Франция президентлигига даъвогар Ле Пен қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Сиёсатчи ҳукмни “сиёсий ўлим” деб атади

16:52 31 Март 2025 Дунё
203 0

Фото: AP

Париж суди парламент ёрдамчилари иши бўйича француз сиёсатчиси Марин Ле Пен ва унинг «Миллий бирлашиш» партиясининг саккиз нафар депутатини айбдор, деб топди.

Суд ҳукмига кўра, Ле Пен тўрт йилга озодликдан маҳрум қилинди. Шунингдек, сиёсатчининг беш йилга давлат лавозимларида ишлаши тақиқланди. У Европа парламенти маблағларини талон-тарож қилишда айбдор деб топилди. Бундан ташқари, «Миллий бирлашиш» партиясининг яна саккиз нафар депутати судланган, 12 нафари эса маълумотни яширганликда айбдор деб топилган. Суд ҳукмига кўра, улар сайловда қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

Шу тариқа Ле Пен 2027 йилги Франция президентлиги сайловида иштирок эта олмайдиган бўлди. «Journal du Dimanche» тадқиқотига кўра, респондентларнинг 37 фоизи сайловнинг биринчи босқичида унга овоз беришга тайёрлигини билдирган эди ва у бошқа барча потенциал номзодлар орасида етакчилик қилаётганди.

Шу пайтгача Ле Пен уч марта Франция президентлигига даъвогарлик қилган. 2012 йилда у биринчи босқичда Франсуа Олланд ва Николя Саркозига ютқазган. 2017 ва 2022 йилларда у иккинчи босқичга чиққан, бироқ ҳар икки сафар ҳам Эммануэль Макронга кичик ҳисобда имкониятни бой берган.

2016 йил декабрида Париж прокуратураси Ле Пен томонидан Европарламент депутати сифатида ёлланган ёрдамчилар ҳақиқатда миллий даражада фаолият олиб бораётгани ҳақидаги маълумотни олгач, тергов бошлаган эди. Терговчилар 2010 йилдан бери Ле Пеннинг Европарламентдаги ёрдамчиси бўлиб ишлаган Кетэин Грижье аслида ўз партиясининг Нантердаги (Париж чеккаси) штаб-квартирасида ишлагани ва унинг аввалги ёрдамчиси Терри Лежер аслида отаси Жан-Мари Пеннинг қўриқчиси бўлганини аниқлаган. Охир-оқибат, Ле Пен ва унинг партиясини Европа Иттифоқи парламентнинг ҳар бир аъзосига ўз ёрдамчиларига маош тўлаш учун ажратадиган ойига 21,000 еврони “ўғирлаш схемасини” яратганликда айблашди.

2024 йил 30 сентабрида Парижда Марин Ле Пен ва унинг шериклари устидан суд жараёни бошланди (ишда жами 27 киши, жумладан, собиқ партия етакчилари ҳам жалб қилинган).

Суд қарорига кўра, 12 киши 11 йил давомида Европа парламентида хаёлий ишлаган. Европа Парламентига етказилган умумий зарар 4,1 миллион еврога баҳоланмоқда. Суд уларни, жумладан, Ле Пенни ҳам шахсий бойишга интилмаган, бироқ бу партиянинг бойишига олиб келди, деб топди.

Ле Пен ҳукмни «сиёсий ўлим» деб атади. Бундан ташқари, унинг фикрича, суд қарори билвосита 2027 йилги президентлик сайловларининг қонунийлигини шубҳа остига қўяди. Фуқароларни демократик танловдан маҳрум қилиш бўлажак давлат раҳбарига ишончни йўқотишига олиб келиши мумкин, деб ҳисоблайди Ле Пен.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?