FAO ТИҚХММИ – Миллий тадқиқот университетига замонавий тупроқ таҳлил ускунаси тақдим этди
БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти – Миллий тадқиқот университетига (ТИҚХММИ–MTU) замонавий EM38-MK2 Ground Conductivity Meter ускунаси тақдим этди.
Қурилма Оролбўйи минтақасидаги экологик муаммоларни бартараф этишга қаратилган FAO ва БМТТДнинг қўшма лойиҳаси доирасида университетга етказиб берилди.
FAOнинг маълум қилишича, мазкур технология ер ва сув ресурсларининг сифатини тўғридан-тўғри тупроққа тегмасдан, 1,5 метр чуқурликкача тез ва аниқ баҳолаш имконини беради. Бу орқали тупроқдаги шўрланиш, намлик даражаси ва ер ости тузилмалари ҳақида ишончли маълумот олиш мумкин бўлади.
«Ушбу замонавий ускуна орқали тупроқнинг электр ўтказувчанлиги ва магнит сезувчанлигини аниқлаш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва экологик тиклаш чораларини илмий асосда режалаштириш мумкин бўлади», — деди лойиҳа миллий координатори Абдумалик Намозов.
EM38-MK2 — қишлоқ хўжалиги ерларини таҳлил қилиш, умумий тупроқшунослик ва бошқа илмий тадқиқотларда фойдаланилиши мумкин бўлган илғор технология ҳисобланади. Қурилма нафақат лаборатория, балки дала шароитида ҳам тадқиқотлар ўтказиш имконини беради.
Лойиҳа доирасидаги ҳамкорлик ТИҚХММИ–MTUнинг илмий тадқиқот ва амалий фаолиятини кучайтиришга хизмат қилади. Ускуна ёрдамида олинган натижалар Оролбўйи минтақасидаги экологик барқарорликни таъминлаш, шўрланиш ва деградацияга қарши самарали ечимларни ишлаб чиқишда қўл келади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Абдуқодир Ҳусанов яна бир бор «Реал Мадрид»га қарши ўйнайди
- Болалар саратонига қарши кураш: халқаро ҳамкорликдаги муҳим қадам
- Ўзбекистоннинг 7 та моддий ва номоддий маданий мерос объектлари AYSESKO рўйхатига киритилди
- Суперлиганинг 2026 йилги мавсуми бошланмоқда
- Ҳар бурчагида тарих яширинган шаҳар — Лондондан фоторепортаж
- Эркаклар аёлларга нисбатан кўпроқ калория истеъмол қилиши керакми?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг