Франциядан махсус: Канн фестивалида кино юлдузларига селфи тушиш тақиқланди
Киношунос Шоҳира Рауфбоева Франциядан махсус “Халқ сўзи online” учун хабар қилади.
8 май куни ўз ишини бошлаган ҳамда 19 майга қадар давом этадиган 71 Канн халқаро кинофестивалида мавзу ва услуби жиҳатидан турли туман бўлган фильмлар тақдим этилмоқда.
Уларда ҳаёт ҳақиқатидан тортиб, ақл бовар қилмас, ўзга сайёраларда бўлиб ўтадиган фантастик воқеаларга асосланган фильмларгача намойиш этилаяпти.
Ифтихор билан айтиш мумкинки, фестивалда иштирок этаётган жаҳон кино санъати ва саноати вакиллари ҳам, ижодкорлар ҳам “Ўзбекистон” павильонига ўзгача қизиқиш билдиришмоқда. Айниқса, юртимизнинг бир-биридан гўзал бетакрор манзаралари, тарихий обидалари ҳақидаги видео роликлар, тарқатма метериалларни олиб ҳар бир иштирокчимизни саволларга тутишяпти. Ўзбек миллий либосидаги иштирокчилар билан суратга тушишга иштиёқ билдиришяпти. Делегация аъзолари таниқли кинопродюсер, дистрибьютерлар билан музокаралар олиб бориб, уларни Ўзбекистонда кино учун яратилган шароитлар, имкониятлар билан яқиндан таништириб боришяпти. Айниқса, кечаги кун ғоят самарали кечди. Делегация раҳбари, Ёш киноижодкорлар кенгаши раиси Ойбек Абдушукуров Малатя халқаро кинофестивали раҳбари Суат Кочер билан англашув меморандуми имзолади. Ушбу ҳужжатга кўра, Тошкентда бўлиб ўтадиган кинофестивалда туркиялик, Малатяда ташкил этиладиган халқаро кино байрамида эса ўзбекистонлик мутахассислар иштирок этишадиган бўлди.
Фестиваль ҳакамлар ҳайъатига австралиялик кино актриса Кейт Бланшет раислик қилмоқда. Шунингдек, ҳакамлар ҳайъатида Андрей Звягинцев, Леа Сейду, Кристен Стюард, Дени Вильневлар каби таниқли кино саноати вакиллари ҳам бор.
Бу йил Канн фестивали ташкилотчилари томонидан ташриф буюрган иштирокчилар ҳамда меҳмонларнинг қизил йўлакчада ўзларини тутиш масаласида муҳим бир янгиликни эълон қилди. Унга кўра, кино юлдузлари қизил йўлакчадан ўтаётганда сэлфи тушиши тақиқланди. Бу таъқиқни бузганлар намойишларда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этилади. Канн кинофестивалининг дастурлар директори Тъерри Фремонинг фикрига кўра, бу нуфузли фестивалга ярашмайдиган “қилиқ”.
Унинг айтишича, суратни яхшиси ўз ишининг устаси бўлган сураткаш олгани яхши. Қолаверса бу, иштирокчиларнинг қизил йўлакчадан ўтиш вақтини чўзилиб кетишига сабаб бўлади.
Шунингдек, энди журналистлар учун махсус ёпиқ намойишлар ўтказилмайдиган бўлди.
Бундан ташқари, Канн фестивалда қайноқ линия ҳам очилган бўлиб, у орқали аёлларга маданиятсизлик қилганлар устидан арз қилиш ҳам мумкин. Бу масалада фестиваль дирекцияси Франция ҳукумати билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда.
Мухтасар айтганда, турли таассуроту тафсилотларга бой бўлган Канн кинофестивали тадбирлари давом этмоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, Ўзбекистон делегацияси жаҳон кинобозорида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаш учун астойдил ҳаракат қиляпти. Дастлабки муваффақиятлардан шу хулосага келиш мумкинки, Каннда илк бор иштирок этаётган ўзбекистонлик киноижодкорлар ўзларига жаҳон киносанъати ва киносаноатини, жаҳон киносаноати эса Ўзбекистонни кашф этмоқда, дейиш мумкин.
М. Холматова ёзиб олди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўрта Осиёдаги энг баланд янги йил арчаси — Наманганда
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Ялдо туни: Ерликлар бугун энг узун тун ва энг қисқа кунга гувоҳ бўлади
- Ҳоким ёрдамчиси кимга ёрдамчи?
- Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси парламентлари раҳбарларининг III йиғилиши ўз ишини бошлади
- Пойтахтга автомобиллар киришига ҳеч қандай тақиқ йўқ — Тошкент шаҳар ҳокимлиги
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг