Фарғонадаги бир мактабнинг 50 нафар битирувчиси муддатидан олдин нуфузли ОТМлари талабаси бўлди
Фото: "Халқ сўзи"
Ботир МАДИЁРОВ / «Халқ сўзи». Фарғона шаҳрида жойлашган 21-умумтаълим мактаби хорижий тиллар ва аниқ фанларни ўқитишга ихтисослашган бўлиб, айни пайтда таълим даргоҳида 2 минг 400 нафардан зиёд ўқувчи таълим-тарбия олмоқда.
Қувонарлиси, жорий ўқув йилида мактабни тамомлаётган 131 нафар ўғил-қизларнинг 50 нафари турли танловлар ғолиби сифатида ҳамда халқаро сертификатларни қўлга киритиб муддатидан олдин деярли юз фоиз хорижнинг нуфузли олий таълим муассасалари талабаси бўлди. Бир нафар ўқувчи эса пойтахтимизда фаолият кўрсатаётган Янги Ўзбекистон университетида грант асосида ўқиш ҳуқуқини қўлга киритди.
— Ўтган ўқув йилида ҳам 152 нафар битирувчиларимизнинг 110 нафарга яқини олий таълимга кирган эди, — дейди мактаб директори Ўктамжон Мўйдинов. — Шу билан бирга ўтган йилги битирувчиларимизнинг деярли 50 нафари ўқувчилик давридаёқ халқаро сертификатларни қўлга киритган бўлса, синовлар давом этаётган жараёнда ҳозирча бу йилги битирувчиларимизнинг 20 дан ортиғи шундай сертификатларга муносиб топилди.
Айтиш жоиз, 108 нафар тажрибали ўқитувчилар меҳнат қилаётган педагогик жамоа ўтган йили «Хорижий тилларни ўқитаётган энг яхши мактаб» танловининг шаҳар босқичида фахрли 1-ўрин, вилоятда 2-ўринни эгаллаб, 300 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди. Билим даргоҳи «Ташаббусли бюджет» лойиҳасининг жорий йилги биринчи босқичида ғолиб бўлди ҳамда мебель ва IT жиҳозлари сотиб олиш учун 1 миллиард 200 миллион сўм ютиб олди. Аҳил-иноқ жамоа «Ташаббусли бюджет» лойиҳасида фаол иштироки орқали ўтган йили 250, икки йил олдин 350 миллион сўм ютиб олган эди.
Айни пайтда мактабда бир нафар ўқитувчи Мактабгача ва мактаб таълими вазири устамаси, 10 нафарга яқин устозлар эса 1000 доллар ва ундан кўп иш ҳақи олмоқда. Шунингдек, 14 нафар инглиз тили ўқитувчиларининг барчаси халқаро сертификатларга эга. Ўз навбатида 20 нафар ўқитувчи олий тоифали устоз сифатида эътироф этилган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Президент Ўзбекистон божхона соҳаси ходимларига табрик йўллади
- Тошкентда Осиё Олимпия кенгашига янги раҳбар сайланди (+фоторепортаж)
- «Янги Ўзбекистон юлдузлари» миллий мукофоти халқаро даражага кўтарилмоқда
- АҚШ Адлия вазирлиги Эпштейн иши бўйича 3 миллионта файлни эълон қилди
- Трамп Кубадан келаётган таҳдид сабаб АҚШда фавқулодда ҳолат эълон қилди
- Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида Осиё Олимпия кенгашининг 46-Бош Ассамблеяси бўлиб ўтмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг