Фарғонада «Адлия сайли» бўлиб ўтди

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Фарғона шаҳрида Республика ишчи гуруҳи, Фарғона вилояти ҳокимлиги ва адлия бошқармаси ҳамкорлигида «Адлия сайли» ўтказилди.
Унда мурожаатчиларнинг адвокатлар, нотариуслар, суд тизими, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари билан юзма-юз мулоқоти ташкил этилди. Ҳар бир масала ва муаммони шу ернинг ўзида ҳал этиш чоралари кўрилди.
«Адлия сайли» давомида совринли викториналар, спорт мусобақалари, ҳунармандлар кўргазмаси ва ярмаркаси, сайёр қабуллар ҳамда меҳнат ярмаркаси бўлиб ўтди. Аҳолига бепул психологик маслаҳатлар ва тиббий хизматлар кўрсатилди. Давлат хизматлари маркази мутахассислари томонидан аҳолига уйдан чиқмаган ҳолда онлайн хизматлардан фойдаланиш кўникмаси берилди.
— Умуман олганда, жорий йилнинг июнь ойи давомида вилоятнинг 19 туман ва шаҳарида босқичма-босқич «Адлия сайли» уюштирилди, — дейди Фарғона вилояти адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Камолдин Машрапов. — Тадбирларда 7 минг нафардан зиёд аҳоли вакиллари иштирок этиб, ҳудудий адлия бўлими мутахассислари томонидан 2 мингдан ортиқ бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Давлат хизматлари маркази ва нотариуслар томонидан 1 минг 200 га яқин сайёр хизматлар кўрсатилди. «Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди» ҳуқуқий акцияси давомида қарийб 29 минг фуқаролик ҳужжатларига тузатишлар киритилди.
Айтиш жоиз, адлия тизимида ёшлар билан ишлаш масаласи ҳар доим муҳим вазифалар сирасига киритилади. Айни пайтда Адлия вазирлиги томонидан оталиққа олинган ёшлар ва уларнинг ота-оналари билан мунтазам равишда учрашувлар ўтказиб борилмоқда. Шу йилнинг ўтган даврида оталиққа олинган йигит-қизларнинг 80 дан ортиқ муаммолари аниқланиб, уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди.
Мухтасар айтганда, «Адлия сайли» аҳоли вакиллари, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини янада ошириш, ватанпарварлик туйғусини кучайтириш ҳамда бўш вақтини мазмунли ўтказишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Тошкентда «Иқтисодиёт ва бизнес бошқаруви соҳаларида илғор тадқиқотлар» мавзусидаги халқаро илмий симпозиум ўтказилди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг