Аёл ҳаммасига чидаши керакми?
Бугун интернетда буллинг (зўравон)ликнинг кўз кўриб, қулоқ эшитмаган исталган турини учратишингиз мумкин. Яқинда Навоийда содир бўлди. Қизилтепа туманида эр хотинини ўлмасдан туриб гўрга кўмдирган. Энг даҳшатлиси, бу ишни 4 ва 2-синфда ўқийдиган гўдак фарзандларига мажбурлаб қилдирган... Дийдамиз қотиб бўлди. Бугун бизни ҳеч нарса ажаблантирмайди, ҳеч нарса ҳайратлантирмайди. Ҳар куни бир кўз ташлаб ўтадиган навбатдаги хабардек, шу заҳотиёқ унутамиз лоқайдмиз. Сесканмаймиз, этимиз жунжикмайди. Аммо...
Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ҳар йили 20-25 минг нафар аёл оилавий-маиший зўравонлик бўйича ички ишлар идораларига мурожаат қилади. Уларнинг қарийб 60 фоизи болали аёллар. Зўравонлик муҳитида ўсган болаларнинг 80 фоизида руҳий шикаст белгилари аниқланган.
“Сокинлик, ҳаловат истасанг, қабристонга бор”, дейишади. Лекин бугун уни бошқача айтмоқчимиз: агар кўнглингиз юмшашини, теварак-атрофга тийракроқ боқишни, кундалик ташвишлар жонингизга теккан бўлса, ҳамма нарсадан зерикканингизни ҳис қилсангиз ва яна шукрона қилишни унутган бўлсангиз — реабилитация марказларига боринг.
Зеро, у ерлардаги ҳаёт йўллари кўзларингизни “ярқ” этиб очади.
“Онам йиғламасин…”
Карманалик Ш. ҳозир 13 ёшда. Айни пайтда онаси, синглиси ва укаси билан Навоий вилоятидаги Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказида яшамоқда.
— Уйимизда доим жанжал бўларди. Дадам ичиб келиб, онамни урардилар. Онам жуда кўп йиғларди. Биз ҳимоя қилмоқчи бўлсак, бизни ҳам калтаклаб кетарди. Охирги марта дадам онамни бошига темир билан урди, онам ҳушини йўқотди, ёрдам беролмадик… Дадам ҳеч кимни аямайди, ҳатто 3 яшар синглимни ҳам. Синглим ҳали жуда кичкина, дадамни кўрса қалтираб қочаверади, яхши гапиролмайди. Дадам доим маст. Уйга яқин орада егулик олиб келганини эслай олмайман. 12 та молимиз бор эди, уларни боқардик. Сут-қатиқ сотиб топган пулларимизни ҳам дадам олиб қўяди. Онам “болалар мактабга борсин” деса ҳам боши балога қоларди. Мен ва укам ҳафталаб мактабга бора олмасдик…
— Бу ерда зерикмаяпсанми?
—Муҳими, бу ерда бақир-чақир йўқ... Мактабга қатнаяпман, спорт залига бораяпман. Укам мактабдан кейин машина устахонасида иш ўрганяпти. У ерда укамга пул ҳам беришяпти…
— Келажакда ким бўлишни истайсан?
— Онамни ҳимоя қила оладиган ИНСОН. Онамнинг доим тишлари оғрийди — тиш доктори бўлишимни орзу қилади… Укам эса компьютерга қизиқади.
Аёлнинг жони қирқта бўлгани билан юраги битта...
— Аёлларимиз ҳамма нарсага чидайди. Улар табиатан шундай яратилган. Ҳатто хиёнатга ҳам сабр қилиши мумкин. Лекин жисмоний зўравонлик болаларига ўта бошлаганда, сабри тугайди, — дейди Навоий вилояти Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази раҳбари Наргиза Эрмаматова — Аёвсиз калтаклар оқибатида баъзи аёллар умрбод ногирон бўлиб қолади. Фарзандлар эса доим онасини ўз отасидан ҳимоя қилишга уринади. Натижада болалар ҳам жисмоний ва руҳий жароҳат олади…
Марказда аёллар фарзандлари билан 2 ой яшайди. Айни пайтда 12 нафар аёл ва 15 нафар бола бор. Улар психологик, ҳуқуқий, ижтимоий ёрдам олади, ҳунар ўрганади, ишга жойлаштирилади. Кетгач эса бир йил давомида мониторинг қилинади, яъни уларнинг ҳаётини кузатиб борамиз.
Шу кунларда марказда бўлиб Н.га бир қараган одамнинг ҳаваси келиши тайин. Ёши 30дан ошган. Бўянмаган, лекин шундоғам гўзал. Унинг 3 нафар фарзанди бор. Нега у реабилитация марказида?
— Бу ишлар келинлигимдаёқ бошланган. Аввалига шокка тушдим, шунақа бўларкан, деб ўйладим. Ёш ва тажрибасиз эдим. Кейинчалик эрим интернетдан беҳаё видеоларни кўриб, талаблари ошиб бораверди. Бировга айтолмасдим, уялардим — дардим ичимда эди.
— Бу ҳолатда қандай қилиб 3 та фарзандли бўлдингиз?
— Болаларимиз кўп бўлса, эримга инсоф кирар, деб ўйладим... Лекин бадтар бўлса, бўлди. Эримга ақл кирмади. Чидолмай қолганимдан сўнг қайнонамга дардимни учини чиқардим. Фойдаси бўлмади, эрим ўзгармади...
“Google Аналитика” маълумотларига кўра, ҳозирда беҳаё сайтларга энг кўп ташриф буюрадиганлар — Марказий Осиё ҳудудларида истиқомат қилувчилар экан. Ёш доираси — 15 дан 30 ёшгача.
Бунинг оқибати аянчли. Биздан олдинроқ бу нарса ўта хатарли эканини тушуниб, англаб етган Европа ва бошқа тараққий этган мамлакатлар аҳолиси мисолида бунга яна бир бор амин бўлишимиз мумкин. Улар олдинроқ бу балоларни бошдан кечиришган ва шу кунгача бунинг оқибатлари билан курашиб келишяпти. Уларда оилавий қадриятлар йўқолиб бормоқда, ёшлар турмуш қуриш ва фарзанд тарбиялаш масъулиятини тан олмайди, эркин муносабатлар, бир жинсли никоҳ, танасини сотиш касб сифатида тан олиниши ва шу каби жирканч ишлар айнан тараққий этган мамлакатларда оммалашиб, айримларида эса қонунийлашиб бораётганидан хабаримиз бор. Масалан, Германия ва Хитойда танфурушлик касб саналишини биласиз ва бунинг ўзига яраша шартлари ҳам бор. Шу ўринда ўзимизнинг бир депутат ҳам “тунги капалаклар”ни рўйхатга олайлик, солиқ тўласин, деб таклиф билдириб боши балоларга қолиб кетганини эсланг!
Яна бир аёлнинг эри пулдор одам, дўкони бор, яшаш шароитлари яхши, эри “маъшуқа”сини уйига олиб келган. Кўчага чиқолмаслиги ва ҳеч кимга арз қилолмаслиги учун ўз аёлининг сочини бутунлай қириб ташаган. 2 йил давомида хотини ва фарзандлари бу “маъшуқа”нинг хизматида бўлган. Маҳалла, Ички ишлар қаёққа қараган, дейсизми? Бу мутасадди масъулларнинг барчаси пулдор эркакнинг улфати бўлишган! Туман ИИ бўлимидан ёруғлик чиқмагач, бечора аёл Вилоят ИИБга мурожаат қилган. Ҳозирда бу масъул “улфатдош”ларга нисбатан хизмат текшируви тайинланиб, тегишли чоралар кўрилмоқда.
Яраштириш – охирги чора эмас
Реабилитация маркази психологи Маъмура Шукурованинг айтишича, оилавий зўравонликлардан энг кўп болалар жабр кўришади. Карманалик ака-укалар билан биринчи марта гаплашганимни яхши эслайман. Улар аввалига бизга умуман ишонишмади.
“Сизлар ҳам онамизни яна уйга қайтариб юборасизлар, яна отам билан яраштириб қўясизлар, кейин отам онамни ўлдириб қўяди”, — дейишди.
Чунки аввал маҳалла мутасаддилари бир неча марта эр-хотинни “яраштириб” қўйган экан. Болаларнинг ишончини қозониш учун жуда кўп ҳаракат қилишга тўғри келди. Улар руҳан жуда оғир аҳволда эди. Тажрибамизда бундай ҳолатлар кўп учрашига қарамай, ҳар сафар яна қийналамиз…
Психологик тадқиқотларга кўра, оилавий зўравонликка гувоҳ бўлиб ўсган болаларнинг 65–70 фоизида депрессия, агрессия ёки ижтимоий қўрқув шаклланади.
“Биз аёлнинг қаддини ҳам, қадрини ҳам тиклаймиз”
Ижтимоий ходим Альфия Қушакбаеванинг маълумот беришича, Марказда аёллар пазандачилик, тикувчилик, компьютер саводхонлиги, болалар массажи, аёллар пардози ва соч турмаги каби ҳунарларни ўрганишади. Ҳамма аёлларнинг ўз мижозлари пайдо бўляпти.
“Ш. деган аёл бор эди, бутунлай тамом бўлган аёл. Бу ерда пазандачиликни ўрганди. Айни пайтда ҳарбий қисм ошхонасига ишга жойлаштирдик. У бошқа одамга айланди. Қийинчиликлар, эри томонидан кўрсатилган жабру зулм уни синдирмади”
Ҳа, айримларни муаммолар тоблайди. Улар фарзандлари учун ҳам кучли аёлга айланадилар. Марказ мутахассислари ҳам аёл, ҳам эркак билан бир вақтда ишлай олмасликларини таъкидлашди. Агар шундай қилинса, жабрланган аёлнинг марказга бўлган ишончи йўқоларкан. “Аёллар ичидаги дардини очиқ айта олмайди, дейишди. Бу ерга тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган аёллар ички ишлар органлари ёки “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари томонидан олиб келинади. Қани имкони бўлса, ҳар бир аёлнинг тақдирига алоҳида тўхталиб, уни эшитиб чиқсанг... Чунки ҳар бир ҳолат – битта фожиа…
Қонунларимиз енгилми?
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 126¹-моддасига мувофиқ, оилавий-маиший зўравонлик жиноят ҳисобланади ва такрорий ёки оғир оқибатларга олиб келган ҳолатларда айбдор шахс 10 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Шунингдек, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунга кўра, жабрланган аёлларга ҳимоя ордери берилади ва уларга нисбатан тазйиқ ўтказиш тақиқланади. Тузатиш дастурлари охиригача ишлаши керак. Биз фақат жабрланган аёллар ва болалар билан шуғулланяпмиз. Лекин зўравон эркакнинг ўзи билан ҳам мажбурий ишлаш тизими бўлиши шарт. Ичкиликбозларга – диспансер, ишсизларга – бандлик ташкилотлари, руҳий муаммоси борларга – психиатр, психолог ва имом-хатиблар жалб қилиниши керак.
Акс ҳолда, бир аёлни қутқариб, бошқасини фожиага ташлаб қўяверишда давом этамиз. Имкони бўлмаган ҳолатда оилалар яраштирилмаслиги керак. Тамом вассалом! Биз зўравонликдан қўрқиб қолмадик – унга кўникиб қолдик. Даҳшатли воқеа ҳақида асосан ижтимоий тармоқлардан хабар топамиз – бироз ларзага келамиз, кейин эса яна сукут, яна лоқайдлик. Бизнинг бошқа ташвишларимиз бор. У биз билан содир бўлмаяпти-ку! Қонун бор. Марказлар бор. Мутахассислар бор. Улар шуғуллансин, деймиз. Лекин жавобгарлик қатъий бўлмаган жойда зўравонлик давом этаверади.
Аёлга “чида”, болага “сабр қил”, деган жамият ўз келажагини гумон остига ташлаётганини англамайди. Ҳимоя ордери қоғозда қолса, маҳалла “оилавий иш” деб четга чиқса, эркакка жазо эмас, имтиёз берилса — кейин навбатда яна бир кўмилган аёл, яна бир синган болалик туради. Бу фақат аёллар муаммоси эмас, болалар тақдири — жамият тақдири. Агар биз бугун менталитетимизга хос бўлган “аёл ҳамма нарсага чидаши керак” деган стереотипдан воз кечмасак, эртага яна кўп болалар зорланади: “Мен онам йиғламаслигини истайман!”
Мақола бошида келтирилган Қизилтепадаги ҳолат бўйича айни кунда Жиноят ишлари бўйича Конимех туман судида иш кўрилмоқда. Ўз хотинини фарзандларига тириклай кўмдирган эркак албатта, жазоланади... Жамият эса бундан хулоса чиқариши керак! Нима дедингиз?
Гулчеҳра БЕРДИЁРОВА,
журналист.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Илм-фан соҳасида хотин-қизларга яратилган имкониятларга бағишланган анжуман
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Миллий нақшларда ўзлигимиз намоён
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг