ва жиноят содир этмоқда».
Шу боис қонунчилик базасини янада такомиллаштириш ҳамда ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ва МДҲ Аксилтеррор маркази фаолияти доирасида бундай хавф-хатар ҳамда таҳдидларни бартараф этиш ва уларга тезкорлик билан жавоб қайтариш бўйича халқаро ҳамкорлик самарадорлигини оширишга қаратилган қўшма амалий чора-тадбирларни ўтказиш энг муҳим вазифалар ҳисобланади.
Деярли ҳар куни дунёнинг у ёки бу мамлакатида қуролли ҳужумлар уюштирилгани ҳақида хабарлар тарқалади. Уларнинг ҳаммаси агрессив ҳаракатларга мойил бўлган ўсмирлар томонидан содир этилмоқда. Бундан хулоса қилиш мумкинки, маънавий ва умуминсоний қадриятларга нотўғри қарашда бўлган ўсмирлар манипуляторларнинг ўлжасига айланиб қолмоқда. Биламиз, ёшлар шуҳратга ўч бўлади. Ёшларнинг мана шу қизиққонлиги кўпинча интернетдаги ижтимоий тармоқлар ва форумлар орқали амалга ошириладиган тақиқланган ташкилотларга оғиш учун асос бўлади. Шу боис ҳам таълим даргоҳларида терроризм ва экстремизмнинг олдини олиш ғоят долзарб масаладир.
Экстремистлар сафига ёшлар жалб қилинишининг олдини олиш мақсадида болалар ва ўсмирлар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш зарур. Мутахассисларнинг фикрича, ота-она эътиборидан маҳрум бўлган ва ўзларига нисбатан жамиятнинг бефарқлигидан «ғазабланган» ўсмирлар жиноятчилар, жумладан, террорчилар ва экстремистлар сафига қўшилади. Ёшларнинг «ўтиш даври» 14 дан 22 ёшгача бўлиб, бу паллада ўсмирларда адолат туйғуси кучаяди. Улар ҳаётнинг маъносини излай бошлайдилар, ўзларининг «Мен»ларини топиш истагида бўлади. Улар руҳан яқин одамлар доирасини шакллантиришга ҳаракат қилади. Бу даврда ўспирин беқарор психикага эга бўлгани туфайли ҳар қандай таклиф ва манипуляцияга осонликча тушиб қолади. Экстремистлар мана шундан фойдаланиб ёшларни ўз сафларига жалб этади.
Бугунги кунда ёшлар мавжуд қонунларни билмасликлари, жамият қоидаларига амал қилмаслиги оқибатида ноқонуний характердаги норасмий уюшмаларга аъзо бўлиб қолмоқда. Экстремистик ташкилотларнинг хавф-хатарлари тўғрисида ёшлар хабардорлигини кучайтириш, экстремизм ва терроризмнинг олдини олиш учун таълим жараёнида бир қатор ишларни амалга ошириш зарур. Таълим даргоҳларига ҳуқуқни муҳофаза этиш органлари ходимлари таклиф қилиниб, ота-оналар ва болаларнинг экстремистик ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чораларини тушунтирадиган тадбирлар ўтказиб туриш мақсадга мувофиқ. Ўсмирларга бағрикенглик, тоқатлилик ҳисларини сингдириш керак. Шу тариқа болалар миллати, дини, ирқи, жинсидан қатъи назар, ҳар бир инсоннинг қадр-қимматини ҳурмат қилишга ўргатилади.
Экстремизм ва терроризмга қарши муваффақиятли курашиш учун нафақат фарзандлар, балки ота-оналар ҳам мазкур иллатларнинг жиноий моҳиятини билиши ва тушуниши керак.
Экстремистик фаолият учун фуқаролар ҳар бир давлат қонунларига кўра жиноий, маъмурий жавобгарликка тортилади. Террор ҳаракатлари, асосан, билими паст, тарих ва маданиятга нотўғри қараш билан ажралиб турадиган ёшлар томонидан содир этилаётганини кўриб турибмиз. Экстремист ва террор ташкилотлари ўз сафларига ўсмирларни интернет орқали жалб қилаётгани ва ёллаётгани сир эмас. Бунинг сабаби оддий: аудиторияга осон кирилади, аноним алоқа осон таъминланади, маълумот дунё бўйлаб тарқалади, ахборот юқори тезликда узатилади, интернетдан фойдаланиш арзон ва қулай, мультимедиа имкониятлари чексиз.
Одатда ёлловчилар, таъбир жоиз бўлса, илон ёғини ялаган одамлар бўлиб, улар бунинг учун махсус ўқитилган. Ёшларни жалб қилиш учун мўлжалланган террористик ташкилотлар малакали мутахассислар, малакали психологлар тармоғига эга. Улар потенциал номзод билан алоқа пайтида (аввалига виртуал, сўнг юзма-юз) унинг заиф томонларини ўрганади. Демак, глобал тармоқнинг яхши томонлари билан бир қаторда салбий томонлари ҳам борлигини унутмаслик даркор. Шу сабабли, ёшлар имкон қадар интернетда экстремистларнинг таъсир доирасига тушиб қолмасликка ҳаракат қилиши керак бўлади. Бунинг учун шубҳали гуруҳларга қўшилиш керак эмас. Шунингдек, ижтимоий тармоқлардаги гуруҳлар ва форумларда ишонувчан бўлиш тавсия этилмайди. Янги дўст танлашда эҳтиёт ва сергак бўлиш керак. Ҳар қандай ваъдаларга ишониб кетавериш ҳам яхшиликдан далолат эмас. Ҳар бир инсоннинг бу дунёда эзгу мақсади аниқ бўлиши, унга эришиш йўллари устида изланиши лозим. Ана ўшандагина, ҳар қандай ёт ғоялар уни мақсадидан чалғита олмайди, йўлдан адаштирмайди.
Инсоният учун жиддий глобал таҳдид бўлмиш электрон терроризм ядровий, кимёвий ва бактериологик қуроллар билан таққосланиши керак бўлган муаммо ҳисобланади. Унга ва унинг янги шаклларига қарши кураш ҳар бир давлат хавфсизлигини таъминлашнинг асосий таркибий қисмидир.
Ўзбекистоннинг терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича миллий стратегияси кенг қамровли, инклюзив ва тизимли ёндашувга асосланган бўлиб, профилактик ва превентив чораларни қўллаш ҳамда вақтида амалий жавоб қайтаришни ўзида мужассам этади. Жамиятда ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш ва очиқ мулоқотни ривожлантириш, таълим-тарбия соҳасини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, иш ўринларини яратиш ва аҳолининг ишончли ижтимоий ҳимоясини таъминлаш бу борадаги устувор йўналишлар ҳисобланади.
Яхши биламизки, фарзандларимиз — келажагимиз. Назорат, эътибор озгина сусайса, мурғак қалблар ўзгалар таъсирига тушиб қолиши мумкин. Шундай экан, ҳар бир ота-она фарзанди учун вақт ажратишни, улар билан қизиқишлари борасида суҳбатлашиб туришни асло канда қилмаслиги шарт. Зеро, ёшлар онгу қалбини асраш — келажакни асраш демакдир.
Шарофиддин ТЎЛАГАНОВ,
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Тошкентда Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг