Европа Комиссияси Президенти Украинани келажакда қўллаб-қувватлаш бўйича баёнот берди
Фото: Reuters
Европа Иттифоқи Украинани қўллаб-қувватлаш сиёсатини давом эттирмоқда. Бу ҳақда Европа Комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен маълум қилди.
“Тинчлик музокаралари давом этар экан, Европа Иттифоқи Украинани қўллаб-қувватлашда қатъий турибди. Бизнинг [Киев учун] молиялаштириш бўйича таклифларимиз кўриб чиқилмоқда. Биз Украина Президенти Владимир Зеленскийга Европа Иттифоқи ўз тамойилларига содиқ қолишини яна бир бор тасдиқладик”, — дейди Европа Комиссияси Президенти.
Фон дер Ляйеннинг сўзларига кўра, Украина “Европа Иттифоқининг биринчи мудофаа чизиғи” ва шунинг учун мамлакат хавфсизлиги узоқ муддатда кафолатланиши керак. Унинг қўшимча қилишича, шу сабабли Европа Киев учун “адолатли ва узоқ муддатли тинчликка эришиш учун барча саъй-ҳаракатларга ҳисса қўшишда давом этади”.
Аввалроқ, Германия канцлери Фридрих Мерц ва бошқа Европа етакчилари Зеленскийни АҚШ президенти Дональд Трампнинг можарони ҳал қилиш бўйича тинчлик режасига қўшилмасликка чақиргани ҳақида хабар берилган эди. Таъкидланишича, европаликлар Украина тинчлик музокаралари натижаларига қандай таъсир қилиши мумкинлиги “номаълумлигича қолмоқда”.
Ўз навбатида, АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти Европани Украинадаги вазиятни ҳал қилишдаги асосий тўсиқ сифатида кўраётганини маълум қилди.
“Украина расмийси Трамп маъмурияти Зеленскийга тезкор ҳаракат қилиш учун босим ўтказаётган бир пайтда, европаликлар эҳтиёткорлик ва сабр-тоқатни тавсия қилаётганини айтди. Бу динамика Оқ уйдаги баъзи одамларни ғазаблантирмоқда, улар европаликларни келишувга асосий тўсиқ деб билишади”, — дея ёзмоқда “Axios” портали ўз манбаларига таяниб.
АҚШ маъмурияти Трампнинг янгиланган тинчлик режасининг бир қисми сифатида Украина муҳим ҳудудий имтиёзларга рози бўлишини талаб қилмоқда. Бироқ, Киев АҚШ таклифининг айрим элементлари Москва учун жуда қулай ва Украина томонига босим ҳамда Вашингтоннинг Россияга кўрсатаётган босимига номутаносиб деб ҳисоблайди.
Киевга кўра, бу Европа иттифоқчилари билан маслаҳатлашувлар тугагунга қадар режани якунлашни тезлаштиришга уриниш бўлиб туюлади. Ўз навбатида, АҚШ расмийси бундай даъволарни рад этди ва Вашингтон Россия президенти Владимир Путинга ҳам ўз позициясини юмшатиш учун босим ўтказаётганини айтди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- Германияда ўқувчилар ҳарбий чақирувга қарши намойишга чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг