ЕТТБ томонидан Наманган вилоятига махсус техникалар тақдим этилди
Фото: “Халқ сўзи”
Жаҳоннинг нуфузли молиявий муассасаларидан бири – Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг мамлакатимиз иқтисодиётини мустаҳкамлаш, шаҳар ва қишлоқлар инфратузилмасини ривожлантиришдаги иштироки тобора кенгайиб бормоқда. Буни Наманган вилоятидаги ҳамкорлик алоқалари мисолида ҳам кўриш мумкин. Кеча вилоят ҳокимлигида банкнинг Марказий Осиё бўйича ҳудудий директори Жужанна Харгитай бошчилигидаги делегациясини қабул қилиш чоғида минтақага жалб этилаётган хорижий инвестициялар ҳамда ташкил этилган ҳамкорлик корхоналари, кичик бизнес ва тадбиркорликнинг Наманган вилояти иқтисодиётида тутган ўрни ва роли, маҳаллий ялпи ички маҳсулотдаги улуши, ҳудуднинг туризм салоҳияти ҳақида гап борди.
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов иштирок этган учрашувда умумий қиймати 159,7 млн. АҚШ долларини, жумладан, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг кредит маблағлари 130 млн. АҚШ долларини ташкил этувчи “Наманган вилоятида сув таъминоти ва канализация тизимларини модернизация қилиш”, “Наманган вилояти Чуст, Поп, Наманган туманлари ичимлик сув таъминотини яхшилаш ва Чуст ҳамда Мингбулоқ туманида канализация тизимларини қуриш” лойиҳалари бўйича амалга оширилаётган ишлар атрофлича муҳокама этилди.
Шу куни “Наманган сув таъминоти” масъулияти чекланган жамиятига банк иштирокидаги лойиҳалар доирасида янги махсус техника воситалари тантанали равишда топширилди.
— Авария тиклаш бригадаси учун мўлжалланган 10 та махсус автомашина, 9 та экскаватор ва 5 та компрессор механизмини қабул қилиб олдик, —дейди МЧЖ директори Илҳомжон Ширанов. – Юқори унумдорликка эга ушбу замонавий техникалар жойларда сув таъминотини яхшилаш бўйича олиб борилаётган жорий ишлар, шунингдек, истиқболли лойиҳалар ижросида сувсозларимизга қанот бўлади.
Маълумот учун, Наманган вилоятида жорий йилнинг 1 январь ҳолатига 788 та МФЙда яшовчи 2 млн 997 минг 600 нафар аҳолининг 79,6 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланган, 109,6 минг кишига сув махсус транспорт воситалари орқали етказиб берилади, 501 минг киши эса муқобил сув манбаларидан фойдаланади.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Самарқанд мактабининг янги нафаси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг