Фарғонада 204 нафар ёшга 32 млрд. сўм кредит ажратилади

17:37 04 Июнь 2020 Иқтисодиёт
1688 0

Ёшлар келажагимиз жамғармаси томонидан шу кунга қадар 668 нафар фарғоналик ёшларга 128 млрд. 174 млн. сўмлик имтиёзли кредитлар берилди. Бу ёшлар ўртасидаги бандлик муаммоларининг ўзига хос ечими ҳамда уларнинг тадбиркор сифатида шаклланишлари ва фаолият юритишлари учун ўзига хос имконият.

Мамлакатимизда «Ёшлар келажагимиз» давлат дастурини амалиётга кенг татбиқ этилиши ёшлар бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этяпти. Бунинг натижасида 2018-2020 йиллар давомида биргина Фарғона вилоятида ҳар йили 2375 янги иш ўринлари яратилди. Бунда асосий эътибор ёшларнинг бизнес ташаббуслари ҳамда стартапларни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Масалан, Бобуржон Бойқўзиев ташаббуси ҳамда «Ёшлар келажагимиз» жамғармаси кредит маблағлари кўмаги билан Фарғона шаҳрида ташкил этилган трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона ишчиларининг 80 фоизини ҳам айнан ёшлар ташкил этади.
 

— Давлат дастуридан кўзланган бирламчи мақсад – ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва уларга тадбиркорлик фаолиятида қулайликлар ва шароит яратишдан иборат, –дейди «Ёшлар келажагимиз» жамғармаси Фарғона вилоят филиали раҳбари Абдунаби Сулаймонов. – Авваллари ёшларимиз кредит олиш ва ўз бизнесини йўлга қўйиши учун қоғозбозлик,бюрократия, коррупция, «отанга бор, онанга бор» каби жуда кўп қийинчиликларга дуч келарди. Тадбиркорликда малака етишмаслиги оқибатида уларнинг ишлари чаппасига кетиш ҳолатларини ҳам ҳаётий тажрибамда кўп кузатганман. Айни кунларда эса жамғарма ёрдамида биз нафақат имтиёзли кредит маблағлари билан таъминлаймиз,балки, ишбилармонликни бизнес курслар ташкил қилиш,ўқитиш орқали уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантирамиз,ўргатамиз.

Вилоятда жамғарма кўмаги билан шахсий томорқалардан кенг фойдаланиш, иссиқхоналар барпо этиш, чорва ҳайвонларини парваришлаш, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш каби тармоқларга ҳам катта эътибор қаратиляпти.

Бобуржон Мусаев ёш бўлишига қарамай ўз хонадонида иссиқхона ташкил этган. Айни пайтда бу хонадонда етиштирилган помидор ҳосили кўзни қувонтиради. Пандемия шароитида бошқа ишлардан ҳоли тарзда Бобуржон акаси билан эгатда кўчатларни кўнгилдагидек парваришлаш имкониятига эга бўлди.

Фарғона шаҳрида яшовчи Бобуржон Бойқўзиев эса ўтган йилда «Ёшлар келажагимиз»давлат дастури доирасида 600 млн. сўм кредит маблағлари ёрдамида тикув трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона ташкил қилди. Айни дамда корхонада 30 нафар маҳаллий ёшларнинг бандлиги таъминланиб 10 хил турдаги трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилаётир.

Фарғона шаҳрининг Бешбола маҳалла фуқаролар йиғинида Бобуржон сингари томорқадан унумли фойдаланилаётган ва ўз тадбиркорлигини йўлга қўя олган ёшлар кўплаб топилади.

— Ўтган 2019 йилда ёшларимизнинг бандлигини таъминлаш мақсадида 38 нафарига Фарғона шаҳар Ёшлар иттифоқи кўмаги асосида имтиёзли кредитлар олиб берилди, –дейди Бешбола маҳалла фуқаролар йиғини раиси Расулжон Саидалиев. – Ушбу маблағлар ёрдамида иссиқхона барпо қилинди, чорвачилик йўлга қўйилди, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчалари очилди. 2020 йилда ҳам биз ўз олдимизга кўплаб мақсадларни қўйганмиз,яъни 18 нафар маҳалламиздаги ёшлар имтиёзли кредит маблағлари ёрдамида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун ариза берган. Айни кунларда уларнинг жами 500 млн. сўмлик бизнес режалари жамғарма ҳамда Ёшлар иттифоқи томонидан кўриб чиқиш жараёнида.

«Ёшлар келажагимиз» жамғармасининг яна бир аҳамиятли томони шундаки, унда тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган ёшлар учун пандемия шароитидан келиб чиққан ҳолда онлайн тарзда бизнес сабоқлар бериш курслари ташкил қилинган. Бунда ёшларнинг малака ва кўникмаларини ривожлантиришга эътибор қаратиляпти.

Жорий йил сўнгига қадар дастурга мувофиқ Фарғона вилоятида 204 нафар ёшларга 32 млрд. сўм кредит ажратилиши ҳамда 900 га яқин янги иш ўринлари ташкил этилиши кўзда тутилган.

Элёржон ЭҲСОНОВ,

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?