Фурқат туманида махсус мактабгача таълим ташкилоти очилди

14:42 15 Сентябр 2025 Жамият
85 0

Фурқат туманида ногиронлиги бўлган болалар учун махсус мактабгача таълим ташкилоти ўз фаолиятини бошлади. Бу масканда кичкинтойларнинг тўлақонли таълим-тарбияси ҳамда ижтимоий ҳаётга мослашуви учун барча зарур шарт-шароитлар яратилди.

Тантанали очилиш маросимида иштирокчилар янги ташкил этилган боғчада яратилган қулайликлар, махсус синф хоналари, реабилитация воситалари, ўйин майдончалари ҳамда тиббий хизмат кўрсатиш масканлари билан яқиндан танишди.

— “Катта янги” маҳалла фуқаролар йиғинида иш бошлаган ушбу муассасада иккита гуруҳ ташкил этилиб, 9 нафар болажонлар қамраб олинди, — дейди Фурқат тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази бош мутахассиси Дилафруз Бозорова. — Шунингдек, айни кунларда туман марказида ҳам ана шу каби яна бир боғча фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Бу икки мактабгача таълим ташкилоти ижтимоий шериклик тамойили асосида тадбиркорлар Равшан Тоштемиров ҳамда Нозима Бегматова ташаббуси билан ташкил этилди. Шу тариқа яқин истиқболда туманда мазкур тоифадаги болаларни тўлиқ мактабгача таълимга қамраб олиш мақсад қилинган.

Бунинг самараси сифатида эндиликда ногиронлиги бор болажонлар ҳам тенгдошлари қаторида таълимнинг илк босқичида сифатли билим олиши, иқтидорини намоён қилиши ҳамда жамият ҳаётига фаол қўшилиши учун керакли имкониятларга эга бўлади.

Ботир МАДИЁРОВ

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?