Фармонбибининг “ҳалоллик вакцинаси”

10:10 27 Февраль 2024 Жамият
319 0

Дунё яралибдики, инсон бир бедаво дард билан аёвсиз курашиб келади. Тиббиётдаги юксак тараққиёт ва оламшумул кашфиётлар ҳам бу касалликка даво тополмай, унинг қаршисида ожизлик қилмоқда. Бу — коррупция, яъни қорин қайғусида нафснинг истагига тобелик, десак, хато бўлмайди. Уни эса фақат “ҳалоллик вакцинаси” билан даволаш мумкин. “Ҳалоллик вакцинаси” инсон қалбига игна билан эмас, иймон нури орқали ўтиб, унинг виждонини поклайди. Бола туғилганидаёқ унга она сути орқали “ҳалоллик вакцинаси” сингиб боради. Бу иммунитетни шакллантириш, энг аввало, ота-оналар, қолаверса, халқимизнинг зиёли, маънавиятли қатлами зиммасидаги муҳим вазифа.

Онанинг гапини икки қилмаган ўғиллар

Бу ҳақда гап кетганда, Саид Аҳмаднинг “Келинлар қўзғолони” спектакли эсга тушади. Гап шундаки, сатира ва юморга бой бу асарда ўта жиддий, томошабинни ўйга чўмдирадиган саҳналар ҳам бор. Масалан, давлат мулкини талон-торож қилгани учун қамоққа олинган фарзандини 15 минг сўм (ўша вақтда катта пул) пора эвазига чиқариб олмоқчи бўлган аёл Фармонбибига мурожаат қилиб, ундан бу масалада милиционер ўғли ёрдам беришида воситачи бўлишни сўрайди. Шунда Фармонбиби ўғилларини чақириб бундай дейди:

— Болажонларим, мен сизларга ҳаром томоқ едирганманми? Ўғирлик қил деб ўргатганманми?

— Йўқ, — дейди бир овоздан етти ўғил.

— Бир гапимни икки қилганмисизлар, ўртага тушсам пора оласизларми?

— Ойижон, сизни ҳурмат қиламиз, лекин бу илтимосингизга йўқ деймиз.

— Ҳаммаларингга минг раҳмат! Минг марта қуллуқ, — деб Фармонбиби фарзандларига таъзим қилади. Бу таъзим замирида болаларига ҳалолликдан берган сабоқлари бесамар кетмагани, уларнинг диёнатли ва тўғрисўз бўлиб улғайганига шукроналик туйғуси бор эди. Ва Фармонбиби пора таклиф қилаётган аёлга юзланиб:

— Энди хафа бўлмайсиз, менинг ўғилларим шунақа, гапга кўнмайдиганлар хилидан, — дея кесатиқ қилади.

Фармонбиби образи ўта қаттиққўл, ҳаммага ўз ҳукмини ўтказадиган аёл сифатида тасвирланганига қарамасдан халқимиз меҳрига сазовор бўлганининг боиси ҳам унинг юраги тозалиги, фарзандларини ҳалол луқма билан боққани, уларни ўғирлик, ҳаром-харишдан йироқ бўлишга ундаганидадир, аслида. Бугун дунёда энг глобал муаммо бўлиб турган коррупциянинг олдини олишда оналарнинг ўрни ниҳоятда катта экани шу асарда ёрқин бўёқларда акс эттирилган. Бинобарин, онанинг ҳалоллиги, ҳаром луқмадан ҳазар қилиши фарзандларга ҳам юқади. Ана шунинг ўзи Фармонбибининг она сути орқали ўтган “ҳалоллик вакцинаси”дир.

Коррупция илдизи оиладаги тарбияга бориб тақалишини ўғли қамалиб, Фармонбибидан нажот сўраб келган аёлнинг гапларидан ҳам англаса бўлади. У “Ўзи емай, еганни кўра олмайдиган инсофсизлар кўпайиб кетди, биттагина арзанда ўғлимни қамаб қўйишди” дейди. Кўряпсизми, аёл “еганни кўра олмайдиган” деганда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларини назарда тутяпти. Давлат мулкини талон-торож қилган ўғлини оқлаб, уни ҳибсга олганларни айблаяпти. Демак, у ўғли ноқонуний иш билан шуғулланаётганидан хабардор бўлган ва буни нотўғри деб ҳисобламаган.

Афсуски, бундай ҳолатлар жамиятимизда кўп учрайди…

Шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди

Таъбир жоиз бўлса, коррупция саратон хасталигига ўхшайди. Бу касаллик инсон танасининг турли аъзоларига тарқалиб боргани каби у ҳам жамиятнинг барча соҳасида томир отиб, уни фалажлайди. Масалан, таълим тизимини олайлик.

Тан олиш керак, узоқ йиллар олий таълимда коррупция ҳукмронлик қилиб, ўқишга киришдан тортиб, талабанинг ўқиш жараёнида ҳам илм эмас, шахсий манфаатдорлик устунлик қилди. Ўқишга киритиб қўйишда турли фирибгарликлар авж олди. Телефонни яширинча олиб кириб, ундан фойдаланиш, пулини тўлаган абитуриентларга тайёр жавобларни етказиб бериш, “бункер”лар ташкил қилиш каби қаллобликлар билимли қолиб, билимсиз болалар талабаликка қабул қилинишига олиб келди.

Шукрки, бугун бундай иллатларга барҳам берилмоқда. ОТМга билимли, салоҳиятли ёшлар қабул қилиняпти. Юртимизда таълимда дунё стандартларига чиқиш йўлида тинимсиз саъй-ҳаракатлар олиб бориляпти.

Лекин “Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас” деганларидек, бугун ҳам пана-пастқам жойларда абитуриентларни “овлаб” юрган фирибгар шахслар аҳён-аҳёнда учраб турибди. Мана бир мисол. Коррупция ҳолатлари ҳақида хабар берувчи “Xavfsizlik” телеграм канали маълум қилишича, Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ва вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Наманган давлат университети ўқитувчиси ўзганинг ишончига кириб, танишлари орқали унинг қариндошини Қирғиз Республикасидаги олий ўқув юртига ўқишга киритиб, сўнгра Ўзбекистондаги олий таълим муассасасига кўчириб беришни ваъда қилган ва бунинг эвазига 4 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ёки Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманидаги умумтаълим мактабининг инглиз тили ўқитувчиси танишлари ёрдамида Тойлоқ туманида яшовчи фуқаронинг хорижий олий таълим муассасаси талабаси эканлиги тўғрисида сохта ҳужжат тайёрлаб, Самарқанд давлат тиббиёт университетининг 2-босқичига ўқишга киритиб қўйиш учун 6 минг доллар ҳамда унинг қариндошига инглиз тили бўйича миллий сертификат олиб бериш учун 1200 доллар, жами 7,2 минг долларни олган вақтида ДХХ Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ва ИЖҚК департаментининг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинганига нима дейсиз?

Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Лекин кишини масаланинг бошқа жиҳати ўйлантиради. Фирибгарларга порани аксарият ҳолларда талаба бўлиш илинжидаги ёшлар эмас, уларнинг ота-оналари беради. Фарзандларини ёшлигиданоқ муаммоларини билим билан эмас, пора билан ҳал қилишга ўргатаётган бундай ота-оналарнинг ўзлари “ҳалоллик вакцинаси”га муҳтождай, назаримизда…

Халқ пулига кўз олайтирманг!

Президентимиз раислигида шу йил 16 январь куни иқтисодиётни ривожлантириш бўйича ҳукумат олдидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ўтган йили бюджетдан 1,2 трлн. сўмлик ноқонуний харажат ҳамда 200 млрд. сўмлик камомад ва ўғирликларга йўл қўйилгани аниқлангани айтилди.

Эътибор беринг, шунча маблағ халқимизнинг эзгу мақсадлари йўлида сарфланиши белгиланган. Шундай экан, нафсининг қулига айланган ва эл-юрт тараққиётидан ўз манфаатини устун қўйган бундай кишиларни ким деб аташ мумкин? Наҳотки, уларнинг мақсад-муддаоси фақат қорин қайғуси ва мол-дунёга ҳирс қўйиш бўлса?

Ваҳоланки, ҳаётда учраётган бундай иллатларга муросасиз бўлиш, уни фош этиш бугунги куннинг энг долзарб вазифасидир.

Яна ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилган маълумотларга мурожаат қиламиз. ДХХнинг Жиззах вилояти бўйича бошқармаси материаллари асосида вилоят Давлат молиявий назорати бошқармаси томонидан ўтказилган текширув натижасида Мирзачўл тумани халқ таълими бўлими фаолиятидаги қонунбузарлик ҳолатлари аниқланган. Хусусан, ўрнатилган тартиб-қоидаларга зид равишда синфлар шакллантирилиши, таътил, иш ҳақи ва устама пуллар ортиқча тўланиши, қурилиш-таъмирлаш ишларида қўшиб ёзиш, умумий ўрта таълим мактабларидаги товар-моддий бойликларда камомадлар мавжудлиги ва бошқа ҳолатлар натижасида давлатга 1 млрд. 593 млн. сўм миқдорида зарар етказилган.

ДХХнинг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ИЖҚК департаментининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда вилоят Солиқ бошқармаси солиқ назорати бўлими бош инспектори Пастдарғом туманида фаолият юритувчи масъулияти чекланган жамиятда ўтказилган текширувда аниқланган 2,5 млрд. сўмлик солиқ қарздорлигини ушбу текширувни ўтказган ҳамкасби орқали 1 млрд. сўмга тушириб бериш учун 15 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Энг ёмони, бундай коррупция ҳолатлари касб тақозосига кўра адолатни ҳимоя қилиши лозим бўлган шахслар орасида ҳам учрайди. Масалан, Наманган шаҳрида фаолият юритувчи адвокатлик фирмаси ходими маҳаллий фуқаронинг маъмурий судда кўрилаётган мулкий низо билан боғлиқ масаласини суд идораларида ишловчи танишлари орқали унинг фойдасига ҳал қилиб бериш эвазига 10 минг доллар, шунингдек, кўрилаётган иш доирасида экспертиза хулосасини расмийлаштириб бериш эвазига 2 минг доллар, жами 12 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 7 минг доллар олган вақтида қўлга олинган.

Бошқа бир ҳолатда эса Сурхондарё вилояти суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг судья катта ёрдамчиси маҳаллий тадбиркорнинг ишончига кириб, унинг апелляция босқичида кўрилаётган даъво аризасини ҳамкасблари орқали ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 6 минг доллар олган вақтида ДХХнинг вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ҳибсга олинган. Баъзан “Қўлга тушибди, ажаб бўпти, қадамини ўйлаб боссин эди” деб қўя қоламиз. Аслида эса қўлга тушганни қоралаш билан иш битмайди…

Коррупцияга қарши айтар сўзимиз борми?

Коррупция шундай иллатки, у жамиятда адолатсизликни, ҳақсизликни вужудга келтиради. Ишда сифат ва самарадорлик йўқолади. “Яширин иқтисодиёт” ривожланади.

Албатта, бундай бўлишига ҳаммамиз қаршимиз, аммо билиб-билмай ўзимиз ҳам иштирокчига айланиб қолаётганимиз, гоҳида коррупцияга йўл қўйган ходимни кўриб, кўрмасликка олаётганимиз ачинарлидир. Чунки коррупция айнан ўша лоқайдлигимиз туфайли ривожланади.

Масалан, кўпинча қоидани бузган ҳайдовчи йўл-патруль хизмати вакилига илтимос қилади, ёлворади. Лекин у ўз вазифасини сидқидилдан бажариб, ҳайдовчига жарима ёзса, “Гапга кўнмайдиган, номард одам экан” дейди. Шахсий манфаатдорлик эвазига ҳайдовчининг қилган айбини яширган ходимни эса мақтайди, “Мард экан, гапга кўнди” дейди. Бу билан коррупцияга йўл очиб бераётганини хаёлига ҳам келтирмайди.

Коррупциянинг катта-кичиги бўлмайди. Бинобарин, коррупция “тегирмони”га ўзимиз сув қуйиб, тағин бу иллатдан ўзимиз нолиб юришимиз ортиқча.

— Инсонни қийин аҳволга туширадиган, руҳан эзадиган ҳолатлар ичида энг оғири адолатсизлик ҳисобланади, дейиш мумкин, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси аъзоси Дилбар Мамажонова. — Унинг бир илдизи коррупция билан боғлиқ бўлиб, бу шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишида ифодаланади. Кейинги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши кескин кураш олиб борилаётганига барчамиз гувоҳмиз. Бу курашда эса нафақат биз, депутатлар, балки кенг жамоатчилик, ўқитувчилар, айниқса, ота-оналар фаол иштирок этиши лозим. Жамиятдаги бу иллатнинг юртимиз тараққиётига Қов, инсон шаънига қора доғ эканини фарзандларимиз чуқур идрок этишига эришишимиз керак.

Маълумки, 2023 йил 19 декабрь куни “Tashkent city” халқаро ишбилармонлик маркази ҳудудида дунё ҳамжамиятининг коррупцияга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатларини ифодаловчи монумент очилди. Кафти очиқ қўл кўринишида металлдан ишланган ушбу ўн икки метрлик композиция ҳалоллик, пок амал ва ниятларни, коррупцияга нисбатан мутлақ тоқатсизликни, дунёнинг барча мамлакатларини унга қарши курашишда бирлашишга чақириқни англатади. Бу эса Ўзбекистон коррупцияга қарши курашдаги минтақавий ва глобал ташаббус ҳамда янги лойиҳаларни қўллаб-қувватлашини, уларда фаол қатнашишга тайёрлигини билдиради. Демак, коррупциянинг пайи қирқилмоқда.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Ўзбекистон коррупцияга қарши кураш соҳасида амалий ишлар босқичига чиқди ва бу жараён узлуксиз давом этади.

Ҳалоллик доимий дастуримиз бўлсин

Бугун жамиятни порахўрликдан тозалаш, бу иллатнинг мамлакат тараққиётига қай даражада салбий таъсир кўрсатаётгани ҳақида кўп гапиряпмиз. “Коррупция” деган истилоҳ тилимиздан тушмай қолди. Оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда кунда-кунора қайсидир судьянинг, таълим муассасаси маъмурининг, божхона ёки прокуратура ходимининг катта миқдорда пора билан қўлга тушгани ҳақида хабар тарқалмоқда.

Бу саъй-ҳаракатлар натижасида ҳозирги кунда аҳоли орасида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат қарор топмоқда. Коррупция билан боғлиқ ҳолатлар тез-тез фош этилаётгани ва айбдорлар жазога тортилаётгани шунинг натижасидир.

Демак, бу ҳаракат янада кенг қулоч ёйса, яъни ҳар бир шахс тамагирлик ҳолатига дуч келганда, бу ҳақда тегишли органларга хабар қилса, пора беришдан тийилса, бировнинг ҳақидан ҳазар қилса, янада самаралироқ натижага эришишимиз муқаррар. Зеро, коррупциядан қутулиш — емирилишдан қутулиш эканини барчамиз англашимиз шарт. Унутманг, коррупция учун фақат пора олувчи мансабдор эмас, балки берувчи шахс ҳам жавобгар бўлади.

Ҳақиқат шуки, коррупциянинг олдини олишнинг энг мақбул йўли — ҳалоллик. Ҳалоллик бор жойда файзу барака бўлади. Бу фазилат эса оилада шаклланиб, жамиятда ўзини кўрсатади.

…Деҳқонобод туманида Оқработ қишлоғи бор. Бу манзил пурвиқор тоғларга туташиб кетган. Одамларининг қалби ҳам булоқ сувидек тоза ва тоғ ҳавосидек мусаффо. Бу қишлоққа яқин ҳудуддаги тоғда ғор бўлиб, унинг ичидаги ҳарорат қишин-ёзин салқин бўлади. Аҳоли шу ғор токчаларида мол қорнига солинган сариёғни сақлашади. Маҳсулот худди музлаткичда тургандек сақланади. Ҳайратланарли томони ғорнинг на эшиги бор, на қулфи. Лекин ҳеч ким бировнинг ҳақига хиёнат қилмайди. Бу ҳолат, шубҳасиз, қишлоқ аҳлининг “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланганидан дарак беради.

Албатта, юртимизда бундай маҳаллаю қишлоқлар, қалби пок ва беғубор кишилар кўплаб топилади. Яхши одамларнинг борлиги учун ҳам дунё мавжуд, тириклик бардавом.

Шу ўринда улуғ бобокалонимиз, соҳибқирон Амир Темурнинг ўз васиятида “Ўғилларим, адолат ва эзгулик қилмоқ доимий дастурингиз, раҳбарингиз бўлсин” деган сўзларини ёдга олмоқнинг айни мавриди. Зотан, биз улуғ аждодларимизнинг вориси эканимизни, уларга муносиб фарзанд бўлиш виждоний бурчимиз эканини ҳеч қачон унутмайлик.

Фахриддин БОЗОРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер