“Euronews” ижодий гуруҳи Нуротада

Навоийга йўли тушган меҳмон Нурота чашмасини зиёрат қилишни ният этади. У Марказий Осиёдаги энг серсув манба бўлиб, яқин-яқинларгача нуроталиклар бир булоқдан сув ичишарди. Минг-минг йиллар бурун шу булоқ атрофида ҳаёт, шаҳар шаклланган.
“Чашма” мажмуасида исломга қадар қурилган антик-археологик ёдгорлик — Нур қалъаси ҳам жойлашган. Шунингдек, мажмуадаги тўққизинчи асрда қурилган Чил устун, ўн олтинчи асрга тегишли Панж вақта масжидлари, сал наридаги юз-юзлаб километрга чўзилган коризлар барча-барчаси Нуротанинг аллақачон ташриф ёрлиғига айланган.
— Давлатимиз раҳбари Нуротага илк ташрифидаёқ (2016 йил) “Чашма” мажмуаси халқимизнинг бетакрор маънавий бойлиги, мамлакатимизда зиёрат сайёҳлигининг жозибадор манзилларидан бири эканлигини таъкидлаб, сайёҳлик индустриясининг бугунги талаблари асосида мижоз таъбига мос инфратузилма ҳамда сервис ва хизмат кўрсатишнинг барча қулайликларни яратиш вазифаларини белгилаган эди, — дейди туман ҳокимининг ўринбосари Шуҳрат Вафоев. — Ушбу кўрсатмалар асосида мажмуанинг атрофи тўлиқ очилиб, “Чашма” улуғворлигини таъминлаш ва сайёҳлар учун қулайлик яратиш мақсадида комплекс бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Яъни ҳудудда нозиктаъб сайёҳлар дидига мос меҳмонхоналар қурилиб, замонавий ландшафтни таъминловчи аллея, фавворалар атрофида кўшк кўринишидаги сўрилар барпо этилди. Натижада энди ушбу хиёбонга етмасданоқ “Чашма” салобат билан кўзга ташланади. Ушбу тадбирлар туфайли “Чашма” тарихий меъморий мажмуасининг мафтункорлиги янада ортиб, шаҳар аҳолисининг ҳам кўнгилдагидек дам олиш масканига айланди.
Албатта, галдаги вазифа Нуротанинг сайёҳлик салоҳияти ва имкониятларини тарғиб этишдан иборат. Шу мақсадда Европанинг энг йирик ахборот телеканалларидан бири — “Euronews” ижодий гуруҳи яқинда Нурота туманида бўлиб, ҳудуднинг туризм салоҳияти, бой тарихи ҳамда миллий ҳунармандчилик анъаналарини ёритишга қаратилган ҳужжатли фильмни суратга олди.
Тасвирга олиш жараёнлари асосан табиатнинг ноёб туҳфаси бўлган “Чашма” мажмуаси маданий мерос объектида амалга оширилди. Ижодий гуруҳда Нуротанинг нафақат тарихий меъморий обидалари, балки ёқимли табиати, қадим қадрияти, момомерос кашталари ва маҳаллий ҳунармандчилик намуналари, Айдаркўл соҳилларидаги экотуризм масканлари ҳамда ўтовли мажмуалари катта қизиқиш уйғотган бўлса ажаб эмас.
Ноанъанавий нуқталардан суратга олинган видеотасвирлар ҳудуд туризми ривожига катта туртки бериши билан бирга, ўлкамиз сайёҳлик жозибадорлигининг халқаро майдондаги тарғиботига ҳам муносиб ҳисса қўшиши шубҳасиз.
Темур ЭШБОЕВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Сардобанинг сири нимада?
- Тошкентда «Иқтисодиёт ва бизнес бошқаруви соҳаларида илғор тадқиқотлар» мавзусидаги халқаро илмий симпозиум ўтказилди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг