Фаровон турмуш калити
Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Ибн Сино ўзининг «Тиб қонунлари» асарида ичимлик сувининг инсон ҳаётидаги аҳамиятига катта эътибор қаратиб: «Сув – инсон ҳаётининг асосидир», деб ёзганди. Модомики, шундай экан, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш ишлари ҳар доим куннинг муҳим вазифаси ҳисобланади. Шу боис республикамизда бу борада амалга оширилаётган ишлар кўлами тобора ортиб бормоқда.
Андижон вилоятида 2017 йилда аҳолининг сувлашганлик даражаси 78,1 фоиздан иборат эди. Сўнгги йилларда ҳудудлар инфратузилмасини шакллантириш орқали аҳоли турмуш шароитини яхшилашга бўлган эътибор ортди. Натижада ўтган йилда вилоятда 104 млрд. сўм маблағ ҳисобига 209 км ичимлик сув тармоғи, 12 дона сув иншооти, 36 дона сув қудуғини қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди. Натижада 33 минг нафар аҳоли илк бор ичимлик сув билан таъминланиб, 64 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатиш сифати яхшиланди.
— Маҳалламиз Андижоннинг энг олис ҳудуди ҳисобланади, — дейди Қўрғонтепа туманидаги «Қизил тўқай» МФЙ фаоли Фаридахон Ўринбоева. — Ярим аср мобайнида бир қанча муаммолар йиғилиб қолганди. Жумладан, ичимлик суви таъминоти издан чиққанлиги боис ариқдан сув ташиб келишга тўғри келган. 2023 йилга келиб маҳалламизда бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Ишонасизми, атиги 1,5 ойда ҳудудимиз тубдан ўзгариб кетди. 11 км. масофага сув қувури тортилиб, 2 та сув қудуғи ишга туширилди. Ҳар бир хонадонга сув жўмраклари олиб кирилди. Бу аҳоли турмуш тарзини тубдан ўзгартириб юборди. Тасаввур қилиб кўринг, ёзнинг чанг, қишнинг лойида узоқдан араваларда сув ташиб келиш қаёқдаю, ўзинг яшаб турган хонадоннинг ичидаги жўмракдан сув олиб ичиш қаёқда!

Ортда қолаётган йиллар давомида Андижон вилояти катта бунёдкорлик майдонига айланди. Натижада сўнги 8 йилда 5638 км сув тармоғи, 1155 дона сув қудуғи, 70 дона сув иншооти қурилди. 738 та МФЙда 996 минг нафар аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланди. 828 минг нафар аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланди. Ҳудуднинг сувлашганлик даражаси 91,9 фоизга етди. Бу республикамиз пойтахти Тошкент шаҳридан кейинги иккинчи ўриндалигини ҳисобга олсак, амалга оширилган ишлар кўлами янада яққолроқ намоён бўлади.
— Шу кунларда сув ҳисоблаш ускуналарини ўрнатишга катта эътибор қаратилмоқда, — дейди «Андижон сув таъминоти» АЖ ходими Абдувоҳид Хотамов. — Бунинг бир қанча афзалликлари бор. Биринчидан сув исрофгарчилигининг олди олинса, иккинчидан таъминот ҳажми ортади. Учинчидан истеъмолчи тўловдан иқтисод қилади. Бу борада дастлаб Пахтаобод туманида синов ишларини амалга оширдик. Шунда маълум бўлдики, тўрт кишидан иборат битта оила анъанавий усулда 1 ойга 61488 сўм миқдоридаги тўловни амалга ошириб келган бўлса, сув ҳисоблагич ўрнатилганидан сўнг бу кўрсаткич 13440 сўмни ташкил этди. Яъни, 48048 сўм маблағ иқтисод қилинишига эришилди.
Ҳозирда вилоятда 536 мингта истеъмолчи мавжуд бўлиб, уларнинг 271 мингтаси сув ҳисоблаш ускунаси билан таъминланган. Жорий йилда бу борадаги фаолият янада кенгайиши кўзда тутилган. Йил якунига қадар 73 мингта сув ҳисоблаш ускунаси ўрнатилиши керак бўлгани ҳолда айни пайтгача 13,1 мингта мослама ўрнатилди.

— Шу маҳаллада туғилиб ўсганман, ҳозир ёшим 73 да, — дейди Олтинкўл туманидаги «Қўш кўприк» маҳалласида яшовчи Аҳмадали Хамдамов. — Бу даврда ичимлик суви таъминоти мавжуд эмасди. Ёзда ариқдан, қишда «Қора дарё» каналидан сув ташиб ичдик. 2024 йили маҳалламизга ичимлик суви қувури тортилармиш, дейишса ҳам ишонмадик. Бир кун тонгда уйғонсам, кўчамизда транспорт воситаларининг овози келяпти. Ҳайрон бўлиб қарасам, сув қувури учун чуқур ковланаётган экан. Қурувчилар барака топсин, бир зумда ишни якунлаб, ҳар бир хонадонга сув жўмраклари ўрнатиб беришди. Ҳозир узоқлардан сув ташиб келиш йўқ. Қачон хоҳласак, сувимиз бисёр.
Абдумалик ота каби ҳамюртларимиз қувончига сабаб бўлиш учун ўтган йили Олтинкўл туманининг ўзида 5700 метр масофага сув тармоғи тортилиб, 2 та сув қудуғи ишга туширилди. Бунинг натижасида 400 нафар ҳамюртларимиз илк бор ичимлик суви билан таъминланишди.
— Аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, сифатли хизмат кўрсатиш мақсадидаги лойиҳалар жорий йилда ҳам кенг қулоч ёйган, — дейди «Андижон сув таъминоти» АЖ бош муҳандиси Ҳумоюн Алимов. — Бу йил давлат дастурлари доирасида 59,7 млрд. сўм маблағ ҳисобига 12 та объектда 24,4 км ичимлик сув тармоғи, 7 дона сув қудуғи ва сув иншооти қурилиб, реконструкция қилинади. Бундан ташқари, сув ҳисоблаш ускуналарини ўрнатиш, таъмирталаб қувурларда носозликни бартараф этиш ишлари ҳам ўз вақтида ташкил этилмоқда.
Андижонда сўнгги етти-саккиз йил мобайнида аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш борасидаги ишлар янги босқичга кўтарилди. Бундан истеъмолчилар миннатдор бўлаётганлиги эътиборга молик.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг