Фарғонада Президент мактаби ўз фаолиятини бошлади

Фото: "Халқ сўзи"
Фарғона шаҳрида замонавий шаҳарсозлик меъморчилиги анъаналари асосида қад ростлаган таълим даргоҳи – Президент мактабининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тантанали тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, Президент таълим муассасалари агентлиги директори Ҳилола Умарова, вилоят фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари, ота-оналар, ёшлар иштирок этди.
Тантанали маросимда 80 миллиард сўмдан зиёд маблағ эвазига қурилиш ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилган ушбу таълим муассасаси мамлакатимизда баркамол авлодни тарбиялаш, жаҳон андозаларига мос мутахассислар тайёрлашга хизмат қилиши таъкидланди.
– Президент мактабида Учинчи Ренессанс бунёдкорлари, буюк аждодларимизнинг муносиб ворислари етиб чиқишига ишонамиз. Бу йигит-қизлар келажакда юртимиз шуҳратини дунёга таратади,–деди вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров.
Янги ва инновацион таълим дастурига эга мактабга энг иқтидорли ўқувчилар саралаб олинди. Синфхоналар ҳар бир фан учун махсус жиҳозланди, электрон доскада дарс жадвали, танаффус вақти, ўқитувчи ҳақида қисқача маълумот берилади. Дарслар якунлангач, ўқувчилар турли фан тўгаракларига қатнашади. Дарс тугаши ва бошланишидан огоҳлантирувчи қўнғироқлар ўрнига ўқувчиларга руҳан тетиклик ва мотивация берувчи куй-қўшиқлар жаранг сочади. Ўқувчилар ҳафтанинг беш куни давомида бу ерда ҳам яшайди, ҳам ўқийди.
– Имтиҳон асосида 5-10-синфларга 144 нафар иқтидорли ўқувчи қабул қилинди. Янги ўқув йилдан бошлаб эса бу ерда 168 нафар ўқувчи таълим олиши режалаштирилган,–дейди Президент мактаби директори Ҳасанхон Ҳусанов. – Ўқувчилар ётоқхона, мактаб формаси, беш маҳал овқат, ноутбук билан таъминланади. 22 нафар маҳаллий, 10 нафар хорижлик педагоглар танлов асосида ишга олинди.
Мактабда Англия, Канада, АҚШ, Миср, Янги Зеландия, Зимбабве, Филиппин, Корея Республикаси, Ямайкадан келган хорижий мутахассислар фаолият олиб борадилар.
– Бундан аввал Қозоғистонда фаолият кўрсатганман, – дейди физика фани ўқитувчиси, канадалик Абдул Малик. – Биринчи таассуротнинг ўзи ўзбек ёшларида билим олишга иштиёқ кучли эканлигидан далолат бермоқда. Ўз навбатида Фарғонанинг гўзал табиати, самимий ва меҳмондўст одамлари, хуштаъм таомлари мени ўзига мафтун этди.
Таълим даргоҳида Миллий гвардиянинг Фарғона вилояти бошқармаси билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Дарсдан сўнг ўқувчилар учун камондан отиш, чавандозлик каби спорт турларидан машғулотлар ташкилланади.
– Халқаро сертификат олиб, келгусида Оксфорд университетида халқаро иқтисод соҳасида ўқишни мақсад қилганман,–дейди 10-синф ўқувчиси Абдулҳафиз Абдураимов. – Юрт равнақ-ривожи йўлида янгиликлар яратиш, инновацион технологиялар жорий қилиш ниятидаман. Баркамол авлод вакиллари Ўзбекистон жаҳонда ўз ўрнига эга бўлиши учун биз бор билимимизни сарфлаймиз.
Тадбир қатнашчилари таълим маскани билан яқиндан танишиб, ўқитувчи ва ўқувчиларга эзгу тилакларини изҳор этдилар.
Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- «100 миллиондан ортиқ гуллар, модалар ҳафталиги ҳамда турфа таомлар тақдимоти»: Наманганда ўтказилаётган 64 Халқаро гуллар фестивалидан видео ва фоторепортаж
- Ўзбекистон тарихида илк бор мундиал йўлланмасини қўлга киритган миллий терма жамоамиз Тошкентга қайтиб келди — Фоторепортаж
- Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Исроил–Эрон можароси юзасидан баёнот берди
- «Air India» фожиасидаги тирик қолган ягона йўловчи ҳикояси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг