Эътибордан четда қолган уй-музейлар

15:39 03 Апрель 2025 Жамият
91 0

Кўча тўлдириб ўйнаётган болаларга ҳайвонот боғи ёки бирор музейга бориш имкони берилса, неча нафари иккинчисини танлайди? Топган маблағларимиздан озгинасини эҳсон учун ажратаётганимизда ақалли бир марта ҳудудимиздаги бирор музейнинг таъмирига кўмак бериш хаёлимизга келганми?

Наманган туманининг Шўрқўрғон қишлоғида болалар шоираси Тўхтахон ая Раҳимова ўн йиллар олдин «Истиқлол» музейини ташкил қилганди. Бир пайтлар бу музей катталарни ҳам, болаларни ҳам хурсанд қилган. Мингдан зиёд экспонатларни кўриш учун мактаб, коллеж ва олий ўқув юртлари ўқувчи-талабалари келган. Нуфузли маънавий-маърифий, адабий тадбирлар ўтказилиши натижасида номи ҳам тилга тушиб улгурган. Педагог адиба хонадонидаги музей экспонатлари кўпайиб кетгач, алоҳида жой сўраб маҳаллий ҳокимиятга мурожаат қилади. Орада бир муддат ташландиқ бинодан жой ажратилади. Кўп ўтмай икки қаватли бу бино қишлоқ оилавий поликлиникасига берилгач, онахон музейдаги экспонат ва бошқа жиҳозларни яна хонадонига олиб келади. Саксон уч ёшли онахон музейга ажратилган бинони таъмирлатиш учун 30-40 миллион сўм маблағига куйиб қолганидан эмас, экспонатларини кенгроқ тарғиб қилишнинг имконияти бўлмаётганидан хавотирда.

Чортоқ туманидаги Короскон қишлоғида филология фанлари номзоди Маҳмуджон Маъмуров, Пешқўрғонда фольклоршунос Оташ Холмирзаев, Янгиқўрғонлик шоир ва мураббий Робиддин Исъҳоқов уй-музейларида ҳам катта миқдордаги қимматли экспонатлар бор. Ёшлар таълим-тарбияси учун муҳим бўлган бу музейларга шунча йилдан бери нега маҳаллий ҳокимият ёки тегишли идоралар эътибор қаратмаган? Ҳалигача расман рўйхатга олингани ҳам йўқ. Мутасаддилар мазкур музейлар шу пайтгача ташкилотчиларнинг фарзандлари, неваралари, шогирдлари тарафидан имкон даражасида молиялаштирилиб келаётганидан ҳам бехабар.

Аслида бу уй-музейлар фарзандларимизнинг маънан бойиши ва юксак мақсадлар билан яшаши учун керак. Гоҳида бир кўчада ўнлаб дорихоналар, савдо марказлари қурилаётганининг гувоҳи бўламиз. Бунинг ёмон томони йўқ, албатта, аммо бирорта газета дўконини учратмайсиз. Нима, бизга кийим-бош, дори-дармонлар қаторида маърифат керак эмасми? Ҳеч бўлмаса, уй-музейларига мутасадди ташкилотлар эътибор бериши керак. Булар нафақат маҳаллий бюджет, балки тадбиркорлар томонидан қўллаб-қувватланганида, ҳозир ходимлар ҳам қўним топиб ишлаётган бўларди. Мамлакатимизда ички туризм ривожланиб бораётган бир пайтда бундай зиё масканларига алоҳида эътибор зарур. Аммо бу музейлар ҳалигача кимнингдир «хобби»сидек ўз ҳолига ташлаб қўйилган.

Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 22 декабрдаги Маънавият ва маърифат Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Абдулла Қодирий уй-музейини ташкил этиш ҳақидаги фикрларини эшитиб, маънавият фидойилари қаторида севингандик. Табаррук ёшда ноёб экспонатларни тўплаб, музей ташкил этган Тўхтахон ая сингари миллатимиз фидойилари кўп. Ёшлар бўш вақтида интернет клублари ёки фақат қўл телефонига ёпишиб қолмасдан уй-музейларига келса, ноёб экспонатлар тарихи билан танишса, илм-фанга, тарихга, адабиётга меҳри ортади. Қачондир кимгадир юртимиз тарихи, адабиёт ва санъатнинг нодир жавоҳирларини тақдим этган уй-музейлари кўз ўнгимизда қаровсизликдан нураб бормоқда. Албатта, бунга миллатимиз зиёлилари ва саховатпеша тадбиркорлар эътибор қаратишига ишонамиз.

Жаҳонгир ТЎХТАСИНОВ,

журналист.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?