Эътиборсизлик бадали
Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Салкам 75 ёшли отахон ўғли истиқомат қилаётган қишлоқ кўчасидан ўтаётганда невараси ўртоқлари билан копток тепиб турганди. Орадан чамаси икки соат ўтгач, қўл телефонига маҳалла фуқаролар йиғинидан қўнғироқ бўлди. Кейин зудлик билан қишлоқ чеккасидаги сув ҳавзасига етиб келишини сўрашди.
Отахон қишлоқдагилар «балиқхона» деб атайдиган овлоқ жойдаги ҳовузга яқинлашаркан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари, фавқулодда вазиятлар бошқармаси ғаввосларига дуч келди. Ҳовуз бўйида сувдан олиб чиқилган икки боланинг жасади ётарди. Улардан бири невараси эканини кўрган отахоннинг не кўйга тушганини тасвирлашга сўз ожиз…
Маълум бўлишича, болалар копток тепиб ҳоригач, атрофи кимсасиз сунъий ҳовузда чўмилгани борган. Отахоннинг невараси билан шериги шўнғиган кўйи сув юзасига чиқмаган. Қамишу ўт-ўланлар чириб ҳовузнинг ости балчиққа айлангани, бу ерга чўмилган киши омон қолиши гумонлигини улар хаёлига ҳам келтирмаган. Чўккан болаларнинг шериклари қўрқувга тушиб, одамларни чақирган. Аммо ёрдам етиб келганда, кеч бўлганди.
— Мактабда «аъло» баҳоларда ўқирди. Таътил бўлишига қарамай хусусий ўқув марказига қатнаб билимларини мустаҳкамлаётганди, — дейди отахон. — Кўчада ўртоқлари билан футбол ўйнаётганида «Энди, бас, ҳаво кундай қизияпти, дамларингни олинглар» демаганим мен учун армон бўлиб қолди…
Сир эмас, ёзнинг жазирама иссиғида ёшлар, айниқса, болалар мириқиб, яйраб чўмилишни хоҳлашади. Аммо дуч келган ариқ, сой, канал, ҳовузда чўмилиш хатарли эканини ўйлаб ҳам кўришмайди. Ваҳоланки, донолар билиб айтишган: бошдан ошса сув ўтдан ҳам баттардир.
— Вилоятимизда Вазирлар Маҳкамасининг пляж зоналарида дам олувчиларнинг хавфсизлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорига кўра, битта очиқ, ўн бешдан зиёд ёпиқ сув ҳавзасида ёз мавсумида чўмилиш учун барча шароитлар яратилган, — дейди вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи, подполковник О. Мирзаев. — Афсуски, одамлар бу ҳақда ўйлаб кўрмайди. Улар орасида қўриқланмайдиган ва рухсат этилмаган жойларда чўмиладиганларни кўп учратамиз. Ходимларимиз томонидан ёз мавсуми давомида канал ва сув ҳавзалари назоратга олинган. Уларда 500 тадан зиёд «Чўмилиш таъқиқланади!» белгилари ўрнатилган. Аммо шунга қарамасдан айни кунларда ҳам фуқароларнинг белгиланмаган сув иншоотларида чўмилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Статистик маълумотларга қараганда, биргина 2023 йилда қирқ нафар киши сувга чўкиш оқибатида вафот этган. Улар орасида болалар ҳам бор.
Ёш болалар билан рўй бераётган бу каби нохуш воқеаларга кўп ҳолда оиладаги эътиборсизлик, ота-оналарнинг назоратни унутиб қўйишгани сабаб бўляпти. Улар мослашмаган, сув оқими тез бўлган, остида нима борлиги номаълум ҳавзаларда чўмилиш мумкин эмаслигини фарзандлари онгу шуурларига сингдириши керак. Таълим муассасалари, маҳалла фаоллари ҳам ёшларимиз ўртасида тушунтириш – ташвиқот ишларини олиб боришлари зарур. Ҳар бир ота-она ўз фарзандига сувда сузишни ўргатиши фойдадан холи эмас.
Ғиждувон туманидаги қишлоқлардан бирида рўй берган, биз юқорида тўхталган мудҳиш воқеага келсак, у ўз боласини назоратсиз қолдирган, фалокат оёқ остида, деган оддий ҳақиқатни унутган ота-оналар учун аччиқ сабоқдир.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи рўйхатни тузиш тартиби белгиланди
- Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Самарқанд мактабининг янги нафаси
- Иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди
- Ламин Ямал «Барселона»ни тарк этиши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг