Фарғонада ҳужра ташкил қилиб, болаларга ноқонуний диний сабоқ бераётганлар аниқланди

03:11 14 Июнь 2025 Жамият
169 0

Иллюстратив фото

Фарғона вилоятида уйида ҳужра ташкил қилиб, ноқонуний диний сабоқ бериб келган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизмати хабар қилди.

Маълум бўлишича, 9 июнь куни ДХХнинг вилоят бошқармаси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда Риштон тумани «Юқори Авазбой» МФЙ Иттифоқ кўчасида яшовчи шахс уйида ҳужра шароитида 10 нафар вояга етмаган болага диний сабоқ бериб келаётгани аниқланди.

Болаларнинг 4 нафари 2015, 3 нафари 2017 ва 2 нафари 2019 йилда туғилган. Улар Риштон ва Олтиариқ туманларидаги мактаб ўқувчилари бўлишган. Май ойи охирида яшаш уйида ҳужра ташкил қилган шахс ўз хизмати эвазига болаларнинг ота-оналаридан 500-600 минг сўмдан ҳақ олиб келган.

Шунингдек, 10 июнь куни ўтказилган тезкор тадбир давомида Бағдод тумани «Наврўз» МФЙда яшовчи 1969 йилда туғилган фуқаро ҳам ўз уйида ноқонуний тарзда диний таълим бераётгани фош қилинган. Маълум қилинишича, у ойига бир миллион сўм эвазига 17 нафар болага сабоқ бериб келган.

Тошкент шаҳри, Андижон ва Жиззах вилоятларидан келиб ҳужрада таҳсил олаётганларнинг 11 нафари ҳали ёш болалар бўлган.

Бундан ташқари, 11 июнь куни Бувайда туманида яшовчи шахс ҳам ноқонуний диний таълим бериб келгани аниқланди. Мазкур шахс уйида Қашқадарё, Наманган вилоятидан бўлган 14 нафар вояга етмаган болага тасдиқланмаган турли диний адабиётлардан фойдаланиб ноқонуний диний сабоқ бериб келаётгани аниқланди.

Ҳозирда ҳужра ташкил этган шахслар ва ноқонуний сабоқ олган болаларнинг ота-оналарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан ҳужжатлар расмийлаштириб, судларга юборилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?