Фарғонада Хитой пахта териш машиналари ишлаб чиқарилади

11:15 03 Апрель 2024 Иқтисодиёт
377 0

Фото: "Халқ сўзи"

Ботир Мадиёров/«Халқ сўзи». Фарғонада Хитойнинг «Shandong Swan Cotton Industrial Machinery» компанияси томонидан пахта териш машиналарини йиғиш, сервис хизмати кўрсатиш маркази ҳамда механизаторлар учун ўқув курси ташкил этиш лойиҳасини амалга оширишга киришилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, «Ўзагролизинг» АЖ бошқарув раиси Нодир Отажонов, «Shandong Swan Cotton Industrial Machinery» компанияси бошқаруви вакиллари, туманлар ҳокимлари, Фарғона водийси вилоятлари пахта-тўқимачилик кластерлари раҳбарлари ҳамда фермерлар иштирок этди.

— Шу йилнинг январь ойида вилоят делегацияси Хитойга ташриф чоғида ушбу корхонада бўлиб, барча жараёнлар билан танишган ва якунда яқин ҳамкорлик бўйича келишувга эришилганди, — дейди Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Дилмурод Жумабоев. — Ҳозирда корхонада тайёрланаётган техникалар дунёнинг 30 дан ортиқ давлатларига экспорт қилинади. Фарғона шаҳридаги собиқ механика заводи ҳудудига жойлаштирилган мазкур лойиҳа доирасида техникаларга сервис хизмати кўрсатиш маркази ҳамда механизаторлар учун ўқув курси фаолиятини йўлга қўйиш ҳам режалаштирилган.

Айтиш жоиз, пахта териш машиналарини 20 фоизлик дастлабки тўлов билан 10 йил муддатга лизинг асосида харид қилиш имконияти яратилади. Шунингдек, терим машиналари сотиб олишда пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликларига 15 фоизлик субсидия берилиши ҳам кўзда тутилган.

Мулоқотлар чоғида ушбу компания томонидан ишлаб чиқарилаётган ғалла ўриш комбайнларини жорий мавсумда вилоятдаги ғаллачилик кластерлари дала майдонларида синовдан ўтказишга ҳам келишиб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер