ФАО Бухоро Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институтига замонавий ускунани тақдим этди

15:58 15 Апрель 2025 Иқтисодиёт
103 0

ФАОнинг “Ўзбекистоннинг қурғоқчиликка учраган экотизимларида яйловлар ва ўрмонларни барқарор бошқариш” лойиҳаси доирасида Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти Бухоро вилояти бўлимига замонавий газ хроматографи асбоби тақдим этилди.

ФАОнинг мазкур лойиҳаси қурғоқчил ҳудудларда экотизимларнинг барқарорлигини таъминлаш, тупроқ деградациясининг олдини олиш, экотизим хизматларини яхшилаш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини хавфсизлигини ошириш мақсадларини кўзда тутади. Ўзбекистоннинг қурғоқчиликка мойил ҳудудларида агроэкологик муҳитни яхшилаш, ер ва ўрмон ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ушбу лойиҳанинг устувор йўналишларидан биридир.

Бухоро вилоятида ушбу ташаббус доирасида тақдим этилган газ хроматографи асбоби тупроқ ва ўсимлик маҳсулотларининг сифатли таҳлил қилинишини таъминлаш орқали агроэкотизимларнинг барқарорлигини оширишга хизмат қилади. Замонавий технологиялар ёрдамида аниқланган ишончли маълумотлар фермерлар, олимлар ва агроиқтисодий мутахассисларга ер ресурсларини самарали бошқаришда илмий асосланган тавсиялар бериш имконини беради.

Мазкур лаборатория ускунаси ёрдамида тупроқ таркибидаги пестицид ва гербицидлар миқдори таҳлил қилинади, ўсимлик маҳсулотларининг экологик хавфсизлиги аниқланади, тупроқ унумдорлигига кимёвий моддалар таъсири ўрганилади, экотизимларга зарар етказмайдиган агротехнологияларни ишлаб чиқишда илмий асос яратилади.

Тадбир давомида ФАО мутахассислари, Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти олимлари ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари замонавий лаборатория технологияларининг тупроқни деградациядан ҳимоя қилиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифатини оширишдаги аҳамияти ҳақида маъруза ва тақдимотлар ўтказдилар.

Тадбирда «Онгли сайёра — Тупроқни сақлаш» ҳаракатининг вакиллари ҳам иштирок этдилар. Россия ва МДҲ мамлакатлари координатори Ражагопал Сужата ва Алмагул Мамадалиева ускунани топшириш маросимида қатнашиб, барқарор қишлоқ хўжалиги учун тупроқни сақлаш ва таҳлил қилишнинг муҳимлигини таъкидладилар. Уларнинг иштироки Ўзбекистондаги халқаро тупроқни сақлаш ташаббуси ва илмий муассасалар ўртасидаги ҳамкорликнинг ўсиб бораётганини кўрсатди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?