Фарғонада ўзаро жанжал туфайли ука акасини пичоқлади
Халқимизда азалдан оилада ака-укачилик ришталарига путур етказмаслик, жигарлар ўртасида ўзаро меҳр-оқибат туйғуларини улуғлаш қадрият даражасига кўтарилган. Афсуски, бугунги кунда оила ва оилавий муносабатларга беписанд қараш, айниқса, ёшларимиз орасида бот-бот учрамоқда. Шу йилнинг бошида Қўқон шаҳрида юз берган фожеа ҳам ака-укалар ўртасида оқибат кўтарилган оилалар борлигини исботлайди.
Қўқон шаҳрида яшовчи Ш.А. 2021 йил 13 январь куни онаси билан телевизор кўраётган бир пайтда бошқа каналга олиш устида тортишиб қолади. Бу ҳолатни кузатиб турган ака укасини арзимаган нарса учун шовқин кўтармасликка, онага нисбатан ҳурматсизлик қилмасликка чақиради. Бу тортишув ака-ука ўртасида жанжалга айланади. Важоҳат отига минган ука кутилмаганда ошхона пичоғини олиб, ҳовлида турган акасига тан жароҳати етказади. Ака кўчага қочиб чиқади, лекин ука қувиб бориб, яна бир неча маротаба пичоқ уради...
Бу шовқин-сурондан кўчага чиққан маҳалладошлар кўмагида жабрдийда акага вақтида тез тиббий ёрдам кўрсатилади. Ҳайриятки, аканинг ҳаёти сақлаб қолинади, бироқ тан жароҳати битгани билан энди қалб жароҳати битармикан?!
Бу ҳолат юзасидан зўравон укага жиноят иши қўзғатилиб, тергов-суриштирув ишлари олиб борилди. Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг ҳукмига кўра, Ш.А. Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилди. Муқаддам судланмагани, жабрланувчи билан яқин қариндошлиги инобатга олиниб, унга нисбатан 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Ботир Мадиёров, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Самарқанд мактабининг янги нафаси
- Иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди
- Ламин Ямал «Барселона»ни тарк этиши мумкин
- Ҳар бир ҳудудда “Касаба уюшмалари боғлари” ташкил этилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг