Европадаги Россия активлари мусодара қилиниши мумкин

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми Европа давлатларини Россияга тегишли активларни фақат музлатиб қўйиш билан чекланмай, уларни тўлиқ мусодара қилишга чақирди. Бу ҳақда «Deutsche Welle» нашри хабар берди.
25 февраль куни Британия парламентида чиқиш қилган Лэмми Европанинг ушбу масалада тез ҳаракат қилиши лозимлигини таъкидлади. Унинг фикрича, Россия активларини фақат музлатиш эмас, балки тўлиқ мусодара қилиш орқали Москвага нисбатан иқтисодий босимни кучайтириш мумкин.
Лэмми бу масалада ҳеч бир давлат якка ҳолда ҳаракат қила олмаслигини қайд этди ва Европа давлатларини ҳамжиҳатликда қарор қабул қилишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, Россия активларининг тақдири аллақачон «Катта еттилик» (G7) ва халқаро ҳамкорлар билан муҳокама қилинган. Британия Россияга қарши иқтисодий санкцияларни кучайтириш тарафдори бўлиб, Европа давлатлари ушбу масалада якдил позицияда бўлиши зарурлигини билдирган.
«Politico» нашрининг хабар беришича, Брюсселда Россияга тегишли музлатилган активларни тўлиқ мусодара қилиш имконияти кўриб чиқилмоқда. Бунга АҚШ ва Россия ўртасида Украина ва Европа Иттифоқи иштирокисиз тинчлик музокаралари ўтказилиши ҳақидаги хабарлар сабаб бўлган. Европа расмийлари Россия активларини «махфий қурол» сифатида баҳолаб, улардан музокараларда қўлланиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Россия активларини мусодара қилиш таклифини Латвия, Литва, Эстония, Польша, Чехия ва Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Кая Каллас қўллаб-қувватлаяпти. Шунга қарамасдан, Франция, Германия, Италия, Испания ва Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен бу таклифга қарши чиқади. Таъкидлаш керакки, бу қадам халқаро ҳуқуқ нормаларига зид бўлиши ва Европа иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Маълумотларга кўра, ҳозирда жаҳон бўйлаб Россияга тегишли 260 миллиард евро миқдоридаги активлар музлатилган. Ушбу маблағнинг 210 миллиард евродан ортиғи Европа Иттифоқи ҳудудида, АҚШда эса атиги 5 миллиард доллар эканлиги аниқланган.
2024 йил охирида Белгиядаги «Euroclear» депозитарийи ҳисобида Россияга тегишли 183 миллиард евро музлатилгани қайд этилган. 2024 йил январь ойида Европа Иттифоқи мамлакатлари Россия марказий банки активларидан тушган даромадларни Украина иқтисодиётини қайта тиклаш мақсадида ишлатишга розилик билдирган. Бу маблағларнинг бир қисми аллақачон Украинага ўтказилган ва келгусида ҳам ушбу маблағлардан фойдаланиш режалаштирилмоқда.
Европа давлатлари ва АҚШ Россия активларини қандай тақсимлаш ва улардан қандай фойдаланиш борасида аниқ қарор қабул қилиш арафасида. Европа Иттифоқи бу масалада якдил позицияга эга эмас, аммо Россияга босимни кучайтириш имкониятини сақлаб қолиш учун музлатилган активларни қандай бошқариш бўйича фаол муҳокамалар олиб бормоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Тошкентда Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг