Фарғона вилояти: янгиланиш, тараққиёт ва истиқбол

11:21 03 Июнь 2025 Жамият
251 0

Бундан икки минг йил аввалги воқеалардан ҳикоя қилувчи хитойча “Шижи” солномасида шундай сўзлар учрайди: “Фарғонада деворлар билан ўралган шаҳарлар ва ҳужралардан ташкил топган иморатлар бор. Унинг ҳудудида етмишдан ошиқ катта-кичик шаҳар ва қишлоқлар жойлашган. Шаҳар аҳолиси бир неча юз мингдан ошади, лашкарлари ўқ-ёй, найза, қалқонлар билан қуролланган чавандозлардан иборат”. Бу сўзларни ўша даврдаги Хан сулоласи ҳукмдорининг элчиси Чжан Тсянг ёзиб қолдирган.

Элчи Фарғонани Довон мамлакати деб атар экан, бу юртнинг гўзаллиги, одамларининг омилкорлиги, жасурлиги, самовий отларининг довруғини ҳайрат билан тилга олади. Бу ўлкада ҳунармандчилик, меъморчилик, деҳқончилик ва чорвачилик тараққий этганини эътироф қилади. Шунингдек, яна бир қизиқ воқеадан хабар беради: Хан ҳукмдори совға сифатида бир арава олтин ва тилладан ясалган от ҳайкалини юборганида фарғоналиклар кўп эътибор қаратмайди. “Бизлар қимматбаҳо деб билган бу маъданни улар идиш-товоқ ясашда ишлатар эканлар”, деб ёзади “Шижи” муаллифи.

Бу маълумотларни ўқир экансиз, тарихда дунё қанақа бўлган, кимлар қандай яшаган деган саволларга муайян жавоблар оласиз.

Дарҳақиқат, Ватанимизнинг ҳар қарич тупроғи — кўҳна ва азим тарихдан сўзловчи бепоён кўргазма. Фарғона мана шу кўргазманинг ноёб гавҳари. Унинг шонли ўтмиши икки минг йил олдинги давлатчилик тарихимиздан хабар беради. Давлат юритиш учун маданий ва қонуний асос бўлиши шарт. Шу маънода, бу ерда икки минг йил олдин ҳам ижтимоий, маданий ривожланиш анча илғор бўлганига ишончимиз комил. Вилоятнинг маданий тарихини Соймали ва Сўхдан топилган қоятош суратлари ҳам тасдиқлайди. Улар Жиззахдаги Пешоғор, Навоийдаги Сармишсой тасвирларига жуда ўхшаш.

Фарғона не-не асрлар мобайнида турли кунларни бошдан кечириб, ўзлиги, кўрку виқорини авайлаб сақлаб келган. Оташқалб шоир Чўлпоннинг қуйидаги мисралари унинг яқин тарихидан сўзлайди:

Эй гўзал Фарғона, қонли кўйлагингдан айланай,

Тарқалиб кетган қора, ваҳший сочингга бойланай...

Ваҳший бир ўрмон каби бағрингни босмиштир қамиш,

Кўзларингда ҳеч кўринмас бир олов, бир ўт ёниш...

Шукрки, жадид боболаримиз орзулари рўёбга чиқди: бир асрдан зиёд ҳукм сурган мустамлака ўрнида озод ва ҳур Ўзбекистон қад ростлади. Шу назардан қаралса, бугунги Фарғона ҳуррият либоси билан безанган. Осмонида бахтнинг юлдузи ўйнаган, бағрида қамиш эмас, халқ хизмати учун қурилган бино ва иншоотлар қад ростлаган, халқида шижоат, ишонч, эркинлик ўти ёнган.

Халқ оғзаки ижодида “Бир қозонда қирқ хил таом” деган эртак бор. Шу гап Фарғоналиклар шаънига айтилгандек. Бир дарахтдан ўн хил мева, бир қарич ердан қирқ хил неъмат оладиганлар ҳам шу кишилар. Чунки уй томига гул ёки сабзавот экканлар, бир неча қават иссиқхона қурганлар, ҳар бир узумнинг бошини алоҳида ўраб парваришлаб, мисли кўрилмаган ҳосил етиштирган ҳам Фарғоналиклар.

Фан, санъат ва адабиётни айтмайсизми? Дунёдаги илк шоира аёллар мактаби Қўқонда бўлгани ҳақиқат. Дунёвий фанларда Аҳмад Фарғоний довруғи оламга таралган бўлса, Қўқондан Абу Тоййиб Тоҳир ибн Муҳаммад Хўқандий, Марғилондан эса Бурҳониддин МарҚиноний, Али ибн Абдулазиз Марғиноний, Ал-Ҳасан ибн Али Заҳируддин Марғиноний, Шайхул-имом Абу-л-аимма Абдулазиз Марғиноний каби зотлар етишиб чиққани фахримиз.

Фарғона санъати, айниқса, баланд пардаларда бошланиб авжга чиқадиган ва бир нечта авждан иборат мумтоз қўшиқчилиги дунёда ягона бўлса ажабмас.

Агар икки минг йил олдин Фарғона теварак-атрофидаги Қанғли, Ғузер, Хунлар давлати ва Хан империяси билан алоқаларни йўлга қўйган бўлса, бугун дунёнинг ўнлаб давлатлари билан тенг ҳуқуқли амалий алоқалар иштирокчиси. Сўнгги йилларда Миср, Африка ўлкалари, Марокаш, Перу, Коста-Рика, Колумбия, Канада, Буюк Британия, Сербия, Словакия, Аргентина, Иордания, Кувайт, Франция сингари мамлакатлар билан ҳамкорлик кўлами кенгайиб бораётир. Бу ерда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспорти Италия, Япония, Испания, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Тунис, Туркияга аввалгидан кўра бир неча баробар ортган. Турли мамлакатлар ишбилармонларининг инвестиция киритиши юртимизнинг осудалиги ва ишончлилигини оширади.

Бирга ўн, юзга минг

Ҳудуд саноатида кечагина “нолдан бирни яратиш” учун жон куйдирилган эди. Бу кўлам қонунчиликни янги даврга мослаш, замонавий технологияларни жорий қилиш ва рақамлаштириш орқали бунёд бўлди. Жамият тараққиётида “ноль” ва “бир” нимани англатишини зукко кишилар билади, албатта. Эндиликда эса “бирдан мингни яратиш” тамойилига ўтилди. Кейинги босқич “мингдан миллионни яратиш” бўлиши Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида марра қилиб белгиланган.

Далилларга мурожаат қилсак: кечагина Фарғонанинг бир йиллик инвестиция марраси ярим млн. доллар эди. Бугун туманлардаги оддий тадбиркорларнинг айланма маблағи бундан кўпроқ. Вилоят миқёсида биргина ўтган йилнинг ўзида умумий қиймати 1,8 млрд. доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилиб, 35 та йирик ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилган. Сўнгги етти йилда эса вилоятда саноат корхоналари 2,8 баробар кўпайиб, 13 мингтага етди. Бу йил вилоят иқтисодиёт тармоқларига 3,7 млрд. доллар тўғридан-тўғри хорижий сармоя жалб этилиши режалаштирилган. Шунингдек, 1,5 млрд. долларлик маҳсулот экспорт қилиш кўзда тутилган.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Президентимизнинг 2024 йил 11-12 июль кунлари Фарғона вилоятига ташрифи давомида тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш мақсадида Қўқон шаҳрида махсус саноат зонаси — Қўқон технопаркини ташкил этиш топшириғи берилган эди. “Қўқон феномени” деб ном олган бу замонавий комплекс учун 230 гектар ер ажратилиб, дастлабки босқичда 1,5 млрд. долларлик лойиҳаларни амалга ошириш ва камида 5 мингта иш ўрни яратиш бўйича саъй-ҳаракатларга киришилди.

Ўтган йили вилоятда саноат, хизмат кўрсатиш, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида 1182 та лойиҳа фойдаланишга топширилиб, 36 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилган. Натижада нефть, калава ип, тикув-трикотаж, кимё, озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш, электротехника, чарм, фармацевтика тармоқлари вилоят иқтисодиёти драйверига айланиб улгурди.

Бу йил вилоятда 450 мингга яқин юқори даромадли иш ўринлари яратилиб, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 108,3 трлн. сўмга етказиш мақсад қилинган. 6 млрд. доллар миқдоридаги инвестиция лойиҳаларини бошлаш ҳамда 1,2 мингта инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Шаҳар ва туманларда 1210 гектар ерда Хитой тажрибаси асосида “Фарғона: янги имкониятлар” деб номланган махсус саноат зоналари ташкил этилади.

Вилоят тадбиркорлари делегацияларини дунёнинг энг ривожланган давлатларига хизмат сафарларига юбориш, ўзаро тажриба алмашиш ва янги ҳамкорлар жалб қилишга қаратилган амалий ишлар доирасида имзоланган ҳужжатлар бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Унга кўра, умумий қиймати 5,2 млрд. доллар бўлган 158 та лойиҳани амалга оширишга киришилди.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Ҳозирги кунда вилоятда дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатларига қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотлари экспорт қилинаётган бўлса, мавжуд хорижий корхоналар сони 800 дан зиёдни ташкил этади. Хитой, Жанубий Корея, Россия, Германия, Сингапур, Таиланд сингари давлатлар билан инвестициявий ҳамкорлик кўлами йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Шу кунларда Россия Федерациясининг Омск ҳудудида Фарғона улгуржи тақсимлаш логистика марказининг биринчи босқичи ишга тушди. Бундай марказлар тез орада бошқа мамлакатларда ҳам иш бошлайди.

Айни жараёнда шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳамда Марказий банк билан ҳамкорликда Жаҳон банки маблағларидан молиялаштирилиши кўзда тутилган умумий қиймати 34 млн. долларлик 28 та истиқболли лойиҳанинг манзилли рўйхати шакллантирилган.

Вилоятдаги қулай сармоявий муҳит, хорижлик тадбиркорлар иштирокида очилаётган янги корхоналар ҳақида гап кетганда, нуронийлар даврасида, ҳатто маҳаллалардаги оддий гурунгларда ҳам “Дунё билан бўйлашиш хайрли иш. Уларни кўриб, тадбиркорларимизнинг кўзи пишсин, тажрибаси ошсин”, деган фикрлар янграйди. Ҳа, инвестициянинг рақамлардан ташқари яна бир кўрсаткичи бор, бу — ҳудудга технологик янгиликларнинг кириб келиши ва мутахассислар билим ва тажрибасини бойитиш.

Қадр топаётган қадрият

Қисқа даврда Ўзбекистоннинг барча ҳудуди каби Фарғона ҳам янгидан қурилди. Бу ерда аҳолининг турмуш шароити яхшиланди, юксалишга юз тутди. Одамларнинг дунёқараши, кўникмалари ўзгарди. Кичик бир мисол: бугун кишиларимиз қураётган уйлари аввалгидек эмас, барча шароитга эга, кўп қаватли уйлар урф бўлди. Бу мутахассислар тили билан айтганда, экстенсив эмас, интенсив тараққиёт ривож топаётганини билдиради.

Меҳмондўстлик, яхши қўшничилик янги Ўзбекистонда янада қадр топаётган қадрият. Камина Сўх туманидаги чегара можароларига гувоҳман. Яқингача риштонликлар Сўхга деярли юз километрлик айланма йўлдан бориб-келарди. Бугун туманга ярим соатда етиш мумкин, чегарадан ўтиш соддалаштирилган. Куни кеча ижтимоий тармоқларда бир хабар тарқалди: қирғиз томони билан Чашма булоғи сувидан фойдаланишда келишувга эришилди. Аҳоли хурсанд!

Сўх — юртимиздаги ислоҳотлар энг чет ҳудудларга етиб бораётганига ёрқин мисол. Ҳазрати Бобур қадами етган, бир неча минг йиллик тарихий бу маскан энди туристик марказга айланмоқда. Яна бир фахрли томони — ўз аэропортига эга!

Вилоятда Фарғона ва Қўқон аэропорти халқаро даражада таъмирланиб, ишга туширилди. Албатта, халқаро ёрлиқ олиш учун аэропорт замонавий талабларга монанд бўлиши керак. Вилоятда айни жиҳатга алоҳида диққат қаратиляпти. Зотан, аэропорт — мисоли дарвоза. Ҳудудга келган киши борки, аввало, мана шу дарвозадан бўйлайди. Шу боис унинг чиройи, муҳташамлиги, йўловчиларга қулайлиги, шинамлиги муҳим.

Аслида, Фарғонада дунёга кўз-кўз қилишга арзийдиган масканлар анчагина. Марғилон, Риштон, Миндон, Қува, Водил, Шоҳимардон — булар водийнинг кўҳна гўшалари. Жозибадор сайёҳлик манзили ўлароқ уларнинг ҳар бирида этно ва экотуризм, тиббиёт ҳамда гастрономик туризм йўналишлари ривож топиши йўлида талай ишлар амалга оширилмоқда. Этнотуризмнинг ўзига хослиги — хорижий сайёҳлар қишлоққа келиб бир неча кун яшашади, халқнинг урфлари, тўй-маросимларига шоҳид бўлишади. Водийдаги “туризм қишлоқлари”да халқимизнинг фазилатлари, анъаналарига лол қолган туристларни кўп учратиш мумкин. Сайёҳлар тўй-маросимларимизни, байрамларимизни кўриб, анграйиб қолганига кўпчилигимиз гувоҳмиз. Ҳунармандчилик, санъат ва урфлар, кулинария туризмининг ўзиёқ минглаб сайёҳларни ўзига маҳлиё қилади. Риштон паловининг шуҳрати аллақачон уммонлар оша ўзга юртларга етиб борган. Яна бир қизиқ йўналиш ривож топмоқда: бу “асал ойи” туризми. Бугун сайёҳлар қаторида хорижлик ёшларни ҳам кўрса бўлади.

Бу йил Фарғона ярим млн.га яқин хорижлик сайёҳни кутиб олишни кўзлаган. Бунинг учун вилоятдан Хитой, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Япония, Малайзия, Франция, Германия, Италия каби давлатларга авиақатновлар йўлга қўйилади. Маҳаллий сайёҳлар учун “Олтин водий” туризм ҳалқаси ташкил этилади. Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан жорий йилда Риштон туманидаги Мамадали Топволдиев номидаги маҳалла фуқаролар йиғини “туризм маҳалласи”га, Фарғона шаҳридаги Соҳибқирон Темур кўчаси “туризм кўчаси”га айлантирилмоқда. Аввал Чимён, Водил, Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоқларини “туризм қишлоғи”га айлантириш бўйича белгиланган юмушлар ниҳоясига етказиляпти. Қувадаги Каркидон, Ёзёвондаги Марказий Фарғона сув омбори ҳудудларида экотуристик манзиллар барпо этиш ишларига киришилган. Бевосита cайёҳлик йўналишига қаратилаётган эътибор ва рағбат туфайли меҳмон уйлари 264 тага ҳамда юлдузли тоифадаги меҳмонхоналар сони 10 тага етказилди. Бугунги кунда вилоятда 124 та туроператор ва 44 та турагент фаолияти йўлга қўйилган. Ҳозирда Фарғона туманининг Шоҳимардон ҳудудида замонавий туризм комплекслари ҳамда Сўх туманида Сўх дарёси соҳили бўйлари ва тоғ ёнбағри ҳудудларида замонавий мажмуалар ташкил қилиш бўйича режалар ишлаб чиқилмоқда.

Минтақа ривожига дахлдор лойиҳалар иштирокчиси

Яқинда олам сайқали бўлмиш Самарқандда “Марказий Осиё — Европа Иттифоқи” саммити бўлиб ўтди. Унда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган кўп қиррали ташаббуслар минтақалар манфаатлари йўлида шериклик ва амалий ҳамкорликни чуқурлаштиришга туртки бўлади.

Жаҳон давлатларининг янги Ўзбекистонга эътибори ва ҳамкорликка интилиши бежиз эмас. Чунки мамлакатимиз номидан билдирилаётган таклифлар минтақани янги поғонага юксалтиришга хизмат қилади. Яқин келажакда мамлакатимиз Осиё ва Европа давлатларини боғлайдиган ўта муҳим ўтказгичга, яъни хабга айланади. Технологиялар, билимлар, маблағ ва ахборот оқимлари дарёси юртимиздан ўтади. Жамиятимиз, айниқса, ёшларимиз ушбу улкан “сакраш”га тайёр бўлишлари керак, албатта.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Бугун кўзланган орзулар рўёбга чиқмоқда. Янги Ўзбекистон янги Буюк Ипак йўлининг жуда муҳим иштирокчисига айланаётир. Бунда эса, тарихда бўлгани каби, Фарғонанинг ўрни муҳим. Шу боис вилоятнинг Ёзёвон, Бувайда, Данғара каби қатор туманлари ҳудудидан ўтувчи халқаро автомагистраль йўллари бўйида жаҳон андозалари даражасида транспорт-логистика марказлари, муҳташам хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчалари қад ростламоқда. Кенг қамровли бундай саъй-ҳаракатлар яқин истиқболда Фарғонани Буюк Ипак йўлидаги жавоҳирга айлантиришига шак-шубҳа йўқ.

Яқин йилларгача вилоят иқтисодиёти Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи, “Фарғонаазот”, “Кварц” сингари бир неча йирик корхоналар фаолиятига боғлиқ эди. Кейинги йиллардаги янгиланиш ва ўзгаришлар туфайли бугунги кунда вилоятда 60 мингга яқин кичик бизнес субъектлари фаолият кўрсатмоқда. Бу йил вилоятда 8 мингта кичик бизнес субъекти орқали ҳудудларда 42,5 мингдан кўпроқ микролойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Давлатимиз раҳбари нуфузли минбарлардан минтақа ва жаҳон иқтисодиёти ривожига дахлдор долзарб лойиҳаларни илгари сурар экан, уларни рўёбга чиқаришга қаратилган улкан жараёнда Фарғонанинг ҳам иштирокини кўзда тутаётганидан фахрланамиз.

Яшил бўстон

Бундан ўн йиллар бурун Олтиариқдан Фарғонагача йўлнинг бир тарафи қип-қизил дашт эди. Ҳозир у йўлдан ўтган киши танимай қолади: ҳар иккала томонида ҳам боғлар барпо этилган, чаман-чаман гуллар очилган. Бугун дашт ерларда ҳам яшил майдонлар ташкил қилинмоқда, шу билан бирга, бутун аҳоли “Ҳар оилага бир дарахт” тамойили асосида боғу роғлар бунёд этишга чорланмоқда.

Халқнинг жипслиги, бирдамлигининг қудрати шунда намоён бўлади. “Фарғонада ўрмон йўқ”, дейишади кишилар. Аммо ҳар бир киши ота-онасига, оиласига ёки фарзандларига атаб бир туп кўчат экса, миллионлаб дарахтдан иборат ўрмон пайдо бўлади. “Дарахт экиб, боғ ярат. Одам есаям, қурту қуш есаям, бир киши соясида салқинласаям савоб”, дейдилар.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Биргина “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида вилоятда 2022 йилдан буён 65 миллион тупга яқин дарахт кўчатлари экилди. Эзгу ташаббус давомида ҳар бир шаҳар-туманда яшил жамоат парклари, “яшил белбоғлар”, яшил хиёбонлар ҳамда кўкаламзорлаштирилган ҳордиқ чиқариш масканлари ташкил этилаётгани эътиборга молик. Натижада йилдан-йилга вилоятда яшиллик даражаси жаҳон андозаларига мос тарзда ошиб бормоқда.

Ҳозирги кунда вилоятда 49 минг гектар мевали боғлар мавжуд ва эътиборлиси, атиги сўнгги бир йилда самарасизлари ўрнида 5 минг гектар интенсив боғлар барпо этилди. Айни жараёнда Сўх туманининг Жавпая массивида 210 гектар майдонда интенсив ўрик боғи бунёд қилиниб, 0,5 гектардан ижара асосида кам таъминланган оилаларга бўлиб берилди. Ўтган йили Фарғона туманининг қир-адир ерларида туркиялик инвесторлар томонидан 70 гектарда саноатлашган интенсив боғ яратилган бўлса, жорий йилда яна 200 гектар ерда ана шундай боғ барпо этиш мақсад қилинган.

Ким камбағал?

Халқнинг ўзига хос ғурури, орияти бор, бировга “Камбағалмисиз?” десангиз, “Тепамда бошпанам, ёнимда ўғил-қизим, қавму қариндошим бор, нега камбағал бўлай?!” дея жавоб беради. Бу “Бой бой эмас, қаноат қилган бой”, деган ҳикматли гапнинг халқона йўсинда тилга чиққани.

Бироқ бугун юртимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламга ғамхўрлик кўрсатишда сўраб-суриштиришгагина асосланиб қолмай, рақамли технологиялар воситасида амалга ошириладиган замонавий механизмлар ҳаётга татбиқ этилган. Камбағалликка қарши кураш борасидаги кенг кўламли ишлар кишиларга етарли таъминланган ҳолда ҳаёт кечириши ва бу борада ўзидаги қобилиятларни рўёбга чиқара олиши учун кўмак беришни кўзда тутади.

Тақдир тақозоси билан бошпанасидан, боқувчисидан, даромад манбаидан айрилган оилалар тўла қўллаб-қувватланмоқда. Камбағал саналган оилага аввал яқинлари, маҳалла-кўй баҳоли қудрат кўмаклашган бўлса, энди бу хайрли ишни давлат ўз зиммасига олди.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Амалга оширилган ҳаётбахш ислоҳотлар натижасида охирги уч йилда Фарғона вилоятида 217 минг нафар фуқаро камбағалликдан чиқарилди. “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида бундай оилаларнинг ҳар бири билан алоҳида режа асосида иш олиб борилмоқда. Бунинг ҳисобига жорий йил якуни билан яна 150 минг фуқарони эҳтиёжмандликдан халос этиш, вилоятда камбағаллик даражасини 5 фоизга тушириш кўзда тутилган.

Ҳар бир оила муқим даромадга эга бўлишида маҳаллабай, хонадонбай ишлаш тизими йўлга қўйилгани ижобий самара бермоқда. Айни пайтда вилоятдаги 1063 та маҳалланинг ҳар бирини аниқ бир йўналишга ихтисослаштиришга жиддий эътибор қаратиляпти. Бугунга қадар маҳаллаларнинг 220 таси саноат, 281 таси деҳқончилик, томорқачилик, 238 таси кўчатчилик, гулчилик, узумчилик, 144 таси хизмат кўрсатиш соҳасига ихтисослаштирилди. Яқин истиқболда маҳаллалар ишсизликдан холи ҳудудга айлантирилиб, ҳар бири учун жадал ривожланишнинг етакчи соҳалари фаол рағбатлантирилади.

Тўқсон минг ақл

Рақамларга кўра, вилоят аҳолиси йилига ўртача 90 мингга кўпаймоқда. Бу шунча куч, салоҳият, ақл, тафаккур дегани. Фақат уларни улуғвор мақсадларга монанд илғор билимли мутахассисларга айлантириш алоҳида эътиборни талаб қилади.

Бугунги кунда Фарғона вилояти олий таълим муассасалари сони ва қамрови бўйича мамлакатимиз ҳудудлари орасида етакчи ўринда туради. 2025 йили вилоятда олий таълим қамровини 40 фоизга, 2029 йилда 60 фоизга етказиш устувор вазифалар сирасига киритилган.

Мактаб таълимида миллий тажриба Япония таълим тизими асосида янада такомиллаштирилаётир. Айни мақсад йўлида Фарғона вилояти делегацияси бир неча маротаба Кунчиқар юртда ўзаро тажриба алмашиб келди. Ҳозирда вилоятнинг 19 та шаҳар-туманида биттадан мактаб тажриба тариқасида танлаб олиниб, уларда таълим-тарбия жараёни япон таълим тизимига мувофиқ тарзда олиб борилмоқда. Япониядан тажрибали мутахассислар ҳам жалб этилган.

Ўрта бўғин мутахассислари тайёрлашда эса вилоятдаги 77 та касбий таълим ташкилотида назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш мақсадида Германия тажрибаси бўйича бир пайтнинг ўзида ҳам ўқиш, ҳам ишлаш имконини берувчи дуал таълим тизими кенг жорий этилаётир. Бу тажриба касб-ҳунар мактаби ва техникумларда яхши самара бериб, ёшларнинг муайян касб-ҳунар эгаси бўлиб етишиб чиқишини таъминлайди.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Математика, физика, биология каби йўналишлар қаторида муҳандислар тайёрлаш ишига ҳам эътибор катта. Сабаби яна мамлакатда рўй бераётган жараёнларга бориб тақалади: аввал хаёлга ҳам келмаган янги ишлаб чиқариш объектлари қурилмоқда, улардаги ускуна ва жиҳозларни ишлата олишгина эмас, таъмирлаш ва ривожлантиришни бажара оладиган муҳандислар қатламини шакллантириш кун тартибида турибди. “Олтин ўзимизда. Уни четдан келтиришга не ҳожат?!” дейишади улуғлар. “Олтин” дейилганида ёшлар назарда тутилади, албатта. Вилоятда “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси кенг ёйилди, туризм, илғор технологиялар, ахборотлаштириш йўналишлари, замонавий маркетинг оммалашди, шу билан бирга, бошқарувнинг замонавий, рақамлаштиришга асосланган усуллари кириб келди.

Фан, санъат ва адабиётда ҳам Фарғона фахрли ўринга эга. Айниқса, Президентнинг “Республикада миллий аския ва қизиқчилик санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, Марғилонда Юсуфжон қизиқ Шакаржонов номидаги республика аския ва қизиқчилик санъати маркази ташкил қилиш ва ушбу соҳада таниқли ижодкорларнинг маҳорат мактабларини барпо этиш ташаббуси қувонч билан кутиб олинди. Эндиликда илдизлари неча-неча асрлар қаърига бориб туташувчи ўлмас мерос — аския ва қизиқчилик Фарғона санъатининг юзи сифатида янада ривожлантирилади.

Янги уйга эски тушунча билан кириб бўлмайди

Фарғонада саломлашишнинг етмиш хили бор, дейишади улуғлар. Оқсоқолга, ёши каттага, устозга, қавм-қариндошга, тенгқур дўсту биродарга, момо-холаларга, кичикларга салом бериш ўзаро фарқланади. Сўзи бир, аммо иззати турлича. Инсон қадр-қиммати, эл-юрт обрўси, ахлоқ ва одоб тушунчаларига ҳам бу ерда муносабат ўзгача. Кўплаб хорижликлар айрича ҳурмат-иззат, тавозега ҳайрон қолади, бироқ миллий анъаналаримиз шундай: ҳар қандай янгиликка, воқеликка бизлар Фарғонача тўн, қўқонча дўппи кийдириб, белига ўзбекча белбоғ боғлаймиз. Мисол учун, янги технологик завод қурилди. Анъанага кўра нутқ сўзлаб, тасма қирқилиши керак. Аммо урфимизга кўра кўпни кўрган оқсоқоллардан дуо сўралади. Улар эса “Элнинг корига ярасин, узоқ йиллар халққа хизмат қилсин, хайр-барака келтирсин”, деган тилакларни билдиради. Буни халқимиз “қут-барака” деб атайди.

Маънавият борасида дунёга ўрнак бўлган халқимизнинг асрий анъана ва қадриятларини сақлаб қолиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири.

Халқимиз маҳдудлик даврларида оғиздан-оғизга ўтиб келаётган қадриятлар туфайли ўзлигини таниб келди. Эндиликда давлатимиз ўзлик, анъана ва қадриятларини авайлаб сақлаш ва келгуси авлодларга етказиш учун ҳуқуқий асосларни яратиб берди. Бироқ катта мақсадларни кўзлаган ташаббуслар билан кенг халқ оммасини ўзаро боғловчи билим алмашиш тизимида оқсашлар бор. Тинимсиз ўзгараётган дунёда ўзликни англамасдан, асрий қадриятларни уқмасдан ва замонавий билимларни эгалламасдан яшаб бўлмайди. “Ҳар йили тўқсон минг ақл” дейилди, унга эга чиқиш зарур, албатта. Барча қишлоқларда ихчам, қулай кутубхоналар тизимини шакллантириш кераклигини даврнинг ўзи тақозо қилмоқда.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Кутубхоналар тизимини такомиллаштириш, қишлоқларда ана шу зиё масканларини тиклаш, уларни бадиий ва илмий адабиётлар, даврий матбуот нашрлари билан таъминлаш, шунингдек, “оила кутубхонаси” анъанасини йўлга қўйиш керак. Жаҳон ахборот маконида “Ўқиш зарур бўлган 100 китоб” дегандай рўйхатлар мунтазам эълон қилиб борилади. Ҳар бир оила учун зарур миллий китоблар рўйхати шакллантирилиб, уларни ҳар бир хонадонга етказиш бўйича лойиҳалар қилинса, нур устига нур бўлади, албатта.

Юртни боғ-бўстонга айлантириш одамларнинг ўз қўлида. Фарғона халқининг миришкорлиги аввал ҳам, ҳозир ҳам эътирофлар марказида турибди. Кишиларни илғор марралар сари илҳомлантиришнинг янги механизмлари зарур бўлиб қолмоқда.

Ватанимиздаги улкан ва ҳаётбахш жараёнлар кўламини таърифлаш учун жилд-жилд китоблар ёзса арзийди. Бу янгиланишлар халқона тарзда шундай ифода этилмоқда: “Янги уйга эски тушунча билан кириб бўлмайди”. Янги уйнинг қадрига етиш учун янги тушунчалар, маънавият ва маърифат керак. Чунки сўз бутун бошли мамлакатни тубдан янгилаш ва юксалтириш ҳақида бормоқда. Бу ҳудудларга ҳам тегишли, албатта. Шунча миллион киши тақдири ва келажаги турганида, мақсадлар ҳам шунга яраша улуғвор бўлади.

Шонли тарих ва ёрқин келажак рамзи

Мақоламиз аввалида икки минг йил олдинги воқеаларни ва қудратли Хан сулоласи ҳукмдорининг ҳавасини келтирган Фарғона самовий тулпорларини эслаган эдик. Улар эндиликда тимсолга айланган. Бугунги замонавий дунёнинг арғумоқлари бутунлай бошқача. Бу зако, истеъдод ва қобилият тулпорларидир. Фарғона аҳли бугун ҳам маданияти ва санъати, етук ахлоқи, бирдамлиги, яратувчанлиги ва бунёдкорлиги билан оламга ўрнак.

Кези келганда, бир мулоҳазани ҳам айтиб ўтсак. Фарғонага кираверишда самовий тулпорлар рамзини ўрнатиш вақт-соати келди. Бу тарихий ва замонавий тимсол бугунги Фарғона кишиларининг заковати, бунёдкорлик салоҳияти, эзгу орзулари, яхши ниятларининг ифодаси бўлиб қад кўтаради. Шу билан бирга, парвозга чоғланган бу самовий тулпорлар жаннатмонанд Фарғонанинг шонли тарихи ва ёрқин келажагининг рамзига айланади.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Дарҳақиқат, дунёда инсон руҳияти, тафаккури, яшаш тарзига кучли таъсир кўрсатадиган, Ватанга муҳаббати, ҳаётбахш ислоҳотларга дахлдорлик туйғуси, ўз тақдири ва келажагига ишончини юксалтириб юборадиган янгиланиш жараёнлари бўлади. Шу маънода, янги Фарғонанинг бугунги равнақ-ривожи ва эртанги кун истиқболи йўлида ташланаётган дадил қадамлар нуфуси 4 млн. 200 минг нафарга яқинлашган вилоят аҳли ғайратига ғайрат, шижоатига шижоат қўшаётгани ҳам айни ҳақиқат.

Зотан, кейинги йилларда Фарғоналиклар тафаккури, дунёқараши, турмуш тарзи, орзу-мақсадлари янгиланиб, кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида ҳаётнинг жўшқин оқимидан четда қолмасликка интилаётир. Президентимиз бошчилигида янги давр, янги замон — янги Ўзбекистон довонларини қатъий ишонч, аниқ режа, узоқни кўзлаган юксак мақсадлар билан забт этмоқда. Бу Фарғона вилоятининг тобора муҳташамлик ва улуғворлик касб этиб бораётганида яққол намоён бўлаётгани қувонарлидир.

Исажон СУЛТОН,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?