Фарғонанинг ҳар бир ҳудуди, ҳар бир қарич ер боғу бўстон бўлади

13:45 09 Январь 2025 Жамият
141 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Президентимизнинг 2024 йил 30 декабрда қабул қилинган “Қишлоқ хўжалиги майдонларидаги қўшимча имкониятлардан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштиришни кўпайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Фарғона вилоятида изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Шу мақсадда вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ҳудудлар кесимида ишчи гуруҳлар фаолияти шакллантирилиб, белгиланган юмушларни тизими ташкил этиш учун мобил илова дастурлари ишга туширилди.

— Вилоят бўйлаб дала четларига 2,4 минг гектар, суғориш тизимлари ҳудудида 5,9 минг гектар ерда мевали ва манзарали дарахт кўчатлари, кундалик озиқ-овқат экинлари экиш режалаштирилди, — дейди Фарғона вилояти ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи Абдуҳалим Саидов. — Бу борада қишлоқ хўжалиги субъектлари, аҳоли томорқаси, маҳаллалар, кўп қаватли уйлар ҳудудига экиш учун 29 миллион 612 минг кўчат ҳамда уруғ захираси яратилди.

Белгиланган юмушлар сифатли бажарилиши ва кейинчалик ҳам амалий жиҳатдан кўмаклашиш мақсадида шаҳар-туманлар кесимида 200 нафардан зиёд малакали мутахассислар бириктирилди.

Айтиш жоиз, Қува туманида ота-боболардан ўтиб келаётган кўчатчилик анъаналари бугунги замонавий усулларга мослаштириляпти. Айни жараёнда об-ҳаво инжиқликларига мос янги навлар яратиш, кўчатларни экиш ва парвариш қилишда янги технологияларни қўллаш, сувни иқтисод қилиш ва юқори ҳосил олиш мақсадида томчилатиб суғориш усулларини жорий қилиш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу кунларда Қува тумани ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўлими ходимлари маҳаллалар еттилиги билан хонадонма-хонадон юриб, мавжуд имкониятларни ўрганишди. Унга кўра, бугунги кунда жаҳон бозорида талаб юқори бўлган 134 минг туп олча, жайдари олхўри, узум, беҳи, жилон жийда ва бодом дарахти кўчатлари мавжудлиги аниқланди. Шунингдек, 3 миллион тупдан кўпроқ экспортга йўналтириладиган ўрик, олма, хурмо, анор, нок, шафтоли каби кўчатлар етиштирилаётгани маълум бўлди.

— Бу қарор ижросини таъминлаш мақсадида дала четлари ҳамда аҳоли томорқаси, хонадонлар ва кўп қаватли уйлар олди, маҳалланинг ички кўчаларида маҳсулот етиштириш, қишлоқ хўжалиги субъектларига уруғ ва кўчатлар етказиб бериш ҳамда етиштирилган маҳсулотларни экспортга йўналтиришни ташкил қилиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди, — дейди А.Саидов. — Айни пайтда тажрибали боғбонлар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари тавсияси билан ер музламаганлиги инобатга олиниб, Қува туманидаги кўп қаватли уйларнинг олди қисмидаги очиқ майдонлари, маҳаллаларнинг бўш ерларига экспортбоп мева кўчатлари экишга киришилди.

Қува туманида бўлгани каби вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам маҳаллий иқлим, тупроқ шароитидан келиб чиқиб, талаб юқори бўлган мевалар етиштиришга ихтисослаштириш, экспортбоп, “in-vitro” усулида яратилган мевали пайвандтагли кўчатларни етказиб беришга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер