Фуқаролар манфаатларини самарали ҳимоялаш кучайтирилмоқда
Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, қабул қилинаётган муҳим ҳужжатлар халқимиз ҳаётини юксалтириш баробарида, ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатларини таъминлаш, юртимиз тинчлиги ва хавфсизлигини ишончли ҳимоя қилишда долзарб аҳамият касб этмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 14 майдаги “Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилиги тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам суд-тергов амалиёти таҳлили, аҳоли билан бевосита мулоқот натижалари асосида қабул қилинган бўлиб, ушбу соҳадаги мавжуд камчиликларни бартараф этишга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.
Бинобарин, унда жиноят ҳамда жиноят-процессуал қонунчилиги тизимидаги фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали муҳофазалаш, жиноят ишлари бўйича судгача ҳамда суд жараёнида қонунийликни таъминлашга тўсқинлик қилувчи ҳуқуқий бўшлиқларнинг мавжудлиги, алоҳида турдаги жиноятларни содир этганлик учун санкциялар қилмишларнинг ижтимоий хавфлилик хусусияти ва даражасига номувофиқлиги, жумладан, жазонинг муқобил турлари, рағбатлантирувчи нормалар ҳамда жамоат таъсир чоралари етарли даражада қўлланилмаслиги ва самарасизлиги алоҳида ифодаланган.
Шунингдек, тезкор-тергов тадбирларини ўтказиш сифатининг қониқарсизлиги ҳамда процессуал қонунчилик талабларини бузган ҳолда олинган маълумотлардан далил сифатида фойдаланилиши, халқаро амалиётда эътироф этилган жиноят-ҳуқуқий институтларнинг етарли даражада имплементация қилинмагани, суд-тергов фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш жуда паст даражада экани очиқ кўрсатиб ўтилган.
Қарорда амалга оширилаётган ишларга тўсқинлик қилаётган муаммолар назарда тутилган ҳолда, бу бўйича қонунчиликни такомиллаштириш ва бажарилиши лозим бўлган чора-тадбирлар ифодаланди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланиб, жиноят қонунчилиги нормаларини унификация қилиш, жиноий жавобгарлик ҳамда жазо тизимини такомиллаштириш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ҳамда давлат манфаатларининг таъсирчан ва ишончли муҳофаза этилишини таъминлаш унинг асосий йўналишлари ҳамда вазифалари этиб белгиланди.
Жиноят-процессуал қонунчилиги нормаларини тизимлаштириш ва уйғунлаштириш, жиноят процессида шахснинг ҳуқуқ ҳамда эркинликлари кафолатларини ишончли таъминлаш механизмларини такомиллаштириш, жиноят процессининг янги шакл ва тартиб-таомилларини киритиш лозимлиги ҳам қатъий кўрсатиб ўтилди.
Албатта, буларнинг барчаси мамлакатимизда “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган ҳаётий тамойил рўёбига хизмат қилади.
Бундан ташқари, ушбу ҳужжатда жиноят ишлари бўйича иш юритувни электрон шаклда юритиш ҳамда процессуал ҳаракатларни амалга ошириш вақтида суриштирув идораларининг прокуратура, судлар ва жазони ижро этиш органлари, шунингдек, бошқа ташкилотлар билан маълумотлар алмашинуви имкониятини берувчи ҳимояланган тизимни, жумладан, ахборот тизимлари ҳамда маълумотлар базаларини интеграция қилиш, жиноят ишлари бўйича статистика юритишни автоматлаштириш орқали жорий этиш назарда тутилмоқда. Бу, ўз навбатида, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий қилинишини кафолатлаш баробарида, ортиқча вақт сарфланишига барҳам беради.
Умуман олганда, давлатимиз раҳбарининг мазкур қарорида белгиланган талабларнинг амалга оширилиши келгусида суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари муҳофазасини таъминлаш, суд ҳамда тергов органларининг масъулиятини кучайтириш, халқимизнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ва судга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шерзод ТЎХТАШЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
«Миллий тикланиш» демократик партияси
фракцияси аъзоси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг