Фарғона вилоятида патронаж ва тез тиббий ёрдам хизмати ходимлари замонавий планшетлар билан таъминланмоқда

10:18 13 Январь 2026 Жамият
164 0

Айни пайтда Фарғона вилоятида жаҳон андозаларига мос тиббий хизмат кўрсатиш кўламини янада кенгайтириш мақсадида изчил саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Жумладан, соҳага замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш ва рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган хизмат ходимлари учун рақамли технологиялардан самарали фойдаланишга қаратилган қулай шарт-шароитлар яратилмоқда. Бугунги кунга қадар вилоятда тез тиббий ёрдам хизмати ходимларини планшетлар билан таъминлаш ишлари деярли тўлиқ якунланди. Айни пайтда патронаж ҳамшираларини ҳам ана шундай замонавий техник воситалар билан таъминлаш ишлари босқичма-босқич давом этмоқда.

Бундан кўзланган асосий мақсад аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий хизмат сифатини замон талаблари ва реал эҳтиёжлар асосида ислоҳ қилиш, тиббий хизматларнинг тезкорлиги ва самарадорлигини оширишдан иборат.

Куни кеча Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида соҳа ходимлари учун яна 1300 дона янги планшет тантанали тарзда топширилди. Тадбирда соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан амалиётга жорий этилаётган ушбу лойиҳа соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, касалликларни эрта аниқлаш ва профилактика қилиш, шунингдек, хонадонбай ишлаш тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.

— Яқин истиқболда тиббий хизматларни тўлиқ рақамлаштириш режалаштирилган, — дейди Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Рамзбек Ўтабоев. — Айни йўналишда аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш бўғини — тез тиббий ёрдам ва патронаж ҳамшираларини барча зарур техник имкониятлар билан таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланган.

Қайд этилишича, мазкур техник воситалар вилоятдаги даволаш-профилактика муассасалари ўртасида тақсимланиб, патронаж хизматини янада самарали ташкил этишга хизмат қилади. Бу эса ҳамшираларга хонадонларга ташрифлари давомида аҳоли саломатлигига оид маълумотларни электрон шаклда қайд этиш, таҳлил қилиш ва марказлашган тизимга онлайн тарзда узатиш имконини беради.

Шу билан бирга, ушбу планшетлар ўрта тиббиёт ходимларининг ўзига бириктирилган ҳудудларда профилактик назоратни кучайтириш, аҳоли саломатлиги билан боғлиқ маълумотларни тезкор ва аниқ тарзда қайта ишлаш фаолиятини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?