Фарғонада «Китобхонлик ҳафталиги» катта тантана билан бошланди

10:41 22 Апрель 2025 Жамият
110 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Фарғона вилоятида «Ўзбекистон – китобхонлар юрти» шиори остида ўтказиладиган анъанавий китобхонлик ҳафталиги бошланди. Шу муносабат билан Аҳмад Фарғоний номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида V республика «Китобхонлик ҳафталиги»нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тантана қатнашчиларини Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Шерзод Полвонов қутлаб, бу борада белгиланган барча маънавий-маърифий тадбирлар юқори савияда ўтказилишига ишонч билдирди.

Айтиш жоиз, Фарғона вилояти азалдан китобсевар, адабиётга ихлоси баланд бўлганлар юрти. Шу боис китобхонлик маданиятини ошириш йўлида кўплаб ижобий ислоҳотлар бугун ўз натижасини бермоқда.

Хусусан, кейинги йилларда вилоятда давлат хизматчиларининг китоб мутолаасига қизиқишини ривожлантириш мақсадида «Фарғона тажрибаси» сифатида вилоят ҳокимининг қарори билан «Давлат хизматчиси кутубхонада бир кун» лойиҳаси ташкил этилди.

Ўз навбатида, мамлакатимизда илк маротаба Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ташаббуси билан 2025 йил вилоятда «Китобхонлик йили» сифатида эълон қилинди. Китобхонлик йилида кўплаб лойиҳалар, тадбирлар, танловлар, китоб фестиваллари, энг асосийси «Central Asia-2025» Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари» XVIII халқаро конференцияси бўлиб ўтиши режалаштирилган. Анжуманда 400 нафар маҳаллий соҳа мутахассислари билан бир қаторда 30 нафар хорижий экспертларнинг иштироки кутилмоқда.

Халқаро конференция доирасида Аҳмад Фарғоний номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказининг 125 йиллиги ҳам кенг нишонланади. Зиё маскани 1899 йили очилган бўлиб, ҳозирги кунда 30 дан ортиқ тилда ва турли ахборот ташувчилардаги 350 минг нусхадан кўпроқ универсал жамғармага эга.

Яқинда кутубхона Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан 12,7 миллиард сўм маблағ эвазига қайта таъмирланиб, китобхонлар учун барча қулай шарт-шароитлар, замонавий моддий-техника базаси билан жиҳозланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?