«Gentra»га «UZB» серияли сохталаштирган автомашина рақамини таққан шахс қамалди

14:07 17 Июль 2024 Жамият
325 0

Тошкентда машҳур «UZB» серияли автомашина рақамини сохталаштирган шахс қамалди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизматига таяниб «Renessans TV»нинг «Овоза» дастурида хабар қилинди.

Маълум қилинишича, 1989 йилда туғилган шахс ўзининг «Gentra» русумли автомашинасига «UZB» қалбаки рақамини ўрнатиб фойдаланиб келган. Фуқаро ушбу рақамларни Россия Федерациясидаги фирмаларнинг биридан буюртма асосида сотиб олган.

Шунингдек, айбланувчи жавобгарликдан қочиш мақсадида ЙПХ инспекторларига тегишли давлат идораси томонидан тасдиқланган «UZB» давлат рақамидан фойдаланиш тўғрисидаги сохта ҳужжатни берган. Текширувлар ҳужжатни фуқаро ўзи сохталаштирганини фош қилди.

Айбланувчи фуқаро бу қилган ишидан асосий мақсад ҳавас бўлганлигини ва ҳеч қандай жиноий, қабиҳ нияти бўлмаганини билдириб, пушаймонлигини изҳор қилган.

«Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди уни Жиноят кодексининг 228-моддаси 1 ва 3-қисмлари (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни тайёрлаш, қалбакилаштириш, уларни сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан айбдор деб топди. Фуқаро икки йилга озодликдан маҳрум этилди», дейилади Тошкент шаҳар ИИББ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати хабарида.

Аввалроқ, йил якунигача барча вилоят марказларида йўловчи ташишни брутто-шартнома асосида молиялаштириш жорий қилиниши ҳақида хабар берган эдик.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?