Франциянинг «TF1» канали Ўзбекистон байроғи ва ўзбекистонлик футбол мухлислари ҳақида кўрсатув тайёрлади
Фото: Архив сурат
Қатар. Доҳа. «974 Stadium» стадиони. 2022 йилги жаҳон чемпионати доирасида Франция – Дания учрашуви бўлиб ўтмоқда. Ўйиннинг 86-дақиқаси. Ҳисоб 1-1. Ҳар икки жамоага ҳам ғалаба сув ва ҳаводек зарур. Айни шу дақиқада Франция терма жамоаси ҳужумчиси Килиан Мбаппе Дания дарвозасига тўп киритди. Бу ғалаба голи эди ва Мбаппе уни Ўзбекистон байроғи фонида нишонлади.
Эътиборлиси шундаки, шу куни учрашувни стадионнинг ўзида қарийб 42 860 нафар, телевизор қаршисида эса миллионлаб мухлислар томоша қилишаётган эди. Мбаппенинг голини бирга нишонлаган мухлислар, табиийки, Ўзбекистон байроғига эътибор қаратишди. Шунингдек, Килиан байроғимиз фонида тушган суратини 75,2 миллион нафар кузатувчиси бўлган инстаграмдаги саҳифасига жойлаштирди. Бу воқеадан кейин Ўзбекистон, унинг аҳолиси, футбол мухлислари ва байроғига қизиқиш янада ортди. Хусусан, айнан Мбаппе ва байроқ воқеасидан кейин Франциянинг энг машҳур каналларидан бири ҳисобланган «TF1» ўзбекистонлик футбол мухлислари ва байроғимиз ҳақида махсус репортаж тайёрлади. Репортажда Франциялик журналист Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Абдураҳмон Фозилов билан бирга томошабинларга ўзбекистонлик футбол ишқибозлари, байроғимиз ва бошқа жиҳатлар ҳақида маълумот берди.
Маълумот учун, «TF1» қисқартмаси билан машҳур бўлган ва одатда Ла Уне номи билан аталадиган «French Television 1» биринчи ва энг қадимги француз миллий телеканали ҳисобланади. У томошабинлар сони бўйича Франция ва ҳатто Европада юқори ўринларда туради.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш мақсадида Қатарга йўл олган делегациямиз аъзоси Абдураҳмон Фозилов Мбаппени Ўзбекистон байроғи билан «учраштирган».
Айни дамда мазкур делегация Туризм ва маданий мерос вазирлиги қўллаб-қувватлаши остида Қатарда миллионлаб мухлислар олдида юртимизни янада кўпроқ танитиш мақсадида тарғибот ишларини давом эттиришмоқда.
Таъкидлаш лозимки, нуфузли халқаро мусобақалардан тарғибот, реклама майдони сифатида фойдаланиш халқаро тажрибада кўп бора кузатилади. Айни дамда ҳам энг томошабоп спорт турлари — футбол, бокс, теннис, УФС ва бошқалар, албатта, турли тарғиботларсиз, рекламаларсиз ўтмайди. Негаки миллионлаб мухлисларни бир жойга тўплаган турнир тарғибот учун энг самарали майдонлардан бири ҳисобланади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг