Фарғона политехника институти жаҳон университетлари рейтингида қайд этилди

19:16 10 Январь 2024 Жамият
495 0

Айни пайтда Фарғона политехника институтида 682 нафар профессор-ўқитувчи фаолият кўрсатаётган бўлиб, 2023 йил якуни билан таълим даргоҳининг илмий салоҳияти 36 фоизга етди.

Шунингдек, 2023 йил давомида давлат илмий-техник дастурлари доирасида 18 та ва халқаро миқёсда 10 та лойиҳа ҳамда институт қошида ташкил этилган Спин-офф корхоналари томонидан 682 та ҳамкорлик шартномалари амалиётга муваффақиятли татбиқ қилинишига эришилди.

— “InnoWeek-2023” инновацион ҳафталик доирасида олий таълим муассасалари ҳамда илмий ташкилотларнинг 2022 йилги фаолияти натижаларига кўра миллий рейтинги эълон қилиниб, Фарғона политехника институти мамлакатимиз ОТМлари ичида “Топ–5” ликдан ўрин эгаллади, — дейди Фарғона политехника институти ректори Ўктам Саломов. — Ўтган йили институт нафақат миллий рейтингда, балки халқаро майдонда ҳам ўз ўрнига эга бўлгани қувонарлидир.

Таъкидлаш жоиз, 2023 йилда дунёда энг нуфузли ҳисобланган QS ташкилоти Жаҳон университетлари рейтинги “World University Rankings — 2024” ни эълон қилди. Юртимиздаги 14 та олий таълим муассасаси ушбу рейтингда илк бор жой олди ва улар орасида Фарғона политехника институти ҳам бор.

Ўтган йили институт профессор-ўқитувчилари ҳам кўплаб ютуқларни қўлга киритди.

Хусусан, институт ўқитувчиси Аҳаджон Ўлмасовнинг ёш тадқиқотчи сифатидаги илмий ишлари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан молиялаштирилди. Шу тариқа ёш олимнинг изланишлари туфайли бугунги кунгача хориждан импорт қилиб олиб келинаётган сув насослари, электр двигатель металл корпус маҳсулотлари маҳаллий хомашёлар асосида локализация қилиниб, тўлиқ ишлаб чиқаришга жорий қилинди. Бу ютуқлари эвазига ёш олим Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг “Инновацион ғоялар етакчиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер