Европа Комиссияси раҳбари Макрон билан махфий ёзишмаларда айбланмоқда

12:58 25 Сентябр 2025 Дунё
92 0

Фото: AP

Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен атрофида «яна бир можаро» авж олди. Гап шундаки, у Франция президенти Эммануэль Макрон махфий ёзишмалар ёзишиб юрган.

Венгрия парламенти депутати Кинга Галнинг ижтимоий тармоқларда маълум қилишича, Европа Омбудсмани Ляйеннинг Франция президенти Эммануэль Макрон билан Европа Иттифоқининг МЕРКОСУР (Жанубий Америка умумий бозори) билан келишувига доир махфий ёзишмалари юзасидан текширув бошлаган.

«Pfizergate» можаросида бўлгани каби, бу хабарлар ҳам йўқ бўлиб кетди. Бу ҳолат яна бир бор Еврокомиссия фаолиятида шаффофлик йўқлигини кўрсатади. Бизга махфий музокаралар ва йўқолиб бораётган хабарлар эмас, Европа Иттифоқи институтларида ҳақиқий шаффофлик керак», — дейди Гал.

Шу йилнинг май ойида Европа Иттифоқи Адлия суди Ляйен ва «Pfizer» бош директори ўртасидаги хабарларни ошкор қилишдан бош тортганини учун Европа Комиссиясига қарши қарор чиқарди. Шундан сўнг Европа суди Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйенни 2021–2023 йилларда COVID-19 вакциналарини харид қилиш бўйича шартномалар ҳақидаги маълумотларни яширганлик учун жавобгар деб топганди.

Европа Иттифоқи раҳбарига қарши айбловлар «The New York Times» газетаси томонидан илгари сурилган. Нашр вакилларининг таъкидлашича, пандемия авжида Ляйен «Pfizer» бош директори Алберт Бурла билан шахсий ёзишмаларда бўлган ва унда у Европа Иттифоқи учун 30 миллиард евродан кўпроққа вакцина сотиб олиш бўйича шартномалар шартларини муҳокама қилган. Еврокомиссия раҳбари журналистларга ушбу матнли хабарларни чоп этишга рухсат беришдан бош тортди, бу эса вакциналарни харид қилиш бўйича музокараларда шаффофлик борлигига шубҳа уйғотди.

Европа Комиссияси Ляйен ҳақиқатан ҳам матнли хабарлар орқали шартномаларни муҳокама қилганини тасдиқлади. Аммо бу хабарлар тасодифан ўчирилгани ва шунинг учун журналистлар билан бўлишиш имконини йўқлигини тушунтирди. Ўз навбатида, мутахассислар бу иш инқироз даврида соғлиқни сақлашни бошқаришда шахсий жавобгарлик ва шаффофлик чегаралари тўғрисида кенгроқ мунозарага айланиши мумкинлигини истисно қилишмади.

Олдинроқ Ляйеннинг истеъфога чиқиши ҳақида ҳам гап-сўзлар тарқаганди. Аммо унинг ўзи буни рад этди: Ляйен Германия президенти бўлиш учун ҳозирги лавозимидан воз кечиш ниятида эмаслигини айтди.

«Мен Европа Комиссияси президенти сифатидаги вазифамга тўлиқ содиқман ва бошқа мажбуриятларни ўз зиммамга олиш ниятим йўқ», — деди у.

Европанинг чап қанот кучлари Ляйенга ишончсизлик вотуми ўтказиш билан таҳдид қилмоқда. Улар Европа Иттифоқининг Ғазо сектори билан шуғулланиши ва АҚШ билан муваффақиятсиз келишувлар туфайли савдо сиёсатидан норози. Чаплар ҳозирда имзо тўпламоқда. Уларга «Яшиллар» ва «Ўнглар» қўшилиши мумкин, аммо аниқ натижа ҳозирча номаълум. Ёзда Ляйенни ва бутун Европа Комиссиясини «ағдариш»га уриниш бўлган. Аммо улар муваффақиятсизликка учради: июль ойида парламентнинг 360 аъзоси резолюцияга қарши овоз берди, 175 нафари уни қўллаб-қувватлади, 18 нафари эса бетараф қолди. Овоз бериш учун камида 361 парламент аъзоси – ҳозир бўлганларнинг учдан икки қисми қўллаб-қувватлаши керак эди.

Бундан ташқари, Германиянинг «Der Spiegel» нашри Германия канцлери Фридрих Мерц Ляйенни 2027 йилги сайловларда Германия президентлигига номзод сифатида кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?