Эзгу янгиланишлар мамлакати

01:15 28 Февраль 2018 Жамият
4540 0

Ўзбекистондаги амалий ва жадал ислоҳотлар дунё ҳамжамиятининг эътирофига сазовор бўлмоқда.
Бугун баҳорнинг илк куни. Саховатли қуёшнинг илиқ нурлари жонажон Ватанимиздан қишнинг изғиринли дамларини эритиб ташлаяпти. Қаранг, нақадар тоза ҳаво, унинг мусаффолигини фақат табиат инъоми сифатида қабул қилсак, ҳаёт ҳақиқатига уйғун, десак муболаға эмас. Чунки Ўзбекистон узра ўзгаришлар шабадаси эртанги куннинг завқ-шавқи билан ғайрат-шижоат кўрсатиб меҳнат қилишга ундайди.

Уйғониш фасли йил тақвими бўйича бугундан кирса-да, мамлакатимизда у анча аввал бошланиб, кундалик ҳаётимизнинг муҳим хусусияти сифатида қарор топгани барчага аён. Англаганингиздек, сўз Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан олиб борилаётган ва аҳамиятига кўра тарихий, деб аталган ислоҳотлар ҳақида бормоқда. Ҳаракатлар стратегияси асосида амалга оширилаётган ўзгаришларни бугун жаҳоннинг таниқли олимлари тан олди, шубҳага тўла қарашлари билан ажралиб турувчи экспертлар ҳам уларни истиқболли, дея баҳолаяпти.

Баҳор ҳамиша умид ва ишонч уйғотади

Барселона халқаро муносабатлар марказининг экспертлари эътироф этишича, Ўзбекистон Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўзига хос баҳорни бошдан кечирмоқда. Улар мамлакатимиз етакчисини дунёдаги аҳволга таъсир кўрсатишга қодир буюк шахслар рўйхатига киритишди. Президентлигининг дастлабки йилидаёқ республика раҳбари турли-туман башоратларга қарамай, давлатни янада очиқроқ қилишга интилди ҳамда бунинг натижаси кундалик ҳаётимизда намоён бўлмоқда.

Испаниянинг кўҳна “ақл маркази” экспертлари таъкидлашича, буларнинг барчаси қўшнилар билан муносабатни яхшилашга қаратилган дипломатик саъй-ҳаракатлар билан бирга, мамлакат ичкарисида ва ундан ташқарида илгари кутилмаган келажакка ишонч туйғусини шакллантираяпти.

Буюк Британиянинг “Financial Times” газетаси муаллифи яқинда эълон қилган, мамлакатимиздаги ўзгаришларга бағишланган мақоласида “Ўзбекистонда илиқлик даври бошланаяптими?” деган саволни ўртага ташлади. Унда давлатимиз раҳбарининг Виртуал қабулхонасига юз минглаб киши ўз муаммоларини ҳал этиш учун мурожаат қилгани алоҳида келтириб ўтилган. Дарҳақиқат, одамлар барча вилоятларда фаолият юритаётган Халқ қабулхоналари орқали муаммолари ҳақида очиқ айта бошладилар. Буюк британиялик муаллифнинг фикрига кўра, Шавкат Мирзиёев олиб бораётган ислоҳотларда ёшлар учун кўплаб иш ўринлари яратилаётгани ҳам ҳал қилувчи роль ўйнаяпти. Қисқаси, хорижий ҳамкасбимиз бир қатор ижобий ҳолатларни эътироф этаркан, “Ўзбекистонда илиқлик бошланаяпти”, деган хулосага келади.
Чиндан ҳам, буни, биринчи галда биз ўзимиз ҳис қилаяпмиз. Агар ўз соҳамизга тегишли фаолият тўғрисида гапирадиган бўлсак, оммавий ахборот воситалари ҳам мутлақо ўзгарди. Ахборот мажмуи тўлиғича янгиланиб, муаммолар далил ҳамда қатъият билан кўтарила бошланди, журналистик материалларда факт ва рақамларнинг аниқ ҳамда ҳаққонийлигига, одамларнинг ўй ва ташвишлари акс этишига эришилди.

Дарвоқе, кундалик турмушдаги ижобий янгиликларнинг саноғига етиб бўлмайди. Хусусан, бир неча ой ичидаёқ амалдорларнинг жойларда фуқаролар билан гаплашиш оҳанги ўзгарди, чинакамига ишлаётган валюта айирбошлаш шохобчалари, нақд пул олиш имкони бўлган банкоматлар мавжудлиги оддий ҳолатга айланди. Байрамлар муносабати билан бир нечта дам олиш кунлари берилиши фуқароларнинг айёмни кўтаринки руҳда нишонлаши учун қулайлик яратди, тантаналар расмий тадбирдан чинакам қувончу шодлик ҳукмрон халқ сайиллари шаклига кўчди. Президентимизнинг яқинда қабул қилинган Наврўз байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги қарорига мувофиқ, асрлар давомида эл-юртимизнинг орзу-интилишларини ифода этиб келаётган ушбу айём билан боғлиқ урф-одатлар, қадрияту анъаналар моҳияти ҳамда аҳамиятини ўзида мужассам этган оммавий сайиллар уюштирилади. Бу ҳам янгиланишларнинг табиий бир қисми муҳим мезонидир.

Ўзбекистонда мазкур жараён аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган бебаҳо ва нодир маданиятга асосланади. Умуман, ундан куч-қувват олади, янада улкан салоҳият касб этади. Хайр ва эзгуликка йўғрилган, инсон фаровонлигига қаратилган қадимий анъаналаримиз мураккаб даврлардан ҳам омон чиқди, энди эса мамлакат раҳбарининг саъй-ҳаракатлари билан гўзал мазмун касб этиб, дунёни ҳайратга солмоқда.

Ўзбекистон ислом фани ва маданиятининг қадимий бешиги эканлиги ҳақида Шарқ мамлакатлари бўйича америкалик мутахассис Жеймс Дурсо “The Diplomat” халқаро журналида тўлқинланиб ёзган мақоласи шу жиҳатдан бежиз эмас.

Бинобарин, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, МДҲ Динлараро кенгаши ҳамраиси шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода “Ўзбекистон ислом олами учун муҳаддислар, олиму уламолар етиштириб берган муқаддас юрт сифатида дунёда шуҳрат қозонгани унинг улуғлиги ва буюклигини яққол тасдиқлайди. Ислом дини гарчи Арабистонда қарор топган бўлса-да, у ўзбек заминидан қувват олганини дунё мусулмонлари якдил эътироф этишади, — дейди. — Ҳар гал Ўзбекистонда бўлар эканман, муқаддас заминнинг гуллаб-яшнаётганига гувоҳ бўламан. Ўзбек халқи ҳаётидаги хайрли ўзгаришларни кузатиб, мамнуният билан қайд этмоқчиманки, Шавкат Мирзиёев — Ўзбекистонни янада юксак марраларга элтувчи муносиб раҳбар. Унинг бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги етакчилик мақомини мустаҳкамловчи муҳим тарихий ўзгаришлар рўй бермоқда”.

Тарихимиз муштарак, бугунимиз дўстликда, эртамиз аҳилликда

Ўзбекистондаги шиддаткор ўзгаришлар бутун минтақадаги аҳволга ижобий таъсир кўрсатади, деган фикр кўзга кўринган халқаро ташкилотлар вакиллари томонидан тез-тез айтилмоқда. Зотан юртимиз Марказий Осиё ҳудудидаги мамлакатларнинг барчаси билан чегарадош бўлган ягона давлат эканига яна бир бор иқрор бўлиш учун харитага бир қур нигоҳ ташлаш кифоя.

Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сиёсий соҳадаги ислоҳотлари мамлакат ичкарисида ҳам, ундан ташқарида ҳам эътибор марказига айланди, деб қайд этади “Human Rights Watch”нинг Европа ва Марказий Осиё бўйича бўлинмаси директори Хью Уильямсон. Унинг фикрича, қўшни давлатлар билан илгари ҳукм сурган кескинликнинг юмшатилиши, чегарадан ўтишнинг енгиллаштирилиши, ўз навбатида, оддий одамлар ҳаётида ижобий ўзгаришлар ясади.

Шунга ўхшаш фикрни инглиз тилида чиқадиган “Georgia Today” (Грузия) нашри таҳлилчиси Димитрий Долаберидзе ҳам билдирди. У Шавкат Мирзиёевнинг Президентлик даври Ўзбекистон учун янги босқичдир, минтақавий ҳамкорлик ташкилотларига нисбатан сиёсатни ўзгартириш эса Ўзбекистонга ҳам, минтақанинг бошқа иштирокчиларига ҳам фойда келтиради, дея эътироф этди.

Сўнгги ойлар ичида қўшнилар билан яқин алоқалар қайта тикланди. Минтақадаги барча мамлакатлар сари яқинлашдик. Айниқса, тан олиш керакки, бир қадар муаммоли муносабатлар юзага келган Қирғизистон ва Тожикистон билан алоқаларда халқларимиз интиқлик билан кутган, ўзаро манфаатли, хайрихоҳ дўстлик, самимият, тарихий қардошликка асосланган янгиланишлар рўй берди. АҚШнинг “Jamestown Foundation” фонди чегараларни делимитация қилиш, ҳаво қатновлари йўлга қўйилиши, транспорт алоқасини кенгайтириш, иқтисодий ҳамкорлик Марказий Осиёнинг қўшни мамлакатлари ўртасидаги музокаралар марказида бўлганлигини алоҳида қайд этганининг сабаби ҳам шунда.

“Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги бундай соғломлаштириш жараёни минтақадаги умумий вазиятга ижобий таъсир кўрсатади”, деб ҳисоблайди Россия Ташқи ишлар вазирлиги МДҲ Учинчи департаменти директори Александр Стерник.

Айтиш жоизки, бу хайрли янгиланишларни илгари расмиятчилик туфайли беркитиб қўйилган чегаранинг ҳар икки томонида яшовчи кишилар теран ҳис қилишди. Қариндошлари, дўстлари билан кўришиш энди аввалгидай узоқ вақт ва асаббузарликни талаб этувчи мушкул вазифа эмас, балки қувончли ҳодисага айланди. Ахир бизнинг қардошлик ришталари билан боғланган, меҳмондўстлик билан ном чиқарган минтақамизда шундай бўлиши ҳам керак-да.

Халқимизга хос анъана фақат байрам ё хурсандчиликни баҳам кўришдан иборат, десак, адашган бўламиз. Аксинча, қийин вазиятда елкадош, сўз ва амалий иш билан халқларимизни жалб қилган ҳолда, муаммони биргаликда ҳал этиш ундан-да муҳим.

Афғонистон билан айнан шундай йўл тутилмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистоннинг овози хавотирли бонг каби янгради. Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш нафақат минтақавий, балки глобал хавфсизликни таъминлашнинг муҳим шарти эканлигига алоҳида эътиборни қаратди.

Мамлакатимиз Жанубдаги қўшнисининг иқтисодий жиҳатдан тикланишига, транспорт ва энергетика тузилмаси ривожланишига, миллий кадрлар тайёрлаш ишига катта ҳисса қўшмоқда. Шу ойнинг охирига мўлжалланган “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шерикчилик” мавзуидаги Афғонистон бўйича халқаро конференция ушбу масалани глобал миқёсда мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тасдиқлашича, унда қатнашиш учун Тошкентга афғон масаласига жалб қилинган ва воқеаларнинг кейинги ривожи уларга боғлиқ бўлган мамлакатлар, яъни Россия, ХХР, АҚШ, Покистон, Эрон, Ҳиндистон, Саудия Арабистони, БАА, Туркия, Марказий Осиё давлатлари, шунингдек БМТ ва Европа иттифоқи, “кўҳна қитъа”нинг Буюк Британия, Германия, Франция, Италия каби қатор мамлакатлари таклиф этилади.

“Тошкентда Ўзбекистон ҳукумати томонидан ташкил этиладиган Афғонистон бўйича конференция ўтказилади. Бу ташаббусдан мақсад —қатор халқаро шерикларни бир жойга йиғиб, афғон ҳукуматининг тинчликка эришиш йўлидаги интилишларини қўллаб-қувватлаш бўйича глобал саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш. Ўзбекистон Афғонистоннинг барқарорлигида тарихий роль ўйнайди, деб ҳисоблаймиз. Конференциянинг ўзини эса маълум маънода Ўзбекистоннинг халқаро майдонга қайтиши, деб аташ мумкин”. Хезер НАУЭРТ, АҚШ Давлат департаменти вакили.
Албатта, мамлакатимизнинг бу борада ўз ўрнига эга бўлиши табиий. Республикамиз Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, Ўзбекистон мазкур сиёсий жараённинг фаол иштирокчисига айланади. Зеро, Афғонистон билан умумий чегарамиз, тарихий ва замонавий алоқаларимиз, муносабатларимиз бор. Демак, бу муҳим жараённинг бошланишига муносиб ҳисса қўшиш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз.

Яқинда “The Wall Street Journal” газетасида чоп этилган мақолада “Афғонистоннинг тинч-осойишта йўли Тошкентдан бошланади”, деган фикр билдирилди. Унинг муаллифи Лукас Альперт замонавий Ўзбекистон афғон муаммосининг ҳал қилинишида борган сари фаол иштирок этаётгани, ҳарбий ҳаракатларга барҳам берилиши эса бутун минтақада аксилтеррор саъй-ҳаракатларнинг калити саналишига тўхталиб ўтди. Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги янги тамойилларга баҳо берар экан, журналист минтақадаги қўшнилар билан ўзаро алоқалар сезиларли даражада яхшиланганини ҳам қаламга олган. Чегаралардаги ўтиш пунктларида ишлар қайтадан йўлга қўйилгани, Тошкент ҳамда қўшни мамлакатлар пойтахтлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатновлари тиклангани, трансчегаравий савдо-сотиқнинг кенгайгани муҳим ўзгаришлар сифатида алоҳида келтирилган.

Фаровонликнинг ойдин йўли

Диёримиздаги баҳор яна қайси жиҳати билан ажралиб туради? Бу саволни хорижлик сайёҳларга берсангиз, “Мислсиз гўзаллиги билан!” дея жавоб қайтаришлари аниқ.

Дарҳақиқат, юртдошларимиз ажойиб табиат манзаралари, бетакрор меъморчилик намуналарини меҳмонларга намойиш этишдан ниҳоятда мамнун. Мамлакатимиздаги сайёҳлик фирмалари ва соҳанинг бошқа субъектлари бошланаётган мавсумни мутлақо янгича ўтказишга бел боғлаганлар. Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган қатор ҳужжатлар кенг миқёсда фаолият юритиш учун улкан имкониятлар яратди. Масалан, еттита мамлакат сайёҳлари учун виза тартиби бекор қилинди, яна қирққа яқин давлатлар фуқароларига виза расмийлаштириш жараёни енгиллаштирилди, умуман, бундан бошқа кўплаб тегишли амалий чора-тадбирлар кўрилди. Сир эмас, бутун дунёда бизнинг юртимизга бўлган қизиқиш тобора кучайиб бормоқда. Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған ва Корея Республикасининг Бош вазири ўринбосари Ким Донг Ён давлатимиз раҳбарига ҳеч қандай визасиз Ўзбекистонга бориш имкони яратилгани учун самимий миннатдорлик билдирганларида улкан эътибор, қизиқиш ва хайрихоҳлик акс этиб турибди.

Эзгу чорловимизнинг дастлабки самараси шу бўлдики, Жанубий Корея, Туркия, Япония, Индонезия, Малайзия, Сингапур ва Исроил фуқароларининг Ўзбекистонга келиш учун виза расмийлаштиришларига зарурат қолмади. Бу ҳақдаги хабарни эшитгач, исроилликлар дарҳол Тошкент йўналишидаги июнь ойигача бўлган барча авиачиптани атиги икки кун ичида сотиб олдилар. Ўзбекистон дунё сайёҳлари учун эшикларни очиб бергани хусусидаги янгилик нафақат минтақамиздаги, балки МДҲ, Осиё ва Европа мамлакатларидаги каналлар орқали тезкор равишда тарқади. “Deutsche Welle” халқаро жамоатчилик телерадиокомпанияси Ўзбекистонда туризм соҳасига устувор аҳамият қаратилаётгани тўғрисида хабар қилар экан, анчадан бери мамлакат пойтахти метросида ҳамда ҳукумат бинолари ёнида сайёҳларнинг камерага суратга олиши тақиқланганини, энди Президент қарорига мувофиқ, туристлар жамоат жойларида бирор-бир чекловларсиз суратга олишлари мумкинлигига урғу беради. Ўз навбатида, янги қарорга мувофиқ, айрим хорижий йўловчиларга Тошкент аэропортига келишлари билан 72 соат муддатга транзит визалари берилишига эътибор қаратади.
Жаҳон ҳамжамиятининг Ўзбекистонга бўлган қизиқишини кучайтиришга йўналтирилган қарорлар турли давлатларнинг оммавий ахборот воситалари мухбирлари томонидан қизғин муҳокама этилаётгани, қадимий ва ҳамиша навқирон ўлкамизнинг бутун гўзаллигини ҳис этиб, ўз таассуротларини, муносабатларини холис ҳамда ҳаққоний баён қилишаётгани, айниқса, қувончлидир.

“Кислород пайдо бўлди, нафас олиш осонлашди” — мана шундай ибораларни бир неча марта, турли одамларнинг оғзидан эшитдим, деб ёзади Россиянинг “Комсомольская правда” газетаси мухбири Г. Сапожникова. Бугунги Ўзбекистонда кўп ифода этилаётган сўзлардан яна бири — “либераллаштириш”. Президент “Бой бўлинглар!” деяпти. Банкларга халқ ичига кириб, кредитлар ажратиш вазифаси юкланди, токи, одамлар ҳовлиларида иссиқхона қуриб, даромадларини кўпайтирсинлар. Ҳаттоки, деҳқонларга бизнес-режа тузишда ёрдам берувчи мутахассислар ишлайдиган бўлимлар ташкил этилди. Мана кўрасиз: бир неча йилдан кейин бу дастур ўз натижасини намоён этади, — дея мақоласини якунлайди оммабоп газетанинг муаллифи.
Албатта, бу ва бошқа дастурларнинг самарадорлигига ҳеч кимда шубҳа йўқ. Уларнинг ҳар бири пухта ўйланган, мазмун-моҳиятида эса инсон манфаатлари мужассамдир.

Тақвим бўйича бугун баҳорнинг биринчи куни. Шунга қарамай, давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари униб чиқишга улгурди, эрта-индин мевасини ҳам бериши муқаррар. Бу эзгулик ҳамда яхшилик баракасига айланажак. Шунда ҳаётимизнинг фаровонлигидан, жонажон Ватанимизнинг тараққиётидан одамларимизнинг ҳаётдан розилиги юз-кўзларида янада теран барқ уради, уларнинг табассумларида, жилмайишларида ёрқин акс этади.

Ўткир РАҲМАТ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер