Фарғонада “Умуммиллий бирдамлик фестивали” бўлиб ўтмоқда
Айни кунларда Фарғона вилояти бўйлаб мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамини муносиб кутиб олиш мақсадида “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида “Умуммиллий бирдамлик фестивали” бўлиб ўтмоқда.
Ундан кўзланган асосий мақсад миллий бирдамликни мустаҳкамлаш, ёшлар ва кенг жамоатчилик ўртасида Ватанга муҳаббат, тинчлик, дўстлик ва бағрикенглик ғояларини кенг тарғиб этиш, жамиятимизда ижтимоий фаоллик ҳамда маънавий барқарорликни кучайтиришга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.
— Шаҳар-туманларда ўтказилаётган тадбирлар доирасида “Инсон қадри”, “Умуммиллий бирдамлик”, “Дилдаги гаплар”, “Маслаҳат оши”, “Фаровон ҳаётга илк қадам”, “Бахтли болалик шарафига”, “Китоб марафони” сингари акциялар ташкил этилмоқда, — дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Фарғона вилояти бўлими раҳбари Мадиёр Туримов. — Ўз навбатида “Шижоат” ватанпарварлик лойиҳаси амалга оширилмоқда Ҳар бир ҳудудда фестивалнинг якуний қисми сифатида “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида гала-концерлар ўтказилаётир.

Фарғона, Қўқон ва Марғилон шаҳри, Учкўприк, Олтиариқ каби бир қатор ҳудудларда уюштирилган юзма-юз мулоқотлар самимий дийдор онлари билан ёдда қоладиган бўлди. Пойтахтдан ташриф буюрган профессор-ўқитувчилар, санъаткор ва ижодкорлар иштирокидаги маърифий суҳбатлар, адабий-бадиий дастурлар барчада унутилмас таассуротлар қолдирди.
— Фестивалда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ёш аъзолари томонидан саҳналаштирилган “Қасамёд” спектакли кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди, — дейди ёш ижодкор Мадаминжон Солижонов. — Боиси ушбу саҳна асарида миллий ўзлик ва фидойилик туйғулари, ўтган асрда кечган мураккаб тарихий воқеалар акс эттирилган.
Бундай учрашувлар ёш ижодкор ва санъаткорларга ўз истеъдодини намоён этиш имконини бериши билан ҳам эътиборга молик.
Фарғона шаҳридаги Экошаҳар амфитеатрида ҳам фестиваль доирасида гала-концерт ташкил этилиб, тадбир қатнашчилари Ўзбекистон халқ артистлари, таниқли профессор, олимлар, шоир ва ёзувчилар, кино ва театр актёрлари, хушовоз хонандалар ҳамда ёш ижодкорлар чиқишларидан баҳраманд бўлди.
Шу кунларда Фарғонада фестиваль тадбирлари давом этмоқда.
Ботир МАДИЁРОВ,
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг