Фарғонада АҚШнинг Питсбург университети ихтисослашган мактаблари филиали ташкил этилади

13:08 15 Декабрь 2025 Жамият
272 0

Айни пайтда Фарғона шаҳридаги Central Asian Medical университети дунёнинг ривожланган мамлакатлари билан тиббиёт соҳасида фаол илмий-амалий ҳамкорликни йўлга қўйган.

Ушбу олий таълим муассасасида таълим жараёни жаҳон тиббиётида қўлланаётган илғор тажриба ва замонавий ёндашувлар асосида ташкил этилган бўлиб, назарий билимлар амалий машғулотлар билан уйғун ҳолда олиб борилмоқда. Шу мақсадда университет ҳузурида ўнлаб ихтисослашган даволаш-профилактика клиникалари ҳамда замонавий ташхис лабораториялари фаолият юритмоқда.

Университет ректори Нурилло Мамасодиқов бошчилигидаги делегация бир неча бор Америка Қўшма Штатларида бўлиб, қатор нуфузли олий таълим муассасалари ва тиббиёт марказлари билан ҳамкорлик тўғрисида келишувлар имзолади. Хусусан, Питсбург, Вебстер, Франклин, Олбани университетлари ҳамда бир қатор йирик тиббиёт муассасалари билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.

— Яқин кунларда делегациямизнинг АҚШга навбатдаги сафари режалаштирилган бўлиб, университетимиз қошида Питсбург университетининг Medical School ва Nursing School мактаблари филиалларини очиш бўйича келишувга эришилди, — дейди Central Asian Medical университети ректори Нурилло Мамасодиқов. — Ушбу ташаббус тиббиёт йўналишида мутахассисларни эрта босқичдан тайёрлаш, шунингдек, халқаро меҳнат бозорида рақобатбардош бўлган юқори малакали кадрлар етиштиришга қаратилган.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Питсбург университети 1787 йилда ташкил этилган бўлиб, АҚШнинг етакчи илмий-тадқиқот марказларидан бири ҳисобланади. Университет таркибида 16 та ихтисослашган мактаб ва коллеж фаолият юритади.

Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер