Фидокорона меҳнат эътирофи

22:34 08 Январь 2024 Жамият
522 0

Тинч ва осойишта яшаш, эзгу орзу-умидлар сари дадил интилиш ҳар бир инсон учун энг катта неъмат. Айниқса, бугунги глобаллашув жараёнида дунёга бир назар солиб, авж олаётган турли нотинчликларни кўриб, оммавий ахборот воситалари орқали бевосита кузатиб юртимиз тинчлигига, халқимиз фаровонлигига шукрона келтирамиз, албатта.

Мана шу тинчликни, хотиржамликни сақлашда жасорат намуналарини кўрсатиб, туну кун меҳнат қилаётган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари, қолаверса, жамиятда қонун устуворлигини таъминловчи Ватан посбонлари меҳнати эса шак-шубҳасиз эътирофу эъзозга муносибдир.

Пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида Ўзбекистон Республикаси прокуратураси ташкил топганлигининг 32 йиллиги ҳамда 8 январь — Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди. Дастлаб Давлат мадҳияси янгради.

Президент Администрацияси, Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Ҳукумат аъзолари, прокуратура органлари ходимлари ва фахрийлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ёшлар қатнашган ушбу тантанали тадбирда давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари ва фахрийларига йўллаган табригини Президент маслаҳатчиси Дониёр Қодиров ўқиб эшиттирди.

Табрикда қайд этилганидек, сўнгги йилларда прокуратура соҳасини тубдан ислоҳ этиш, бу борада очиқлик ва адолатга асосланган, фуқаролар ва жамият манфаатига хизмат қиладиган, халқпарвар қарорлар қабул қилиш, ўз назарий ва амалий мактабига, фидойи ва профессионал ходимлар корпусига эга бўлган тизимни шакллантириш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Айтиш ўринлики, фуқароларнинг Бош қомусимизда мустаҳкамланган ҳуқуқ ҳамда эркинларини ишончли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда прокуратура органларининг алоҳида ўрни бор. Айниқса, одамлар билан эркин мулоқотга киришиш, уларнинг муаммоларини ўрганиб, жойида ҳал этиш тизим фаолларининг энг асосий вазифасига айланди, десак, айни ҳақиқат.

Бугун прокуратуранинг қонунлар ижроси устидан назорат олиб бориш фаолияти тубдан ўзгартирилди. Авваллари қонун бузилиш ҳолатларини аниқлаш ва жазолашга асосий урғу берилган бўлса, энди асосий эътибор бундай ҳолатларнинг олдини олиш, мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилаётир. Бу эса ишда самарадорлик ва натижадорликни янада оширмоқда. Қолаверса, кейинги йилларда прокуратура тизими “жазоловчи идора” эмас, балки аҳоли ҳамда тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга кўмаклашадиган ҳақиқий маънодаги “халқ прокуратураси”га айланмоқда.

Таҳлилларга мурожаат қиладиган бўлсак, охирги етти йилда прокуратура органлари томонидан 2 миллионга яқин мурожаат ижобий ҳал этилиб, 300 мингдан зиёд фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган. Айни чоғда, қарийб 148 минг тадбиркорнинг муаммоларига ечим топилган. Шу билан бирга, прокурорларнинг меҳнатлари билан секторлардаги 163 мингдан зиёд эҳтиёжманд оилага ҳар томонлама кўмак кўрсатилди. Қисқа муддатда мазкур оилаларнинг қарийб 96 фоизи эҳтиёжмандлар рўйхатидан чиқарилди. Шуларнинг ўзиёқ, бугунги прокуратура тизими ва фаолларининг амалий ишини яққол намоён этиб турибди.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, соҳада етук кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шунингдек, тергов ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш бўйича малакали мутахассислар тайёрлаш тизими ҳам сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди, дейишга барча асосларимиз бор. Бунда табиийки, Бош прокуратура академияси негизида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси муҳим аҳамият касб этмоқда.

Умуман олганда, Ўзбекистон прокуратураси ғоят шарафли ривожланиш йўлини босиб ўтиб, ҳуқуқни қўллаш соҳасида ўз мактабига, профессионал ходимлар корпусига эга тизим сифатида шаклланди.

Тадбирда тизимда эришилган ютуқлар эътирофи билан бирга, амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар ҳақида ҳам тўхталиб, қонун бузилишларга муросасиз бўлиш — прокуратура ходимларининг конституциявий бурчи ва энг асосий вазифаси экани айтиб ўтилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан мамлакатимиз прокуратура органларидаги кўп йиллик фидокорона меҳнати, юртимизда қонунийликни ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ҳамда давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги ибратли фаолияти, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда жамиятимизда ҳуқуқий маданиятни ошириш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш борасидаги алоҳида хизматлари учун орден ва медаллар билан тақдирланган бир гуруҳ тизим фаолларига юксак мукофотлар тантанали равишда топширилди.

Тадбирда Олий Мажлис Сенати Раиси Т. Норбоева, Бош прокурор Н.Йўлдошев қатнашди.

Байрам тантанаси санъат усталари ижросидаги концерт дастури билан давом этди.

Сўз — тадбир иштирокчиларига

Венера ЕРНИЯЗОВА,

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари, “Дўстлик” ордени соҳиби:

— Президентимиз Фармони билан нуфузли давлат мукофоти билан тақдирланганим байрамга муносиб туҳфа бўлди. Бу янгиланаётган Ўзбекистонда инсон қадрига муносабатни, мамлакат равнақи, халқимизнинг фаровонлиги йўлида жонкуярлик билан яшаётган, меҳнат қилаётган киши, албатта, эътироф этилиши, рағбатлантирилишига ишончимни яна бир бор мустаҳкамлади.

Давлат мукофоти — бу эътироф. Меҳнатлар, изланишларнинг муносиб тақдирланиши. Ушбу рағбат руҳимни янада кўтарди, айни чоғда, янги куч билан олдинга интилишга ундайди.

Улуғбек ҲАМДАМОВ,

Фарғона вилояти Қўқон шаҳар прокурори,

“Мардлик” ордени соҳиби:

— Очиғи, бугун мукофот мен учун кутилмаган совға бўлди. Соҳадаги камтарона меҳнатларим юксак баҳоланиб, “Мардлик” ордени билан тақдирланганимдан ғоятда хурсандман. Албатта, бу менга жуда катта масъулият ва жавобгарлик юклайди.

Бу йил мамлакатимизда Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили деб эълон қилинди. Шундан келиб чиқиб жорий йилда ёшларни, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаб, уларни қийнаётган муаммоларини ҳал этишда янада фаол бўламиз.

Бу ишончни оқлаш учун янада шижоат билан ишлашга, Ватанимиз равнақи, халқимиз манфаати учун барча куч ва ғайратимни ишга соламан.

Хуршид ТОШПЎЛАТОВ,

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Тошкент шаҳар Юнусобод тумани бўлими бошлиғи, “Шуҳрат” медали соҳиби:

— Биласизми, бугун давлатимиз раҳбари бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар, аввало, инсон манфаатларига қаратилган. Тизим ходимлари ушбу жараёнларнинг фаол иштирокчисига айланмоқда, десам, адашмайман. Бугун МИБ фаолиятини янада такомиллаштириш, соҳага рақамли технологияларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Буларнинг барчаси халқ фаровонлигини таъминлаш ва уларни рози қилишда муҳим ўрин тутади.

Берилган мукофотни шижоатимиз, салоҳиятимиз билан оқлаймиз, албатта.

Раҳим ШEРҚУЛОВ

(“Халқ сўзи”).

Юнус Бўриев олган суратлар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?