Фуқаро муҳофазасига оид муҳим Битимни ратификация қилиш масаласи муҳокама қилинди
Фото: Давронбек Эрназаров, Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»
Сенатнинг саккизинчи ялпи мажлисида “Туркий давлатлар ташкилотининг Фуқаро муҳофазаси механизмини ташкил этиш тўғрисидаги Битимни (Бишкек, 2024 йил 6 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, Битим 2024 йил 6 ноябрь куни Қирғизистон Республикасининг Бишкек шаҳрида “Туркий дунёни кенгайтириш: иқтисодий интеграция, барқарор ривожланиш, рақамли келажак ва барча учун хавфсизлик” шиори остида ўтказилган Туркий давлатлар ташкилотига давлат раҳбарлари кенгаши йиғилиши доирасида ишлаб чиқилган ва Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон томонидан имзоланган.


Мазкур ҳужжатнинг асосий мақсади Ташкилотга аъзо давлатларнинг фавқулодда вазиятлар идоралари ўртасида табиий офатларнинг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасида самарали ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва Ташкилот аъзоларининг соҳа йўналишидаги дўстона муносабатларини мустаҳкамлашдан иборат.
Битимда Ташкилотга аъзо давлатлар фуқаро муҳофазаси механизми кузатувчи давлатлар ва бошқа давлатларнинг ҳудудларида юз бериши мумкин бўлган табиий офатлар ва фавқулодда вазиятларда фавқулодда эҳтиёжларни қондириш учун биргаликдаги фаолиятни самарали ташкил этиш назарда тутилмоқда.


Шунингдек, Ташкилотга аъзо давлатларнинг фавқулодда вазиятлар идоралари ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, табиий офатлар вақтида тезкор қидирув-қутқарув ишларини мувофиқлаштириш, ушбу соҳадаги мониторинг, таҳлиллар натижаларини ҳамда ўзаро тажриба алмашинувини тизимлаштириш ҳамда ўзаро ёрдам ва ҳамкорликни янги босқичга кўтариш каби масалаларнинг ҳуқуқий асослари ва механизмлари белгиланган.
Қонун билан мазкур Битимнинг ратификация қилиниши фавқулодда вазиятлар соҳасида халқаро ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтаришга ва табиий офатларнинг олдини олиш, прогнозлаш, мониторинг ва таҳлил қилишга хизмат қилади.


Бундан ташқари, фавқулодда вазиятлар ва ҳолатлар содир бўлганда бошқарув ва қидирув-қутқарув ишларини самарали ташкил этиш бўйича илғор тажрибаларни алмашишга имкон яратади.
Муҳокама якунида сенаторлар томонидан Қонун маъқулланди.





Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг