Фарғонада маънавият фестиваллари бўлиб ўтмоқда

11:26 31 Март 2023 Маданият
1307 0

Фото: «Халқ сўзи»

Фарғона вилоятида Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан «Халқ Конституцияси билан халқчил давлат сари» шиори остида Маънавият фестиваллари ўтказилмоқда.

Унда пойтахтдан келган таниқли олимлар, шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар ҳамда «Маърифат» тарғиботчилари жамияти аъзолари иштирок этмоқдалар.

Фото: «Халқ сўзи»

Маълумки, шу йилнинг 30 апрель куни мамлакатимизда муҳим сиёсий тадбир — «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикасининг референдуми ўтказилади. Бу катта тарихий воқеага Фарғона вилоятида ҳам тараддуд кўрилмоқда. Айни жараёнда аҳолининг барча қатламлари иштирокида шаҳар-туманларда тарғибот тадбирлари ташкил этилиб, янгиланаётган Конституциянинг мазмун-моҳияти тушунтириляпти.

Фото: «Халқ сўзи»

Маънавият фестивали дастлаб Қувасой ва Марғилон шаҳарларидан бошланди. Қувасой шаҳридаги «Дўстлик» МФЙда жойлашган маданият марказида бўлиб ўтган тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Мирзо, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси Жамила Шермуҳаммедова ва бошқалар янгиланаётган Конституция жамиятимизнинг янги тараққиёт эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳаётий зарурат эканлигини таъкидладилар. Самимий мулоқот тарзида ўтказилган байрам тадбирида бош қомусимизга киритилаётган муҳим ўзгаришлар хусусида тўлиқ маълумот берилди.

Фото: «Халқ сўзи»

Маънавият фестивали давомида қувасойликлар 30 апрель кунги референдумда фаол иштирок этишларини изҳор этишди. Санъаткорларнинг дилтортар қўшиқлари тадбир иштирокчиларига кўтаринки кайфият бахш этди.

— Бугун байрамона кайфиятда мириқиб ҳордиқ чиқариш билан бирга, бош қомусимизга киритилаётган янгилик ва ўзгаришлар борасида ҳам билимларимиз мустаҳкамланди, — дейди Ўғилой Каримова. — Шу боис, ўз ҳаётимиз, тақдиримиз ва келажагимизга бефарқ бўлмаган ҳолда референдумда фаол иштирок этамиз.

Айни кунларда Фарғона вилояти бўйлаб Маънавият фестиваллари давом этмоқда.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер