Ғамхўрлик ва эътибор янги ҳаёт бахш этди

16:51 20 Декабрь 2024 Жамият
240 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Сурхондарёда ногиронлиги бор камбағал оилаларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури доирасида ишсиз фуқаролар ва ногиронлиги бор камбағал оила аъзолари бандлигини таъминлашга ёрдам бермоқда. Томорқадан унумли фойдаланишига, доимий даромад топишига, соғлигини тиклашига алоҳида эътибор қаратмоқда. Музработ туманидаги Орият маҳалласидан ногиронлиги бор Фотима Рашидова оиласи ҳам давлатимизнинг ана шундай кўмагидан баҳраманд.

— Соғлик бўлмаса, одамга ҳеч нарса татимайди. Касаллик яшашдан завқ олиш, муваффақиятларга интилиш имкониятини чеклайди, — дейди Фотима опа. — Танамдаги суяк емирилиши касаллиги туфайли умидсизликка тушиб қолгандим. Президентимизнинг эътибори мени ҳаётга қайтарди. Маҳаллага бириктирилган ижтимоий ходим шароитимизни ўрганди. Дастлаб вилоят кўп тармоқли шифохонанинг неврология бўлимига ётқизилдим. Даволанаётганимда «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурига мувофиқ ҳомийлар бириктирилиб, уй-жойимиз таъмирланди. Уйимизда цех очиб, замонавий тикув машиналари ўрнатиб беришди. Дарвоқе, ногирон бўлсам-да, ўзим уйда тикувчилик қилардим. Лекин тикув машиналари, тикув цехи қилишга имкониятимиз йўқ эди. Бугун беш нафар шогирдим бор. Хотин-қизлар учун кўйлак, кўрпа-ёстиқлар тикамиз. Бундан ташқари томорқамиз ҳам қўшимча даромад манбаига айланди.

Турмуш ўртоғим билан уч нафар фарзандни улғайтираяпмиз. Бу гал Янги йилни зўр шодлик билан қарши оляпмиз. Бундай эзгуликлар учун саховатпеша инсонлардан миннатдорман.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер