Фарғонада «Беш ташаббус олимпиадаси» доирасида маҳалла ёшлари учун спорт анжомлари топширилди

17:29 07 Январь 2026 Жамият
266 0

Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар марказида инсон, айниқса ёшлар манфаати туради. 2026 йилда маҳаллаларда оммавий спортни ривожлантириш, ёшларни спорт орқали бирлаштириш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шу мақсадда Фарғона вилоятида навбатдаги эзгу ташаббус амалга оширилди. Фарғона шаҳридаги «SAMO» спорт мажмуасида жорий йилда «Беш ташаббус олимпиадаси» доирасида ўтказиладиган спорт мусобақалари олдидан вилоятдаги барча 1017 та маҳалла ёшлари етакчиларига спорт анжомларини топширишга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Ушбу тадбир маҳаллаларда спорт муҳитини янада жонлантириш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш йўлида муҳим қадам бўлди.

Тадбирда Фарғона вилояти Спорт бошқармаси бошлиғи Нодирбек Ҳакимов сўзга чиқиб, «Беш ташаббус олимпиадаси»нинг жорий йилги мавсуми ҳам янги иқтидорларни айнан маҳалладаёқ кашф этишига ишонч билдирди.

Спорт анжомлари билан таъминланган ҳар бир маҳалла ёшларида ўз устида ишлаш, жамоавий руҳни шакллантириш ва юқори натижаларга эришиш учун янада кенг имкониятлар яратилади. Биз ишонамизки, катта спортга олиб чиқадиган илк қадам айнан маҳаллада қўйилади, — деди Нодирбек Ҳакимов.

Шунингдек, вилоят ёшлар бошқармаси бошлиғи Бобур Мўминов, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Мадиёр Туримов, спортчилар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Маросимда ёшларни оммавий спортга жалб этиш, соғлом турмуш тарзини ҳаёт меъёрига айлантириш Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим шарти экани таъкидланди.

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 11 апрелдаги «Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–201-сонли қарорига мувофиқ «Беш ташаббус олимпиадаси» тизими жорий этилган. Ушбу тизим асосида ҳар йили 30 июнь — Ёшлар куни ҳамда декабрь ойида ўтказиладиган «Ёшлар форуми» доирасида спортнинг футбол, мини-футбол, волейбол, енгил атлетика, шахмат, шашка, стол тенниси, стритбол ва воркаут каби турлари бўйича беш босқичли мусобақалар ўтказиб келинмоқда.

Мусобақаларнинг биринчи босқичи кўчалар ўртасида маҳалла миқёсида, иккинчи босқичи маҳаллалар ўртасида сектор даражасида, учинчи босқичи туман (шаҳар), тўртинчи босқичи вилоят, бешинчи босқичи эса республика финали сифатида ташкил этилади. Бу тизим ёшларни босқичма-босқич тайёрлаш, уларнинг спорт маҳоратини ошириш ва энг муносибларини саралаб олишга хизмат қилмоқда.

Тадбирда футбол, волейбол, баскетбол ва гандбол спорт турлари учун ҳар бири 2030 донадан тўплар тарқатилди. Бу эса ҳар бир маҳаллада спорт машғулотларини мунтазам йўлга қўйишга хизмат қилади.

Президент Мурожаатномасида белгилаб берилган вазифалар ва 2026 йил олдига қўйилган устувор мақсадлардан келиб чиқиб, келгусида маҳаллаларда спорт инфратузилмасини янада ривожлантириш, ёшлар ўртасида мусобақалар сонини кўпайтириш, иқтидорли спортчиларни қўллаб-қувватлаш ишларини янги босқичга олиб чиқиш муҳим аҳамият касб этади. Зеро, соғлом ва фаол ёшлар — Янги Ўзбекистоннинг ишончли таянчидир.

Фарғонада ўтказилган ушбу тадбир ана шу улуғ мақсадлар йўлидаги амалий қадам, маҳаллада бошланган спорт ҳаракати юксак марралар сари йўл очаётганининг ёрқин намунаси бўлди.

Улуғбек РЎЗИМАТОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер