«Эътиборсизликка йўл қўйилган». Тошкентда 144 туп дарахт кесиб ташланди

13:09 27 Октябр 2025 Жамият
213 0

Фото: Daryo.uz

Пойтахтнинг Яккасарой туманида 144 туп дарахт мораторий талабларига зид равишда кесиб ташланди. Экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев ҳолатни кескин танқид қилиб, бу иш Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов нинг топшириғига асосан тунги вақтда амалга оширилганини маълум қилди.

Кушербаев оддий фуқаро экологик йўналишда ҳуқуқбузарлик қилса, жавобгарликка тортилаётганини, лекин асосий катта ҳуқуқбузарликлар, ҳокимларнинг, ўринбосарларнинг қилган қонунбузарликларига чора кўрмаётганини таъкидлаган. Шунингдек, у прокуратура органлари ҳам юқоридаги вазиятни эътиборсиз қолдираётганини ҳам танқид қилган.

Мазкур ҳолат ижтимоий тармоқларда ўринли норозилик ва кенг муҳокамаларга сабаб бўлгач, шаҳар ҳокимлиги расмий изоҳ берди.

Унда келтирилишича, Бобур кўчасида олиб борилаётган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари доирасида 83 туп пирамидасимон гужум (эликс) ва 62 мингдан ортиқ манзарали бута кўчатларини экиш ишлари доирасида, аввал ўсиб турган ўсимликлар билан боғлиқ ишларни бажаришда эътиборсизликка йўл қўйилган.

«Бу ерда 145 тупга яқин арча бўлиб, мутахассисларнинг хулосасига кўра, уларнинг катта қисми касалликка чалиниб, аста-секин қуриб бораётган эди», дейилади ҳокимлик хабарида.

Қўшимча қилинишича, дарахтларни дастлаб эҳтиёткорлик билан кўчириб ўтказиш режалаштирилган бўлсада, масъул шахслар белгиланган талабларга риоя қилмаган. Шу боис ушбу ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилиб, натижасига кўра тегишли чоралар кўрилади.

«Тошкент шаҳар ҳокимлиги барча ишлар қулай, хавфсиз ва экологик барқарор шаҳар муҳитини яратишга қаратилганини таъкидлаб, уни асраб-авайлаш масаласига эътибор қаратганлари учун шаҳар аҳолисига ўз миннатдорчилигини билдиради» деб ёзади ҳокимлик матбуот хизмати.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер