Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишнинг ҳуқуқий асослари

16:45 06 Май 2022 Жамият
1057 0

Фото: Олий суд

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариши Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан кафолатланган мустақил фаолият бўлиб, унинг асосий вазифалари сифатида аҳолининг кундалик муаммолари билан ишлаш ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишдан иборат.

Шу аснода мамлакатимизда муҳим сиёсий тадбир – фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) нинг навбатдаги сайловини жорий йилнинг май ойида ўтказиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2022 йил 16 мартдаги Қарори қабул қилинган.

Дарҳақиқат, сайловлар амалдаги қонунчиликка риоя қилинган ҳолда шаффофлик тамойили асосида ўтказилса, вужудга келиши мумкин бўлган низолар ва қонунбузилишлар бартараф этилади, натижада сайловчиларнинг ишончи ортади.

Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Адлия вазирлиги билан биргаликда «Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишнинг ҳуқуқий асослари» мавзусида семинар-тренинг ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари Р. Маҳмудова, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Т. Мадумаров, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятининг кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси масъул котиби А. Бобоев, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва Адлия вазирлиги ходимлари, Олий суд судьялари, маъмурий судлар судьялари ҳамда видеоконференцалоқаси воситасида жойларда сайловларни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар комиссиялари аъзолари иштирок этишди.

Семинар-тренинг давомида маҳалла оқсоқолларини сайлаш тизимидаги долзарб масалалар ва вазифалар атрофлича муҳокама қилиниб, тажриба алмашилди. Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) га оид сайлов тартибини масаласида тегишли ташкилотлар вакиллари ҳамда мутасаддилар ўз маърузалари билан фаол қатнашди.

Тадбирда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар фаолияти, сайловни ўтказиш тартиби ва сайлов жараёнининг асосий тамойиллари ҳамда бу борада амалга оширилган ташкилий чора-тадбирлар, шунингдек, сайловга оид ишларни маъмурий судда кўриш каби мавзулар муҳокама қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?