Фавқулодда вазиятлар вазири Марказий Осиё мамлакатлари фавқулодда вазиятлар идоралари раҳбарларининг йиғилишида иштирок этди

15:11 10 Ноябрь 2023 Сиёсат
154 0

Бугун, 10 ноябрь куни Қозоғистон Республикасининг Алмати шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари фавқулодда вазиятлар идоралари раҳбарларининг йиллик минтақавий форуми ўз ишини бошлади.

Форум доирасида Марказий Осиё мамлакатлари фавқулодда вазиятлар идоралари раҳбарларининг маърузалари, эксперт ишчи гуруҳининг йиғилиши, офатлар хавфини камайтириш бўйича Сендай дастури мониторинги борасида минтақавий тренинглар, семинарлар, делегациялар раҳбарларининг икки томонлама учрашувлари каби бир қатор тадбирлар бўлиб ўтди. 

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири генерал-майор А.Х.Қўлдошев ўз нутқида мамлакатимиз раҳбарияти томонидан аҳоли ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг яқинда қабул қилинган фармон ва қарорлари, бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш, тизимли асосда амалга оширилаётган аниқ амалий ишларидир.

Шунингдек, А.Қўлдошев трансчегаравий фавқулодда вазиятларнинг олдини олишда минтақанинг барча мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг аниқ мисолларини келтирди. Тезкор ахборот алмашишни йўлга қўйиш, чегара дарёларида қирғоқларни мустаҳкамлаш ишларини олиб бориш, қўшма машғулотлар ўтказиш, эрта огоҳлантириш тизимини кенг жорий этиш ва бошқалар шулар жумласидандир.

Учрашувда Марказий Осиё мамлакатлари учун табиий ва техноген трансчегаравий таҳдидларнинг Рақамли атласини яратиш концепцияси, табиий офатлар хавфини камайтириш бўйича Сендай дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари ва бошқа долзарб мавзулар муҳокамаси ва келишуви бўлиб ўтди.

Шунингдек, Форум доирасида Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазири генерал-майор А.Х.Қўлдошев ўз ҳамкасблари – Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон қутқарув идоралари раҳбарлари ва бир қатор халқаро ташкилотлар вакиллари билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.

Таъкидлаш жоизки, ҳар йили ўтказиладиган форумнинг асосий мақсади Марказий Осиё давлатларининг ихтисослашган тузилмалари ўртасидаги яқин ҳамкорлик орқали трансчегаравий характердаги табиий офатлар хавфини максимал даражада камайтиришга эришишдан иборат.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер